Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:59

"Халқлар дўстлиги" ҳайкали 9 йилдан сўнг Тошкент марказига қайта ўрнатилади


"Дўстлик боғи"га олиб келинган Шомаҳмудовлар ёдгорлиги. Gazeta.uz.
"Дўстлик боғи"га олиб келинган Шомаҳмудовлар ёдгорлиги. Gazeta.uz.

Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройи олдидан пойтахт чеккасига кўчирилган Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи ёдгорлиги орадан 9 йил ўтиб яна шаҳар марказига қайтириладиган бўлди. 1941-1945 йиллардаги уруш даврида ота-онасини йўқотган 15 болани боқиб олган оила хотирасига ўрнатилган мазкур ёдгорлик 2008 йилнинг 12 апрель тунида олиб ташланган эди.

Ўзбекистондаги нашрларнинг хабар беришича, 1 май куни Шомаҳмудовлар оиласи ёдгорлиги президент Мирзиёев ташаббуси билан шу йил январида “Дўстлик боғи” деб атала бошланган собиқ Бобур номидаги паркка олиб келинган.

Ҳозирда боғдаги Тинчлик қўнғироғи яқинида ҳайкалтарошлик композицияси учун постамент тайёрланаётгани хабар қилинди.

1982 йилда ўша пайтда “Халқлар дўстлиги” деб аталган, ҳозирда “Истиқлол” саройи олдидаги майдонга ўрнатилган ва 2008 йил 12 апрель тунида олиб ташланган мазкур ҳайкал президент виртуал қабулхонасига келиб тушган кўплаб илтимослар ортидан шаҳар марказига қайтариладиган бўлди.

"Маданият вазирлиги Маданий ёдгорлик объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бош бошқармасининг “Газета.uz"га хабар қилишича, Президент виртуал қабулхонаси ишга тушган вақтдан буён фуқаролардан ёдгорликни шаҳар марказига қайтариш бўйича кўп сонли илтимослар келиб тушган”, деб ёзди “Газета.uz".

Аввалроқ "Новости Узбекистана" нашри Шомаҳмудовлар ҳайкалини пойтахт марказига кўчириш режаси йил бошидан бери муҳокама қилинаётганини ёзган эди.

2016 йилнинг 6 октябрида Sputnik нашри Маданият ва спорт ишлари вазирлигига таянган ҳолда, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига бу ҳайкални марказга кўчириш тўғрисида кўплаб таклифлар келиб тушаётганини билдирган, аммо вазирлик қошидаги инспекция бу мурожаатларга “ҳайкал яхши аҳволдамас, шу боис, яна бир марта кўчирилиб ўтказиладиган бўлса, унга зиён етиши мумкин. Биринчи демонтаж вақтида бир болакай йўқотилган”, деб жавоб берганини хабар қилган.

Аммо бугунги кунда тарқатилган хабарларда ёдгорликнинг қандай аҳволда экани тўғрисида маълумот берилмаган.

Шомаҳмудовлар оиласи ҳақида Раҳмат Файзий “Ҳазрати инсон”, деган роман ёзган эди. Мазкур роман асосида режиссёр Шуҳрат Аббосов “Сен етим эмассан” фильмини суратга олган.

Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг хотини Баҳри Акрамова 1941-1945 йиллардаги уруш даврида ота-онасиз қолиб, жанглар бораётган ҳудудлардан Тошкентга кўчирилган рус, беларус, молдаван, яҳудий, латиш, қозоқ, немис ва татар миллатига мансуб 15 болани асраб олган эди.

Ислом Каримов президентлиги даврида Совет Иттифоқини ёдга соладиган меросдан воз кечиш сиёсати олиб борилгани айтилади. Бунинг ортидан Шомаҳмудовлар ҳайкали шаҳар марказидан олиб ташланибгина қолмай, балки Хамза, Собир Раҳимов ва бошқа қатор шахслар номини олган объектларга ҳам янги номлар берилган эди.

2008 йилда Шомаҳмудов оиласи ёдгорлигининг шаҳар марказидан кўчирилиши Россия ва халқаро матбуотда қизғин баҳсларга сабаб бўлганди.

Совет Иттифоқи тарихида Улуғ Ватан уруши, деб аталадиган 1941-1945 йиллардаги уруш даврида Ўзбекистон жанглар бораётган ҳудудлардан эвакуция қилинган 1,5 миллион одамга бошпана бериб, уларни очликдан ва ўлимдан сақлаб қолган эди.

Ўзбекистонга ўша йилларда Ленинград, Белорус, Польша ва Украинадан 300 минг етим бола кўчирилган.

XS
SM
MD
LG