Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:35

Ўшда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги вазият муҳокама қилинди


Қирғиз чегарачиси.
Қирғиз чегарачиси.

Наманганда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги 10 кунлик йиғилиши ўтаётган бир пайтда, икки давлат ўртасидаги чегара муаммолари Ўшда қирғиз парламенти депутатлари томонидан муҳокама қилинди.

Парламентдаги “Қирғизистон” фракциясининг Ўшда ўтган кўчма мажлисида ҳукумат расмийлари Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги ҳал қилиниши мураккаб бўлиб қолаётган баҳсли ҳудудлар масаласига эътибор қаратди.

-Ҳукуматлараро комиссия ҳали келишиб улгурмаган 58та баҳсли ҳудуд бор. Масалан, Қорасув туманида тўртта ҳудуду бор. Булар Шархонсой канали, Кампиробод сув омбори, Қоровултепа ва Барак участкаларидир. Аравон туманидаги учта баҳсли ҳудуд орасида Каркидон сув омбори мавжуд, - деди Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш бўйича мутахасиси Азамат Калматов.

Ўзбекистон ўтган йили сув билан боғлиқ объектларнинг ўзига тегишли экани тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд эканини билдирган. Тошкент, айниқса, “Косонсой” ва “Кампиробод” сув омборлари Ўзбекистонга тегишли эканини, бу объектлар тўлиғича Тошкент ихтиёрига ўтказилиши шартлигини талаб қилиб келади. “Косонсой” ва “Кампиробод” сув омборлари Фарғона водийсидаги экин майдонларини сув билан таъминловчи асосий заҳира ҳисобланади.

Бишкек расмийлари эса бу объектлар жойлашган ҳудудлар Қирғизистон ерлари ҳисобланишини айтиб келади.

Қирғизстон парламенти депутати Куваничбек Нурматов Ўшдаги йиғилишда ҳукуматдан айни шу масалада қатъий туриш талаб қилинганини айтди.

-Кампиробод сув омбори қурилганида келишувга биноан Ўзбекистон Қирғизистонга сув омбори учун олинган ер эвазига бошқа жойдан 420 гектар ер бериши керак эди. Бироқ бу мажбурият бажарилмади. Бунинг устига Ўзбекистон сувнинг Қирғизистон томонидаги қисмини тўсиб қўйишибди. Бугунги кунда Ўзбекистонда чегараларни аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Мана шу йиғилишда биринчи навбатда мана шу масалар муҳокама қилиниши шартлигини таъкидладик, - деди депутат.

Ўшдаги йиғилишда чегара олди ҳудудида яшовчи аҳоли вакиллари ҳам иштирок этди. Уларнинг айтишларича, Ўзбекистон - Қирғизистон чегарасидаги баҳсли ҳудудлар шу кунгача аниқланмагани ортидан икки давлат аҳолиси ўртасида сув масаласида катта муаммолар пайдо бўлмоқда.

-Масалан, Новқатда Керимберди канали бор. Бу каналнинг деярли 3 километри Ўзбекистон ҳудудида қолиб кетаяпти. Ўзбекистон томонидан канал тўсиб олинган. Бу чегара ҳудуди 2006 йилда аниқланиб, демаркация ва делимитация ҳужжати имзоланган. Аммо шу кунгача ҳужжат кучга кирмай, одамларимиз сувсизликдан азоб тортмоқда, -деди Мунасидин Аскаров.

Авваллари чегаралардаги ноаниқликлар туфайли Ўзбекистоннинг Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Қадамжой туманлари аҳолиси ўртасида бир неча маротаба сув жанжжаллари бўлиб ўтган эди. Масалан, Ўзбекистоннинг Чашма ва Қирғизистоннинг Бирлик қишлоқлари ўртасидаги сув жанжали уч йил давом этган.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Бу ҳудуднинг 300 километрдан кўпроғи шу кунгача аниқланмай қолинмоқда.

Наманганда 10 апрель куни бошланиб 20 апрелда якунланадиган ҳукуматлараро комиссия йиғилишида баҳсли ҳудудлар масаласи ҳам муҳокама қилиниши айтилган.

XS
SM
MD
LG