Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:31

Россияда Марказий Осиё ватандошларига нисбатан текширувлар кучайди


Россиялик адвокат Ойбек Маматқулов.
Россиялик адвокат Ойбек Маматқулов.

Санкт-Петербург метросидаги портлашдан кейин Россияда Марказий Осиёдан келганларга нисбатан текширувлар кучайтирлди. Гумондор қирғизстонлик бўлгани туфайли, айниқса, Қирғизстондан келган муҳожирларга назорат ортган. Мана шу масалада Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири Санжар Эралиев Санкт-Петербургдаги "Ивановы и партнеры" адвокатлар коллегияси вакили, адлия фанлари номзоди Ойбек Маматқулов билан суҳбатлашди. Ойбек Маматқулов асли ўшлик ўзбек. Ҳозирда Россия ватандошлигини олган.

"Портлашдан кейин муҳожирларнинг вазияти оғирлашди"

-Санкт-Петербургдаги портлашдан кейин муҳожирларнинг вазияти ҳозир қай ҳолда? Уларга куч органларлари вакиллари босим ўтказяпти, деган гап-сўзлар асослими?

- Санкт-Петербург метросида 3 апрель куни бўлган портлашдан кейин бу ерда ишлаб-яшаётган муҳожирларнинг вазияти оғирлашган. Чунки, полиция ва махсус хизмат ходимларининг текширувлари кучайди. Портлашдан кейин 2-3 кун ичида муҳожирлар ишлаган жойларда – бозор, дўконларда ва муҳожирлар яшовчи ҳудудларда рейдлар уюштирилди. Унда нафақат Ўзбекистон, Қирғизстон ва Тожикистон ватандошлари, балки Россия ватандошлигини олган қирғизстонлик айрим инсонларни ҳам ушлаб кетишди. Уларнинг бир-иккитаси билан гаплашдим. Россия ватандошлигини 2011-2012-йилларда олишган. Лекин “келиб чиқиши қирғизстонлик экан, ўшлик экан, барибир текшириш керак”,деб олиб кетишган.

Аммо полиция ёки бошқа куч органлари муҳожирларга босим ўтказаяпти, деб айтиш қийин. Чунки улар ўз ишини қилаяпти. Улар учун давлат хавфсизлиги биринчи ўринда. Шунинг учун текширишаяпти. Назорат кучайтирилгани бор гап. Бекат, дўкон ва метроларнинг кириш-чиқиш жойларида тартиб соқчилари турибди ва асосан Марказий Осиёдан келганларнинг ҳужжатларини текшираяпти. Агар қонунни бузишмаган бўлса, паспортида камчилик бўлмаса дарров қўйиб юборишаяпти.

Бу ерда юрган муҳожирлардан кўпчилигининг хужжатларида камчилик бор. Масалан, муддати ўтиб кетган ёки вақтида рўйхатдан ўтмаган. Уларни куч органларига олиб кетишаяпти ва мамлакатдан чиқарилаяпти.

-Асоссиз ишдан бўшатишлар бўляпти деб эшитаяпмиз. Шунақа вазиятга тушганлар борми?

-Ишдан бўшатилаётганлар ҳақида айтадиган бўлсам, бу муаммо асосан такси хизматида ёки бошқа тармоқда ҳайдовчи бўлиб ишлаётганларга таалуқли. Уларни ишдан олишга Россиянинг ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги асос бўлаяпти. Аслида, “фақат Россиядан берилган гувоҳнома билан ҳайдовчилик қилиш керак”, деган қоида 2018 йилда кучига киради. Бошида 2017 йилнинг 1 июлидан бошланиши лозим эди. Аммо давлат ўзи бунга тайёр бўлмай қолди. Қаердан қай тарзда гувоҳнома бериш ишлари вақтида битмади ва бу қоидани амалга киритиш бир йилга узайтирилган эди.

"Ўшликларга муносабат ўзгарди"

-Россиядаги терактни амалга оширишда гумонланаётган шахс Қирғизстоннинг Ўш вилоятидан экани хабар қилинган. Ҳозирда, айниқса, Ўшдан бориб ишлаётганлар кўпроқ муаммоларга дучор бўлаяпти, деган гаплар бор. Бу билинаяптими сизга?

-Ҳақиқатдан ҳам терактни ўшлик йигит амалга оширгани айтилганидан сўнг ўшликларга нисбатан муносабат ўзгарган. Аввалари қирғизистонлик муҳожирни полиция тўхтатса, документини кўриб, дарров бўшатиб юборарди. Ўзбекистонлик ёки тожикистонликларга қараганда қирғизстонликларга енгил эди. Ҳозир аксинча, қийин бўлиб қолди. Айниқса, паспортида “Ўш” деган ёзув бўлса, полиция олиб кетаяпти. Уларни обдон текшириб, ҳатто ижтимоий тармоқдаги саҳифаларини ҳам қарашаяпти. Россия паспортига эга бир-икки қирғизстонликни ҳам текшириб, ҳужжатни олишда маълумотларни нотўғри берганликда айблашибди. Танишларимнинг сўзларига қараганда, “паспортни олиб қўямиз”, деб айтишибди. Шунақа ҳолатлар ҳам бўлаяпти.

-Муҳожирларга Россия ватандошлигини бериш тўхтатилади, деган гаплар бор. Бу борада маслаҳат сўраб келганлар борми?

-2012 йилгача қирғизстонликлар Россия паспортини уч ой ичида, имтиёзли равишда олиб юришган. Кейин бу тўхтатилди. Ҳозир ватандошлик олишни истаган одам камида икки-уч йил юриши керак. Бу оралиқда барча ҳужжатларни камчиликсиз топшириб, қонун бузмасдан яшамоғи лозим. Шундан кейин мутахассислар махсус текширувларни ўтказиб, паспорт бериш ёки бермаслик ҳақида бир қарорга келишади.

Лекин “ватандошлик бериш тўхтатилади”, деган фикрларга қўшилмайман. Чунки икки-уч ой олдин президент Путин депутатларга мурожаат қилиб, собиқ СССР давлатларидан келганларга ватандошлик беришни енгиллаштириш ҳақида қонун чиқаришни таклиф қилган. Ҳар ҳолда бу масалада ҳозир бир нарса дейиш қийин.

"Ўзбекистон ва Қирғизистондан келганлар адвокатга жуда кеч мурожаат қилишади"

-Марказий осиёликларга нисбатан ёвуз ниятлар ёзилган коғозлар Санкт-Петербургнинг турли жойларига ёпиштирилгани тўғрисидаги суратларни яқинда интернетда кўргандим. Чинданам шунақа ёзувлар борми? Кўзингиз тушмадими?

-Шу кунгача юриб, бунақа ёзувларни кўрмадим. Ким, нима мақсадда чиқарганини билмайман.

-Сиз ишлаётган ташкилотнинг адвокатларига, шахсан сизга ёрдам сўраб мурожаат қилган муҳожирлар борми? Кўпроқ кайси масалада кўмак сўрашаяпти?

-Мен 2013-йилдан бери “Ивановы и партнеры” деган адвокатлар коллегиясида ишлайман. Асосан россияликлар билан ишлаймиз. Муҳожирлар камдан кам мурожаат қилишади. Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон, Қирғизстондан келганлар адвокатни жуда кеч излашади. Қонун бузишда айбланиб қамалиб қолса ёки депортация каби муаммога дучор бўлса ҳам кеч мурожаат қилишади. Баъзан ёрдам бера олмайсиз. Чунки суд қарори чиққан бўлади.

Муҳожирлар ҳужжатларга эътиборли бўлиши керак. Патент, суғурта каби ишларни кечиктиришмасин. Агар қирғизстонлик бўлса, келган кундан бошлаб рўйхатга туриб, ишлайдиган жойи билан шартнома тузиши керак. Агар ўзбекистоник бўлса, бир ой муддат ичида патент олиши жоиз. Муҳожирнинг ҳужжатида камчилик бўлмаса, муаммога ҳам камроқ дучор бўлади.

Ойбек Маматқулов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:04 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG