Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:25

Мирзиёев келганидан буён матбуот қанчалар ўзгарди?


Ўзбекистон ҳамон "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг "қора" рўйхатида турибди.
Ўзбекистон ҳамон "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг "қора" рўйхатида турибди.

3 май «Халқаро матбуот эркинлиги куни» арафасида қароргоҳи Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти 180 мамлакатда сўз эркинлиги вазияти бўйича ҳисобот чиқариб, Ўзбекистонни 169-ўринга қўйди. 2016 йилда Ўзбекистон бу рейтингда 166-ўринни эгаллаганди.

Ўзбекистон тарихида янги саҳифа

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга бағишланган қисмида "Чегара билмас мухбирлар" 2016 йил августида Ислом Каримов вафот этиши ортидан "Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очилди" дея матбуот соҳасида ҳам ўзгаришлар бўлишига умид билдирган.

"Ўзининг 25 йиллик ҳукмронлиги даврида абадий диктатор цензурани ва мустақил журналистларни таъқиб этишни давомли кучайтирди. Унинг вориси, собиқ бош вазир Шавкат Мирзиёев ўз ватандошларига конституцияда белгиланган ахборот эркинлигидан баҳраманд бўлишларига изн берадими?" – деган саволни илгари "Чегара билмас мухбирлар".

Ташкилотга кўра, 2017 йил февралида Муҳаммад Бекжон озод этилган эса-да, яна тўққиз журналист "ўта жирканч шароитларда ушлаб турилибди".

"Анъанавий матбуот устидан тўлиқ назорат билан қаноатланмаган расмийлар ўтган йилларда интернет устидан ҳам назоратни кучайтирди, нафақат мустақил ахборт вебсайтларига балки мулоқот хизматларига ҳам тўсиқ қўйди. Улар шунингдек Ўзбекистон ташқарисида фаолият юритувчи матбуот воситаларига ишлайдиган кам сонли мустақил журналистларга ҳам босимни кучайтирди," дейилади "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг Ўзбекистонга оид ҳисоботида.

Матбуот ўзгаряптими?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 март куни ўтказган видеоселектор мажлисида, бошқа масалалар қатори Ўзбекистон телевидениесини ҳам тилга олиб, ТВ фаолиятини танқид қилган ва ушбу тизимни ўзгартириш кераклигини айтганди.

"Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак. "Ахборот" кўрсатувини ўзгартиришимиз керак", деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти чиқишидан кейин матбуотда ўзгариш бошландими?

Озодлик бу савол билан журналист ва таҳлилчиларга мурожаат қилди.

Эркинлик ва жасурлик

Тошкентдан мустақил журналист Алексей Волосевичнинг айтишича, ўзгаришлар уч йўналишда кузатилмоқда:

- Биринчиси, ижтимоий тармоқлар анча эркинлашди. Ижтимоий тармоқларда ўтирган одамлар фикрларига қарайдиган бўлсангиз, ўтган йилга нисбатан анча эркин ёзаётганликларини кўрасиз. Улар ижтимоий тармоқларда ҳукуматни бемалол танқид қилишаяпти ва бунинг учун бирон кишининг жавобгарликка тортилганини эшитганим йўқ. Иккинчиси, Ўзбекистондаги ахборот агентликлари одамларнинг кескин изоҳларини қўрқмай қўя бошлашди. Яъни, мақола муаллифлари ўзлари танқид қилмасалар ҳам, одамларнинг танқидий изоҳларини жойлаштиришаяпти. Учинчиси, интернет саҳифалар ҳам 20 фоизга бўлса ҳам, жасурлик билан мақолаларни чоп қила бошлашди, - дейди Волосевич.

"Секин-секин, қўрқа-писа"

Публицист Шароф Убайдуллаевнинг ишонишича, матбуотда ўзгаришлар "секин-секин" кузатилмоқда ва журналистлар улар устидан раҳбарият назорати ҳамон сақланиб қолмоқда:

- Секин-секин. Қўрқа-писа. Чунки токи "ўғри мушуклар" чекага чиқиб, ҳалол майдонда бир ҳалол журналистлар келмагунча ўзгариш бўлмайди, - дейди Шароф Убайдуллаев.

Инсон ҳуқуқлари ва болалар меҳнати

Ҳуқуқбон Дилором Исҳоқова фикрига кўра, Ўзбекистон телевидениесида ўзгаришлар сезиларли, аммо "аксарият истаганчалик эмас".

- Ўзбекистонни бутун дунёда юзини қора қилган нарса - инсон ҳуқуқлари ва мажбурий болалар меҳнати. Бу ҳақда афсуски ҳеч нарса йўқ. Қачон бу масалалар матбуотда кўтарилса, мен матбуот эркин бўлаяпти, деб айта оламан, - дейди Дилором Исҳоқова.

XS
SM
MD
LG