Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:26

Умида Солиҳ: Онам ҳақ деб билган ягона йўл Ягона Ҳаққа йўл эди


Ойдин Солиҳ қизи Умида билан (оила архивидан олинган сурат).
Ойдин Солиҳ қизи Умида билан (оила архивидан олинган сурат).

Яқинда Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ҳакима Ойдин Солиҳнинг “Ҳақиқий тиббиёт (Йўқотилган шифо изидан)” китоби рус тилида босмадан чиқди. Ойдин Солиҳ 1943 йили Луганскда туғилган. Отаси поляк, онаси эса украин миллатига мансуб эди. Ўзбек шоири ва сиёсатчиси Муҳаммад Солиҳга (у Ўзбекистоннинг мутаваффо президенти Ислом Каримовнинг асосий рақиби бўлган) турмушга чиққанидан кейин Ойдин хоним Ислом динини қабул қилган.

Ойдин Солиҳ биолог олима, юқори малакали шифокор бўлган. У узоқ йиллар муқобил тиббиёт соҳасида тадқиқотлар олиб борган. Ҳакиманинг “Ҳақиқий тиббиёт (Йўқотилган шифо изидан)” китоби даставвал турк тилида Истанбулда нашр қилинган. Бу асар қисқа вақт ичида бестселлерга айланди, китоб қайта-қайта чоп этилиб, дунёдаги бошқа тилларга таржима қилинмоқда. Ойдин хоним ҳузурига келган беморлар орасида жаҳоннинг турли мамлакатларидан келган таниқли сиёсатчилар ва жамоат арбобларини учратиш мумкин эди.

“Ҳақиқий тиббиёт”нинг оригиналлиги нимада эди?” деган саволга қисқа қилиб шундай жавоб бериш мумкин: Ойдин Солиҳнинг китоби инсон сиҳатига оид илмнинг уч йўналиши бирлашмаси, синтезидир. Булар – 1. Тибби набавий (Пайғамбарлар тибби); 2. Ибн Сино тибби; 3. Халқ табобати.

Китобда муаллиф тибб илмини очиқ-ошкор, яширмай-нетмай Ислом дини, Яратганнинг қонунлари билан боғлаган, Ибн Сино ва халқ табобатининг ҳам фақат Қуръони карим ва Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларига мувофиқ келган нуқталарини топиб, уларни уйғунлаштирган. Қуръони каримни ўрганишга чуқур киришиш ортидан Ойдин Солиҳга муҳим кашфлар юз очди. Дейлик, генетикани бундан 1400 йил аввал Қуръони каримда зикр этилган бир илм эканини яқин-яқингача ҳеч ким билган эмас.

"Бугунги ихтиролар фонида 14 аср аввал Аллоҳу Таoло тарафидан индирилган Қуръони Каримнинг азамати инсонни ҳайратга солади. Биологиядан хабарим бўлмасайди, балки бу муқаддас Китобнинг ҳар сатри бир мўъжизадан иборат эканлигини кўраолмасдим. "Нисо" сураси 119-120-оятларида берилган билги ўша мўъжизалардан бири эканлигини кўришни насиб этди.

Бу оятлар қаршисида худди икки денгиз сувининг бир-бирига қоришмай турганини кашф қилган, сўнгра бунинг 14 аср аввал мусулмонларнинг муқаддас Китобида айтилганини кўриб, боши саждага келган капитан Кусто каби лол қотдим: "(Шайтон), Уларни йўлдан ураман, беҳуда гумон ва хомхаёлларга мубтало қиламан, уларга ҳайвонларнинг қулоқларини ёришни, Аллоҳнинг яратганларини ўзгартиришни буюраман, (деди). Ким Аллоҳни ташлаб, шайтонни дўст тутса, албатта муқаррар зиён кўради. (Шайтон) уларга ваъдалар беради, хомхаёлларга мубтало қилади. Ҳолбуки, шайтоннинг ваъдалари алдовдан бошқа нарса эмас". ("Нисо" сураси 119-120).

Бу оятларда GMO, ген муҳандислиги ва мазкур ваъдаларга оид батафсил ва аниқ маълумот берилган. Оятдаги “Ҳайвонларнинг қулоқларини ёрадилар”, ибораси нимани англатиши бугун равшан кўрилмоқда: генетик изланишлар ва мутацияларни кузатиш учун ўтказилган тадқиқотлар учун зарур бўлган тўқима ҳайвонларнинг қулоқларини ёриб ёки игна билан сўриб олинмоқда. Чунки ҳайвонларнинг бутун вужуди қиллар, туклар ёки юнг билан қoпланган. Фақатгина қулоқларининг ичи очиқ, тадқиқот ишларини ўтказиш учун қулай.

Ҳа, Қуръон оятларига кўра, трансген технологияси шайтоний хусусиятга эга", деб ёзган эди Ойдин Солиҳ ўзининг "Ҳақиқий тиббиёт" китобида.

“Тасдиқловчи оят ва ҳадис тополмасам, кашфни қўлламадим”, деганди яна Ойдин хоним Би-Би-Сига берган интервьюларидан бирида.

1993 йили расмийлар таъқиб-тазйиғи туфайли Солиҳ оиласи Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди.

Муҳаммад ва Ойдин Солиҳларнинг ягона қизи Умида Солиҳ Озодликка берган суҳбатида онаси, “Ҳақиқий тиббиёт (Йўқотилган шифо изидан)” китобининг пайдо бўлиш тарихи, Ойдин Солиҳнинг Тошкентдаги ва муҳожиротдаги ҳаётидан баҳс этади.

Китобнинг таълиф этилиш тарихи

Озодлик: Умидахон, яқинда Ойдин Солиҳнинг “Ҳақиқий тиббиёт (Йўқотилган шифо изидан)” китобини рус тилида босмадан чиқди. Китоб аввалида ойингиз унинг тартибга келтирилишида бевосита иштирок этган кишиларга миннатдорчилик билдиради ва улар орасида Сизнинг исмингизни ҳам келтиради. Бу китобнинг пайдо бўлишида сизнинг иштирокингиз нимадан иборат бўлган?

Умида Солиҳ: Даставвал мен ойимга таржимон ўлароқ ёрдам бера бошладим. Ойим матнларни рус тилида ёзарди, у туркча гапира олса-да, бу тилда ёзолмасди. Шунинг учун мен унинг барча мақола ва материалларини турк тилига таржима қилганман. Яъни, аввал-бошда ишни таржимон ўлароқ бошлаганман, кейин эса ойимга маълумотлар тўплашда кўмаклашганман, бирга фактларни муҳокама қилардик, хулосаларни ёзардик. Аммо асосий ишим таржимонлик бўлган.

Ойдин Солиҳнинг рус тилида чиққан “Ҳақиқий тиббиёт (Йўқотилган шифо изидан)” китоби.
Ойдин Солиҳнинг рус тилида чиққан “Ҳақиқий тиббиёт (Йўқотилган шифо изидан)” китоби.

Озодлик: Китоб таълиф этиш ғояси қаердан пайдо бўлди? Аввалроқ мен Ойдин Солиҳ одамларни даволаб юргани, кунларнинг бирида кимдир унга: “Ойдин хоним, даволаш усулингиз ҳақида китоб ёзсангиз бўлмайдими?” деганини эшитгандим.

Умида Солиҳ: Ойимнинг кўплаб шогирдлари, Туркиянинг барча шаҳарларидан келган беморлари бор эди. Табиийки, барча маълумотни у оғзаки тарзда – йиғинларда, маърузаларда одамларга етказишига тўғри келарди. Ойим бирор мавзуда гапира бошласа, шогирдлари ва беморлари бу гапларни ёзиб олардилар. Вақт ўтиши билан улар бу ёзувлардан нусха кўчириб, бир-бирларига тарқата бошладилар. Ойим анчадан бери китоб ёзиш ҳақида ўйлаб юрарди. Аммо бу ғоя Туркияда одамлар унинг ўгитлари битилган саҳифаларни сота бошлаганидан кейин пишиб етилди ва ойим китоб ёзишга қарор қилди.

Озодлик: Ойдин хонимнинг илк китоби турк тилида босилди, шунақами?

Умида Солиҳ: Ҳа. Бу, адашмасам, 2005-2006 йиллар эди, ўша пайтларда у Туркияда яшарди. Айнан ўша пайтда у турк тилидаги китоб устида ишлай бошлаган.

Характеридаги асосий хусусият: ҳеч қачон ҳеч нарсадан шикоят қилмаслик

Озодлик: Отангиз - мухолиф қарашдаги сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий фаолияти туфайли оилангиз ҳаётининг катта қисми муҳожиротда кечди. Китоб ҳижратда ёзилди. Табиийки, бундай шароитда одам катта қийинчиликларга дуч келади. Бунақа пайтларда ойингиз ўзларини қанақа тутардилар? Ҳеч тақдиридан нолиганмилар?

Умида Солиҳ: Биласизми, ойимнинг хислатларидан энг кўп эслайдиганим шу – умри мобайнида унинг бирор марта бўлсин бир нарсадан шикоят қилганини хотирлаёлмайман. У умрининг ҳар онидан рози эди. Гарчи, биласиз, унинг ҳаёти оғир бўлган. Аммо мен қизи ўлароқ унинг ўз тақдиридан шикоят қилганини ҳечам эслолмайман. Фақат бир воқеани эслайман, бу 2004 йил баҳорида бўлганди. Ойим отам билан Германияда яшарди, мен эса Туркияда эдим. Ўшанда уларнинг зиёратига бордим. Борганимда жуда ҳайрон қолдим. Улар ярми бузилган эски немис уйининг иккинчи қаватида яшаётган эканлар. У ерда чоғроқ икки хона бор эди, аммо ичкариси илиқ ва шинам эди. Ойим қаерга бормасин, ҳамма жойни саранжом-саришта қилиб, қулай шароит яратиб олишга ҳаракат қиларди. Аммо ўша ердаги бир ҳолатни унутолмайман – ошхонага кириб, жавонни очсам, бор-йўғи тўртта ликоп, тўртта финжон, тўрттадан қошиқ ва санчқи турибди. Ажабланиб, “Ойи, нега тўрттагина ликоп билансизлар?” деб сўрадим. Ойим юзимга меҳр билан қараб: “Биби (у мени “Биби” деб чақирарди), биласанми, мен жуда чарчадим. Муттасил кўчиб юришдан чарчадим. Бир ерга келиб, эндигина кўникиб, ҳамма нарсани жойлаб турсанг, яна ҳамма нарсани ташлаб кетишга тўғри келади, шунинг учун мен навбатдаги кўчишни кутиб, ҳеч нарса харид қилмай қўйдим”, деди. Бу менинг хотирамда қолган ягона воқеа. Ўшанда ҳам у шикоят қилмаганди, шунчаки чарчаганини айтганди. Ўлимидан бир йил олдин унинг ҳамма нарсаси бор эди: уйи, атиргуллар тўла гўзал боғи (ойим атиргулларни жуда яхши кўрарди ва ўз қўли билан ўтқазганди), оиласи, набиралари. Ойим касал бўлиб ётганларида, ичимда: “Ниҳоят ойим орзу қилган нарсаларнинг ҳаммаси бор, шундай бир пайтда кетишига тўғри келяпти”, деб ўйладим. Ўшанда ҳам у бирор марта бўлсин тақдиридан нолиган эмас. У ял-ял ёниб ётган кўйи “Ҳақиқий мусулмон аёллардай ўлим топсам, нақадар гўзал бўларди”, дея орзу қиларди.

Ойдин Солиҳ.
Ойдин Солиҳ.

Озодлик: Оилангиз Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганидан кейин ойингиз қанча йил ҳижратда яшадилар?

Умида Солиҳ: Биз 1993 йили кетдик. У 21 йил муҳожиротда яшади.

Озодлик: Ойингиз айнан Туркияда неча йил хотиржам яшай олдилар?

Умида Солиҳ: Ота-онам Туркияга 2005 йили қайтишди, ўшандан бери отам шу мамлакатда яшаяптилар. Ойим бу ерда бор-йўғи 10 йил хотиржам яшай олдилар.

Ҳаётдаги асосий вазифа

Озодлик: Умидахон, ҳозир Сиз Германияда ота-онангиз яшаган яримта уй ҳақида гапириб бердингиз. Одамлар баъзан сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг пули кўп, деб гапиришарди. Ота-онангизнинг Туркияда тушган суратларини кўрган кишиларнинг кўпи “Ойдин Солиҳ доим тўкин-сочинликда яшаган”, деб ўйлаган. Аслида ҳам шундаймиди?

Умида Солиҳ: Охирги ўн йил Туркияда ойим ғайрат билан ишлади. Умрининг сўнгида у пул топди. Ниҳоят у қандай хоҳласа, шундай яшай оларди. Аммо тўкин-сочин турмуш учун пули етарли бўлган пайтда ҳам ойим дабдабали ҳаёт кечирган эмас. Шогирдларининг ҳаммаси уни шу ҳолда эслайди. У битта кийимни кийиб юраверарди, бир вақтнинг ўзида беш сидра либоси ҳеч қачон бўлган эмас. Иккита, нари борса учта бўлиши мумкин эди. Унинг машҳур фирмага оид битта кичкинагина жигарранг сумкачаси бўларди, мен уни 1997 йили ўзим учун сотиб олган, кейин эса ойимга совға қилгандим. Ойим умрининг охиригача шу эскириб кетган сумкачани тутиб юрди. Бир куни шогирдлари: “Ойдин хоним, келинг, биз буни устага бериб келайлик”, дейишиб, таъмирлатиб келишибди. У узун йиллар шу сумкани кўтариб юрди ва бошқа сумка сотиб олмади. Умрининг охирида етарли сармояга эга бўлган пайтда унга: “Ойи, дўконга бориб, Сизга худди шунақа, аммо янги сумка олайлик”, дедим. Ўша пайтда у ҳолсизланиб қолганди. Менга қараб, “Бибиша, нима кераги бор? Менга шунинг ўзи ҳам етади”, деди. Шу билан оламдан ўтиб кетди. Ойим шунақа одам эдики, айтиб, адоғига етолмайман.

Озодлик: Тошкентда яшаган пайтларида ҳам ойингиз шунақа эдиларми?

Умида Солиҳ: Ҳа, у доим шундай эди. Ойим ҳар доим жуда камтар инсон бўлган. Аммо Тошкентда унинг бошқа ташвишлари бор эди. Ойим доим оқила бўлган, аммо унинг бу ердаги миссияси бошқа эди. Биз ҳеч қачон асъасаю дабдаба билан ҳаёт кечирмаганмиз. Ота-онам қариганларида осуда ва яхши турмуш кечира бошлагандирлар, бироқ оиламиз, баъзи одамлар айтганларидек, ҳеч қачон бой-бадавлат яшаган эмас. Айтиш лозимки, ойим жуда кўп ишларди. Сўнгги ўн йил мобайнида у уйдан эрталаб соат 8 да чиқиб кетиб, оқшомги соат 7 да қайтарди. У 70 га кириб қолганди. Отам баъзан: “У ҳали ҳам ишлаяпти, у ёқдан-бу ёққа чопиб юрибди, қачонгача шунақа қилади, ахир ҳориб-чарчайди-ку”, дея шикоят қилиб қоларди. Бир куни у менинг олдимга қаҳва ичгани келганида, мен: “Ойи, нега бунақа кўп ишлаяпсиз? Ахир ёшингиз улуғ бўлиб қолди. Озроқ дам олишингиз керак-ку”, дедим. Ўша пайтдаёқ у ҳолсизлана бошлаганди, дам олиши керак эди. Ўшанда ойим менга: “Ишласам, ўзимни яхши сезаман. Одамларга ёрдам бераётган пайтимда ўзимни тўлақонли одамдек ҳис қиламан. Мен қилаётган иш бутун ҳаётимдаги асосий вазифамдир”, деганди. Ойим охирги кучи қолгунча ишлади.

Ойдин Солиҳ қизи Умида ва набиралари билан.
Ойдин Солиҳ қизи Умида ва набиралари билан.

Озодлик: Умидахон, “Ҳақиқий тиббиёт (Йўқотилган шифо изидан)” китоби кейинчалик ўзбек тилига таржима қилинди. Ўзбекистонликларнинг кўпи бу китоб билан қизиқиб қолишди, кўпчилик китоб билан хорижда танишди, аммо яна кўпчилик уни Ўзбекистонга олиб киришга қўрқарди, айримлар яшириб олиб кириб кетишди. Бунинг сабаби отангизнинг сиёсий фаолияти билан боғлиқ. Айтингчи, бу ҳол Ойдин хонимга қандай таъсир қилган. Ўзбекистондаги сиёсий режим туфайли одамлар унинг сиёсатга мутлақо алоқаси бўлмаган китоби билан танишолмаётганидан ойингиз ҳеч изтиробга тушганмилар?

Умида Солиҳ: Ойим жуда диндор аёл бўлганлар. Бунақа ҳолатларни ўта босиқли, хотиржамлик билан қабул қилардилар. У Оллоҳнинг иродасига ва тақдирга астойдил ишонарди. У ўз китоби мамлакатимизга, Парвардигор қачон истаса, айнан ўша пайтда кириб боришига шубҳа қилмасди. Яъни, у бу ҳақда ҳеч қачон қайғурган эмас. Нимадандир хафа бўлиш ёки нимадандир қаттиқ изтиробга тушиш унинг хаёлига ҳам келмасди. Қизи сифатида ойим энг кўп ўз фарзандлари – мен ва укам Темур учун ташвиш чекарди, деб ўйлайман.

Китобга қарши чиққанлар

Озодлик: Туркияда “Ҳақиқий тиббиёт” китоби қандай кутиб олинди?

Умида Солиҳ: Китоб чиқмасидан аввал ҳам бу ерда ойимнинг мухлислари кўп эди. Ойим олдин ҳам табиб сифатида машҳур эдилар. Табиийки, ихлосмандларнинг бу китобдан бошлари кўкка етган. Аммо, биласизми, исломий тиббиётга ва умуман Исломга шубҳа билан қарайдиганлар ҳам кам эмас. Нафсиламрини айтганда, бу китоб қарийб бутунлигича Ислом ҳақида, яъни мусулмон одамнинг турмуш тарзи ҳақида-ку. Ўз китобида ойим ҳақиқий мусулмон қандай ҳаёт кечириши лозимлигини баён этган. Шу билан бирга, бу китоб саломатлик ҳақида ҳамдир. Бу китоб қандай яшаш ва қай йўсинда соғлом бўлиш, бунинг мусулмон киши учун нақадар муҳимлиги ва у ўз соғлиғи учун не қадар масъул экани ҳақидадир. Аммо Туркияда ҳам бу китобга қарши чиққан одамлар кўп бўлди. Биринчи навбатда, у Ислом динини асос олгани учун, иккинчидан, замонавий медицинага қарши бўлгани учун.

Озодлик: Туркияда бу китобга шифокорлар қарши чиқдими?

Умида Солиҳ: Шифокорлар қаттиқ қаршилик кўрсатди, деб айтолмайман. Ўша пайтда бу кенг кўламда ёйилган эмасди. Ҳозир эса Туркияда муқобил тиббиёт аввалда бўлгани каби биқиқ-бўғиқ ҳолатда эмас. Бу китобга қарши қатъий норозилик бўлганини эслолмайман. Аммо китобда ёзилганлар замонавий тиббиётга оид тушунчаларга тамоман зид келарди.

Исломга дохил бўлиш

Озодлик: “Ҳақиқий тиббиёт (Йўқотилган шифо изидан)” китобида Ойдин Солиҳ баъзи хасталикларни даволаш усулини Тошкентда яшаган пайтидаёқ кашф этгани ҳақида ёзганлар. Масалан, у киши айрим касалликларни даволашда буғдой нишларининг фойдаси ҳақида баён қиладилар. Ойингиз Ўзбекистонни тез-тез эслаб турармидилар? Бу мамлакат ҳақида эслаганларида, нималарни гапирардилар? Ўзбекистон у киши учун ватанмиди ёки шунчаки ҳаётининг бир даври ўтган бир мамлакатмиди?

Умида Солиҳ: Ўзбекистонда ҳаётимиз, айниқса, сўнгги йилларимиз қандай кечгани ўзингизга маълум. Аввало, ойим Ўзбекистонни жуда яхши кўрарди. Биз ватанимизни тез-тез эслаб турардик, тоғларга қилган сайру саёҳатларимизни эслардик. Ойим тоққа чиқиб, доривор гиёҳ теришни жуда севарди. Умуман олганда, Ўзбекистонни у доим илиқ таассурот билан эсларди. Аммо ойим учун энг унутилмаси - у ерда таниган илк мусулмонлардир. Бу бир ўзбек оиласи эди. Ёз кунларининг бирида отам мен ва укам Темурни Қуръони каримни ўрганишимиз учун уларнинг ёнига юборди. Биз уларнинг уйида 2-3 ойча яшадик. Аввал-бошда бу мен учун ҳақиқий азоб-уқубат бўлиб кўринди. Ўша пайтларда мен 9-10 ёшларда эдим, укам эса янаям кичкина эди. Мен учун бегона оилага бориб яшаш жуда қийин бўлган. Биласизми, ўша пайтда бунақа ишлар яширин қилинарди, чунки тақиқ бор эди. Лекин у ерда озроқ яшагач, уйга қайтгим келмай қолди. Мен бу одамларни шу қадар яхши кўриб қолгандим. Бу одамлар бошқаларга ҳеч ўхшашмас эдилар. Улар шунақа мусулмонлар эдики, уларга қараган кишининг мусулмон бўлгиси келарди. Улар кунига беш маҳал намоз ўқиб қўйиш билан кифояланадиган мусулмонлардан эмасдилар. Уларнинг қандай яшаётганларини кўриб, бир-бирлари билан қандай муомала қилаётганлари, бир-бирларини нақадар севишлари, болаларни қандай яхши кўришлари, иймон-эътиқодларини кўриб, завқ олардингиз. Биз ойим билан уларни тез-тез эслаб турардик. Бу покиза инсонлар ҳали-ҳамон ёдимда. Бу одамлар ойимнинг ҳаётидаги Исломни ўрганиш йўлида катта роль ўйнади, деб ўйлайман.

Мухолифатдаги “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ ва унинг рафиқаси Ойдин Солиҳ набиралари билан (оила архивидан олинган сурат).
Мухолифатдаги “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ ва унинг рафиқаси Ойдин Солиҳ набиралари билан (оила архивидан олинган сурат).

Озодлик: Ўзингизнинг Ўзбекистон ҳақидаги хотираларингиз қандай?

Умида Солиҳ: Туркияга келганимиз илк чоғлар мен учун жуда оғриқли ва қийин дамлар эди. Чунки у пайтда эндигина 17 ёшга киргандим. Бутун болалигим Ўзбекистонда ўтганди. Дастлабки икки йил жуда қийин кечди. Қийин бўлганига сабаб – ўз мамлакатим билан ҳечам алоқа боғлолмасдим. Дугоналарим, танишларимдан бирига қўнғироқ қилсам, улар мен билан гаплашишни исташмасди ёки овозимни эшитибоқ гўшакни улоқтиришарди. Биласизми, бу мен учун жуда катта зарба эди. Дастлабки икки йилни мен йиғлаб ўтказдим. Учинчи йилга келганда турк тилини ўрганишим ва университетга киришимга тўғри келди. Университетга кирганимдан кейин ҳаммаси ўтди-кетди. Ҳозир Ўзбекистондаги ҳаётим билан боғлиқ узуқ-юлуқ хотираларим бор. Барибир юрт ўзига тортиб туради, дейишади-ку. Фарзандларим қачондир бориб, юртимни кўришларини, халқим қанақа яшаётганини, ўзбеклар ким эканини ва Ўзбекистоннинг қандай мамлакат эканини билишларини жуда истардим. Иншаоллоҳ, бир кун келиб мен, турмуш ўртоғим ва фарзандларим Тошкентга боришимизга ишонаман. Биз буни жуда хоҳлаймиз. Аммо менинг Ўзбекистон билан боғлиқ хотираларим анча изтиробли. Чунки мен Тошкентга жуда боғлангандим, бу шаҳарни жуда яхши кўрардим. Мен ватандан кетганимда ўзимга жиддий руҳий шикаст етган, деб ҳисоблайман. Афсуски, Тошкент билан боғлиқ хотираларим у қадар ёқимли эмас.

Аммо мен, отам ҳақида қанча ёмон гапларни айтган ва ёзган бўлишларига, ҳали ҳам гапираётган ва ёзаётган бўлишларига қарамасдан, унинг Ўзбекистонни қанчалар севишини кўриб, ҳайратланаман. Мен ўзимни ўзбек қизи, деб биламан ва Ўзбекистонни яхши кўраман. Мен ҳатто яқин орада бизга мамлакатга боришга рухсат беришади, деб умид қиламан. Аммо ўзбеклигимни ҳис қилган ва билган ҳолда, Туркияга кўникиб бўлганимни ҳам эътироф этаман.

Туркиядаги ҳаёт ва Ватан соғинчи

Озодлик: Туркияда Сизларни қандай кутиб олишди? У ерда отангиз мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган сиёсатчи эканини билишар эканми? Одамлар Сиз билан, оилангизнинг бошқа аъзолари билан мулоқот қилишдан чўчиганлари йўқми?

Умида Солиҳ: Туркияда маҳаллий туркларнинг одамларга нақадар хайрихоҳона муносабатда бўлишларини кўриб, танг қолдим. Туркияга келишим билан уларнинг ўз одамига айланиб қолдим. Бу ерга дарров кўникиб кетолмадим, кўп йиғладим, аммо кейин кўрдимки, бу ерда мени ҳамма яхши кўраркан. Отамни эса бу ерда худди қаҳрамондек қабул қилишди. Бу ерда мен ўзимни ҳеч қачон ажнабийдек ҳис қилганим йўқ.

Озодлик: Умидахон, фарзандларингиз нечта? Уларга Ўзбекистон ҳақида, бу мамлакатга нима учун бора олмаётганлари ҳақида айтиб берганмисиз?

Умида Солиҳ: Уч фарзандим бор. Ўзбекистонга нима учун боролмасликларини улар ҳали билишмайди. Ҳали улар кичкина. Улар ойилари ва боболари ўзбек эканларини билишади. Бизнинг ўз маданиятимиз бор эканини, боболари Ўзбекистоннинг атоқли шоири эканини билишади. Бу йил улар биз сумалак тайёрлашимизни ҳам билиб олишди. Бу йил оиламиз билан йиғилиб, сумалак тайёрладик, ойимни ёдга олдик. Баъзан улар ўзбекча суҳбатларга гувоҳ бўлиб туришади.

Муҳаммад Солиҳнинг оила аъзолари томонидан Истанбулда тайёрланган сумалак.
Муҳаммад Солиҳнинг оила аъзолари томонидан Истанбулда тайёрланган сумалак.

Озодлик: Истанбулда ойингизнинг шогирдлари, тиббий маркази бўларди. Ойдин Солиҳнинг иши у кишидан кейин нечоғли муваффақият билан давом эттирилаяпти?

Умида Солиҳ: Ойимнинг доим ёнларида юрган шогирдлари одамларни ўқитиш ва даволашда давом этаяптилар. Унинг иши ойим ҳаётда бўлган пайтидагидек давом этиб турибди. Ҳозир биз Ойдин Солиҳ жамғармасини таъсис этиш устида иш олиб бораяпмиз. Ойимнинг ўлими ҳаммамиз учун оғир руҳий зарба бўлди. Чунки ойимга ўхшаган бошқа бир одам йўқ. Ойим нима учун китоб ёзиб, билганларини бошқаларга ўргатиб кетди? У доим: “Сизнинг менга эҳтиёжингиз йўқ. Мен сизга ҳаммасини ўргатиб кетаман, сиз эса бошқаларга ўргатасиз. Бошқаларга ҳам бу ҳақда гапириб беринг, токи улар ўзларини ва оилаларини даволай олсинлар”, дея такрорларди. Худди ойим айтгандек бўлди. Ойим ҳар доим: “Инсонга табибнинг кераги йўқ. Инсон ўзига ўзи доктор бўлиши мумкин”, дер эди. У ўйлаган ишларининг ҳаммасини амалга ошириб кетди. Бу ерда ҳаммаси у истаганидек давом этаяпти.

Озодлик: Ўзингиз ҳам ойингизнинг ишини амалиётга татбиқ этиб турасизми?

Умида Солиҳ: Албатта, ваҳоланки, менинг амалиётим ҳозирча фақат уй билан, оила билан чекланган. Дейлик, ўғилларимдан ҳеч қайсиси эмланган эмас, улар умрида антибиотик истеъмол қилмаганлар. Ойим бизга нимани ўргатган бўлсалар, шундай ҳаёт кечиришга ҳаракат қиляпмиз.

Озодлик: Ойингиз кўп одамнинг оғир хасталиклардан халос бўлишига ёрдам қилган, дейишади. “Ҳақиқий тиббиёт (Йўқотилган шифо изидан)” китоби исломий тиббга асосланган. Ойингизнинг олдиларига шифо истаб фақат мусулмон ўлкаларидан келишармиди?

Умида Солиҳ: Бунақа чеклов йўқ эди. Аммо китоб Ислом динига асослангани учун уларнинг кўпчилигини мусулмонлар ташкил қиларди. Бу усул дунёвий одамлардан кўра диндорлар учун қизиқроқ эди. Ойимнинг олдига даволаниш учун дунёнинг турли мамлакатларидан одамлар келишарди. Беморлар кўп бўлиб, улар орасида турли дин вакиллари ҳам бор эди.

Озодлик: Бизнинг замонда “Тибби набавий”га (Пайғамбарлар тибби) ишончсизлик билан қарайдиган одамлар ҳам кам эмас. Бунақа одамларга дуч келганларида ойингизнинг руҳи тушиб кетармиди ёки аксинча, бу нарса у кишининг танлаган йўллари тўғрилигига бўлган ишончини янада мустаҳкамлармиди?

Умида Солиҳ: Унинг иймони жуда кучли эди. Мен баъзан ташвишланиб, ойим жавоб бериши керак бўлган даҳшатли саволларни эшитмаслик учун унинг конференцияларига деярли бормасдим. Аммо у бунақа саволларга доим мулойим оҳангда ва табассум билан жавоб қайтарарди. Аммо, биласизми, қизиғи шундаки, унга энг кўп қаршилик кўрсатган кишилар айнан дин пешволари бўлган. У ҳақиқий Ислом қандай бўлиши кераклигини уларнинг юзига айтарди. Ойим уларга ўзлари амал қилмаётган, аммо динда буюрилган суннат амалларни эслатиб турарди. Ойимни энг ёмон кўрган кишилар ўшалар эди. Чунки ойим уларни аёвсиз танқид қилар ва “Сиз қилаётган бу иш Исломдан эмас”, деб уларнинг юзига очиқ айтишдан қўрқмасди. Ойим баҳслашишдан ва улар ноҳақ эканини исботлашдан ҳеч қачон чўчиб-чекинган эмас. У учун ягона ҳақ йўл Ягона Ҳаққа бўлган йўл эди. Яъни бу Оллоҳга йўналган йўл эди ва у учун бошқа ҳеч қанақа топинадиган зот йўқ эди. Уни ҳеч ким ҳижолатдан эсанкиратолмас, хафа қилолмас ёки руҳини туширолмас эди.

Ойдин Солиҳнинг сўнгги фотосурати. Орадан тўрт ой ўтгач, у боқий дунёга рихлат қилган (оила архивидан олинган сурат).
Ойдин Солиҳнинг сўнгги фотосурати. Орадан тўрт ой ўтгач, у боқий дунёга рихлат қилган (оила архивидан олинган сурат).

Ойдин Солиҳнинг сўнгги кунлари

Озодлик: Ойдин хоним оламдан ўтганларига қарийб 2,5 йил бўлиб қолди...

Умида Солиҳ: Биласизми, бизни ҳалигача мусибат тарк этгани йўқ. Айниқса отамга ҳанузгача буни қабул қилиши осон кечмаяпти. Унинг орамиздан кетишини отам ҳазм қилиши қийин бўлди. Дастлабки йили ҳечам ўзимизга келолмадик, кунда бир неча бор бир-биримизга қўнғироқ қилиб, йиғлашиб олардик. Мен ҳалигача ойимнинг орамизда йўқлигини англаб етганим йўқ. У менга: “Бибиша, бу ишни мана бундай қил” деганларида, доим ўша ишни аввал ўзим билгандек қилардим ва бунинг хатолигини ўзим кўриб, иқрор бўлганимдан кейин пировардида ҳаммасини ойим айтгандек қилишимга тўғри келарди. Ҳозир ўз йўлимдан юрар эканман, ойимга: “Биласизми, анави иш худди сиз айтгандек бўлиб чиқди” демоқчи бўламан, у эса ёнимда йўқ. Мен учун энг қийин жойи шу бўляпти. Темур изтиробини амаллаб ичига ютиб, ташқарига чиқармайди, отам билан мен эса ҳали ҳам бир-биримизга суратлар жўнатиб турамиз, баъзан йиғлашиб ҳам олишимиз мумкин. Бу осон иш эмас албатта.

Мен ойимнинг сўнгги кунларини эслайман. У жуда ўйчан эди ва қарийб сўзлашмасди. Унга ҳаётнинг қизиғи қолмаганди. Бир куни мен ундан: “Ойи, ўлишдан қўрқяпсизми?” деб сўрадим. У менга синиқ табассум билан қараб: “Йўқ, қизим, бу нима деганинг? Мен ўлимдан қўрқаётганим йўқ, (узоқ вақт) шунақа ётиб қолишдан қўрқяпман”, деди. Биласизми, у худди ўз китобида ёзиб кетганидек ўлим топди. У ҳақиқий мусулмон аёлдек вафот этди. У “Ёсин” сурасини ўқиётган пайтларида, хотиржам алфозда жон таслим қилди. Бу таслимият мен учун мисли кўрилмаган бўлди. Мен ҳеч қачон бунақасини кўрмагандим. Ойимни юваётганларида ёнларида эдим, мен майит шунақа чиройли бўлиши мумкинлигини, ўлган одамнинг юзи бунақа беташвиш ва гўзал бўлиши мумкинлигини ҳечам тасаввур қилолмагандим. Ўшанда ўлимга ҳозирлик кўриш нақадар муҳимлигини, ҳаммасини ипидан игнасигача ўйлаб қўйиш кераклигини умримда биринчи марта англаган бўлдим. Ойим ёстиқда ётган сўнгги ҳафталар ёдимда. Унинг ҳамма нарсаси тайёр эди. Яъни унинг кафани, тобут ювилиши лозим бўлган сиркаси ва ҳатто майитни ғусл қилдириш учун столи тайёр бўлиб, йўлак четида турарди. Ҳамма нарсаси тахт, ювилган, дазмолланган эди. У ҳатто укам Темурни ғассол учун челакка юбораётиб: “Мени юваётган пайтларида ҳеч ким бу нарсаларнинг ташвиши қилиб, ҳеч қаёққа чопмасин, ўлимимдан ҳеч кимга малолат келмасин”, деди. Бу ашёларнинг ҳаммаси стол устида турар, у эса оппоқина бўлиб, ял-ял ёниб ётарди. Унинг ёнига келиб: “Ойижон, ҳамма нарсангиз тайёрлаб қўйибсиз-ку” десам, менга табассум қилиб: “Ҳаммаси тайёр, мен эсам ҳали ҳам ҳаётдаман”, деди. Ойи бу гапни ҳаммаси шундай бўлиши керакдек, ҳозир сумкачасини оладигану бирор жойга таътилга кетадигандек ёки биз боролмайдиган бошқа оламга кетадигандек алфозда айтди. Унинг ёнида бўлган пайтимда кўп нарсани англаб етдим. Энди ўлим қандай бўлиши мумкинлигини, одамлар орасидаги нақадар катта фарқ бўлиши мумкинлигини биламан. Эндиликда мен одам бу дунёда қандай умр кечирганини айнан ўлими кўрсатиб қўйишини аниқ биламан. Уни ювиб-тараб, кафанлаганимизда “Алиф”дек ( ﺍ - араб алифбосининг биринчи ҳарфи – таҳр.) қадди рост ва гўзал эди. Ўша тун у уйда қолди. Мен ойим вафотигача ётган каравотга узандим. Ойим ёнимда – ювиб, кафанланган стол устида ётарди. Мен ухлаб қолибман ва тушимда ойим айнан ўзи орзулаганидек гўзал ўлим топганини кўрибман. Биз у билан ҳаёт ва ўлим ҳақида жуда кўп гаплашардик. Ва мен доим унга кўрган тушларимни айтиб берардим. Мен кўрган тушимни айтиб бериш учун, “Ойи, тушимда Сиз айнан ўзингиз истагандек, “Ёсин” сурасини тинглаётиб ва Калимаи Шаҳодатни келтирган кўйи оламдан ўтибсиз” деб айтиш учун кўзимни шошиб очдим. Кўзимни очарканман, уни кафанга ўралиб ётганини кўрдим. Бу мен учун унутилмас он эди. Ўша пайт ойим энди йўқлигини англаб, йиғлаб юбордим...

Озодлик: Умидахон, суҳбатингиз учун раҳмат.

Гули Хўжаева суҳбатлашди

XS
SM
MD
LG