Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:41

Андижонда ўтказилган аксилтеррор машқлар аҳоли орасида ваҳима уйғотди


Андижонда 20 апрел куни аҳолини огоҳлантирмасдан ўтказилган ҳарбий машқлар одамлар орасида "шаҳарда террорчилар бош кўтаргани" ҳақидаги ваҳимали гап-сўзларнинг тарқалишига сабаб бўлди. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийлари Озодликка Андижонда Қуролли кучлар ва Ички ишлар бўлинмалари иштирокида аксилтеррор машқлари ўтказилганини тасдиқлаб, хавотирга ўрин йўқлигини айтишди.

Ўн икки йил аввал қонли воқеаларга саҳна бўлган Андижон шаҳрида 20 апрел куни ўқ овозларининг эшитилиши аҳолини ваҳимага солди.

- Кеча соат 17.00 - 17:30 оралиғида Андижон шаҳар турмаси томондан 2 марта ўқ ва яна 2 марта автоматдан ўқ отилгани овози эшитилди. Мен шу ерга яқин яшайман. Ўша пайтда қўшнилар билан кўчада тургандик. Ҳамма қўрқиб кетди, - деди исми сир қолишини истаган андижонлик.

Бошқа бир андижонлик эса, ўқ овозлари шаҳарда гўёки террорчилар бош кўтаргани ҳақида овоза тарқалишига ҳам сабаб бўлганини айтди.

- Шаҳарда террорчиларни ушлашяпти, дейишди. Кимдир қамоқхонадан одамлар қочган деган гапни айтди, ишқилиб ҳар хил гап-сўз, - деди бошқа бир андижонлик.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳоли орасида тарқалган ваҳималар асоссиз экани, аслида Андижон шаҳрида терроризм ва экстремизм таҳдидларини бартараф этиш бўйича ҳарбий машқлар ўтказилаётганини айтди.

- Терроризмга қарши учения ўтказяпмиз, хавотирга ўрин йўқ,- дея гапни қисқа қилди Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг исмини айтмаган расмийси.

Лекин, вазирлик ва шаҳар ҳокимлиги ҳарбий машқлар ўтказилиши ҳақида аҳолини олдиндан огоҳлантирмаган.

Машқлар кўлами ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг Озодликка айтишича, 12 йил аввал қонли воқеалардан азият кўрган Андижонда ўқ овозларининг эшитилиши одамлар орасида ваҳима уйғотиши табиий.

- Ҳақиқатан автоматнинг овози эшитилса, одамлар хавотирга тушади-да! Энди 13 май яқинлашган сари расмийлар назоратни кучайтириб, учениялар ўтказади-да. Мен ҳам армияда хизмат қилганман. Одатда бу ученияларни бўлиши ҳақида аҳоли у ёқда турсин, солдатларнинг ўзлари ҳам билмайди, олдиндан. Уларнинг қанчайлик шайлиги ўрганилади. Шунинг учун аҳолини нима учун огоҳлантирмаганини тушунса бўлади, - дейди Зайнобиддинов.

2005 йилнинг 13 май куни Андижоннинг марказий Бобур майдонида ҳукумат кучлари аксарияти қуролсиз бўлган тинч намойишчиларни ўққа тутиши оқибатида юзлаб бегуноҳ одамлар, жумладан аёллар ва ёш болалар ҳалок бўлгани ҳақда воқеа гувоҳлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари айтишган.

Тошкент ҳукумати эса, Акромийлар диний оқимига мансуб қуролли гуруҳ Андижонда ҳокимиятни босиб олишга урингани ва асосан террорчилардан иборат 187 кишининг ҳалок бўлганини билдирган.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан Андижон воқеалари бўйича мустақил тергов ўтказилишини талаб этиб келади.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари, жумладан Бухоро, Наманган, Фарғона ва Жиззах вилоятларида ҳам ҳеч бир огоҳлантирувсиз аксил-террор машқларининг ўтказилиши аҳоли орасида турли миш-мишларни келтириб чиқарган эди.

XS
SM
MD
LG