Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:12

Мосгорсуд Шоҳиста Каримова шикоят аризасини қондирмади


Москва шаҳар суди Петербургдаги портлашда иштирок этганликда айбланаётган чустлик Шоҳиста Каримованинг шикоятини рад этди ва уни ҳибсда қолдирди. Суд жараёнида ўзбекистонлик муҳожир аёл жиноятга алоқаси йўқлиги ва уни “подставка” қилишганини билдирди.

Мосгорсуд Ўзбекистон ватандоши 45 ёшли Шоҳиста Каримовани ҳибсда қолдирди.

Москва шаҳар суди расмий вакиласи Юлия Самохвалова Озодликка ҳакамлар шу тариқа ҳимоячилар Каримованинг ҳибсга олиниши устидан қилган шикоятини қондирмаганини маълум қилди.

- Бугун, 17 май куни, соат 12:15да маҳкама бўлиб ўтди. Қарорга кўра, ҳаммаси ўзгаришсиз қолдирилди. У ҳибсга олиниши устидан шикоят қилганди, деди Москва шаҳар суди вакиласи.

Юлия Самохвалова суд жараёнида айбланувчи аёлнинг ҳимоячиси Мусо Абдулваҳобов унинг қўлга олиниши сохталаштирилгани, оператив ходимлар ундан гўёки топилган бомба запалини сочларига суртгани, мослама симларини эса унинг қўлтиқларига суртишга мажбур қилишгани ва шу тариқа “биологик излар қолдирилгани”ни суд ҳакамига яна бир бор маълум қилди.

Суд матбуот хизматига кўра, сўз олган Шоҳиста Каримова ҳам, йиғлаган ҳолда, суддан уни қўйиб юборишни сўраган, ўзининг бегуноҳлиги ва “подставка” қилинганини айтган. Муҳожир аёл Петербургдаги портлашни уюштирганликда айбланаётган Жалиловни ҳеч қачон танимагани, у шунчаки “Лесное” кафесида бир неча ойдан бери идиш ювувчи бўлиб ишлаб келганини айтди.

Идиш ювувчи Шоҳиста Каримова террорчиликда айбланмоқда
Идиш ювувчи Шоҳиста Каримова террорчиликда айбланмоқда

Шунингдек, судда чустлик бу аёл ажрашгани, учта фарзандни бир ўзи боқаётгани, улардан бири норасида эканини маълум қилгани аниқланган.

Суд давомида унга ўзбек тили таржимони берилгани ҳам маълум бўлди.

Россия Тергов Қўмитаси терговчиси Андрей Жигулин Каримовадан тинтув натижасида Ф1 гранатаси, иккита детонатор, запал ва микросхема мусодара қилинганини айтган.

Суд адвокат Мусо Абдулваҳобов Шоҳистада сурункали буйрак касаллиги борлигини маълум қилганига қарамасдан, айбловчилар тарафини олди ва уни ҳибсда қолдирди.

- Ҳимоячилар шикояти рад этилсин, биринчи инстанция суди қарори қонуний ва асосли деб тан олинсин, деди судья.

Олдинроқ, 7 апрел куни, Москванинг Басманний туман суди Шоҳиста Каримовани икки ойга – 3 июнгача қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарган эди. 6 апрел куни ўзбекистонлик аёл ва у билан бирга кафеда ишлаган тожикистонлик ошпаз Содиқ Ортиқов террорчиларга кўмаклашганликда гумонланиб ФСБ махсус амалиёти давомида Одинцово туманида ҳибсга олинганди.

Бугунга келиб, Петербургнинг “Сенная площадь”-“Технологический институт” метро бекатлари оралиғида 3 апрел куни содир бўлган портлаш юзасидан 12 киши ҳибс этилгани, улардан олти нафарига “террорчилик акти” ва “портловчи моддаларни ноқонуний тарзда сақлаш ва ташиш” асосида жиноий айблов эълон қилингани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Петербургда 3 апрель куни юз берган портлашда 16 киши, жумладан худкуш ҳужумчи экани айтилган асли ўшлик Акбаржон Джалилов ҳалок бўлганди, 102 киши турли жароҳат олганди.

XS
SM
MD
LG