Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:20

Россияда яна 12 марказий осиёлик қўлга олинди (ВИДЕО)


Россия Федерал Хавфсизлик хизматининг билдиришича, 26 апрель куни Калининградда ўтказилган махсус амалиётда марказий осиёлик 12 одам қўлга олинди. Уларнинг барчаси “Ислом жиҳоди - мужоҳидлар жамоати” гуруҳига аъзо бўлгани Россия ФХХси томонидан иддао қилинмоқда. Мазкур гуруҳга келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган шахс раҳбарлик қилгани ҳам айтилмоқда.

Федерал Хавфсизлик хизматининг билдиришича, Калининградда қўлга олинган 12 марказий осиёлик ўз гуруҳлари доирасидаги фаолиятлари давомида жанггариларни ёллаш билан шуғулланган бўлиши мумкин.

Гуруҳнинг Калининграддаги ячейкасига раҳбарлик қилганликда гумонланаётган ўзбекистонлик қўлга олингани айтилди. Расмий хабарлардан, ўзбекистонлик мигрант "ўз айбига иқрор бўлган" ва "яқин қариндошларининг халқаро террорчилик фаолиятига алоқадорлиги борасида кўрсатмалар бермоқда".

Хабарда таъкидланишича, мазкур шахс аввал экстремистик фаолиятда айбланиб, Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган.

Калининграднинг "Вести" ахборот канали муҳожирларни ҳибсга олиш амалиёти борасида видеолавҳа намойиш этди. Репортаж мухбири ушланганларни "ўта хавфли жиноятчи" ва "Сурияда узоқ вақт махсус тайёргарликдан ўтган жангари" деб атади:

Калининград вилояти бўйича ФСБ бошқармаси расмий вакиласи Наталья Панюшкина "жиноий тўдага" 32 яшар марказий осиёлик бошчилик қилгани, у "Сурияда жанг қилаётган гуруҳлар билан алоқада бўлиб тургани" ва "Калининградда вербовка билан" шуғулланганини билдирди:

- Калининград вилояти бўйича ФСБ бошқармаси ходимлари 12 нафар Марказий Осиёдан келган шахсларни қўлга олди. Улар халқаро террорчилик гуруҳи бўлган ва Россия ҳудудида тақиқланган "Ислом Жиҳоди - мужоҳидлар жамоати" ташкилоти аъзосидир, дея баёнот берди ФСБ ходимаси.

Оператив амалиётлар Калининград шаҳрининг марказидаги Хмелницкий ва Пролетарский кўчаларида олиб борилгани айтилди.

ФСБчилар қўлга олинган муҳожирлари ушлангунига қадар 4 йил давомида Калининград шаҳрида қурилиш ишлари билан шуғулланиб келгани ҳам очиқланди. Бироқ, махсус хизматлар уларнинг террорчилик фаолиятига алоқаси борасида бошқа исбот-далил келтирмади.

Федерал Хавфсизлик хизмати қўлга олинган шахсларни ўз ватанларига депортация қилишларини ва улар ўз мамлакатлари ҳуқуқ – тартибот тузилмалари томонидан тергов қилиниб, судланишини билдирди.

Ҳуқуқ фаоллари эса қўлга олинганлар Россиядан ўз ватанларига, жумладан, Ўзбекистонга депортация қилинсалар қийноқларга дучор этилишлари мумкинлигини билдирмоқда.

Аввалроқ Федерал Хавфсизлик хизмати 26 апрель куни Сахалинда ҳам келиб чиқиши марказий осиёлик бўлган 2 одам террорчиликда гумонланиб қўлга олинганини маълум қилган эди.

Санкт-Петербург метросида содир этилган террор ҳаракатидан сўнг Россия махсус хизматлари апрель ойида камида Марказий Осиёдан келган муҳожирларга нисбатан кўплаб махсус амалиётлар ўтказиб, қатор одамларни қўлга олди. Уларнингг барчаси террорчилик фаолиятида гумонланмоқда.

Террорчилик актига алоқадорликда гумонланиб Россиянинг Москва шаҳри ва вилояти, Владимир, Тула, Екатеринбург ва бошқа минтақаларида 20 яқин ўзбек, қирғиз ва тожик муҳожирлар ҳибсга олинди. Россиянинг деярли барча минтақаларида мигрантлар орасида махсус рейдлар ва “зачисткалар” бўлаётгани хабарлари Озодликка келмоқда.

Санкт-Петербургдаги портлаш 2017 йилнинг 3 апрелида "Сенная плошадь" ва "Технологический институт" метро бекатлари оралиғида амалга оширилган.

Теракт оқибатида жами 16 киши, жумладан худкушнинг ўзи ҳам қурбон бўлган ва 50дан зиёд одам жароҳат олган.

Россия ФСБси ҳужумни уюштирганликда асли қирғизистонлик Россия фуқароси бўлган 22 ёшли Акбаржон Жалиловни гумон қилди.

XS
SM
MD
LG