Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:34

17 йил сўнгра ўғлининг бошсиз жасадини топган она Мирзиёевдан ёрдам кутмоқда (ВИДЕО)


1976 йилда Тошкентда туғилган Дилшод Ниёзов қабридан олинган суяклар
1976 йилда Тошкентда туғилган Дилшод Ниёзов қабридан олинган суяклар

Тошкентлик 67 яшар Гулчеҳра Ниёзова ўғли сирли ўлимидан сўнг 17 йил давомида сиртдан қидирувда бўлгани, унинг номидаги уй эса 15 йилдан сўнг давлат ҳисобига ноқонуний равишда мусодара қилиб юборилганини иддао қилмоқда.

Бу аёлнинг ҳикояси асносида эса, жасаднинг боши экспертиза билан кўмилиш орасида сирли равишда ғойиб бўлиши, эгаси қидирувда бўлган уйнинг "фоҳишахонага айлангани"ю шаҳар ҳокимияти фойдасига мусодара қилинганига оид фавқулодда аянчли манзара шаклланади.

Шу боис, OzodMikrofon рукнига мурожаат қилган тошкентлик онанинг 17 йилга чўзилган ўта аянчли кўргиликлардан иборат узун ҳикоясини имкон қадар қисқартириб, даҳшатга солувчи воқеаларнинг боши - 2000 йилнинг февралидан бошлаб баён қилишга уриндик.

Сирли қотиллик

1976 йилда Тошкентда туғилган Дилшод Ниёзов, онаси Гулчеҳра Ниёзованинг даъвосига кўра, Яшнобод (собиқ Ҳамза) туманидан сотиб олган 1 хонали уйида сирли равишда ўлдириб кетилган.

Озодликка тақдим қилинган Яшнобод туман прокуратурасига оид қатор ҳужжатларда Дилшод Ниёзов ва яна бир шахснинг жасади 2000 йилнинг 18 февралида Ҳамза туманидаги Фарғона йўли кўчаси, 10 "б" уйдаги 104-хонадондан топилгани айтилган.

Аммо, Дилшод Ниёзовнинг ўз уйида даҳшатли тарзда ўлдириб кетилгани қотилликдан 17 йил ўтиб, расман қайд этилди.

Бунга қадар Ниёзов ўз уйида "25-30 ёшлардаги икки номаълум шахсни ўлдириб, устига оҳак сепиб, деворга суваб ташлаганликда гумон қилиниб, сиртдан қидирувга берилган" эди.

Гулчеҳра Ниёзова номидан Озодликка гапирган қизи - Лобар Бахметовага кўра, қотиллик бўлган кездаёқ яқинлари Дилшодни танасидаги алоҳида белгиларидан таниган, унинг қотил эмас, қотиллик қурбони эканини расман тасдиқлатишга уринган. Аммо, номаълум сабабларга кўра, уларнинг арзи қондирилмаган:

- Ўшандаёқ ДНК сини текширинглар, деганмиз, ҳеч ким қулоқ солишмаган. Онамга квартирадан чиққан ўликлар номаълум шахслар умумий қабристонига кўмворилган, дейишган. У терговчилар, мелисалар ишдан бўшаб кетишди ҳам. Аммо, биз акамнинг ўлдирилганини расман тасдиқлатиш, унинг жасадини топиб, отамизнинг хилхонасига кўмиш учун 17 йил югурдик. Президентимиз Шавкат Мирзиёевга раҳмат, у киши сайланганидан кейингина аризамизни қабул қилишди ва акамнинг ўлганини тасдиқлатдик. Тошкент шаҳар прокурори, Яшнободдаги терговчиларга ҳам катта раҳмат! - дейди Лобар Бахметова.

17 йил кечиккан ДНК текшируви

Лобар Бахметовага кўра, 2017 йилнинг январидан бошлаб, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан уларга берилган жавоб хатларида илгари силжиш бошланган.

Бахметова Яшнобод тумани прокуратураси, Тошкент шаҳар ИИБ, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди, Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология назорати маркази, Республика суд экспертизаси маркази томонидан берилган ҳужжатларнинг нусхаларини Озодликка йўллади.

Ҳужжатлар мазмунига кўра, марҳум Дилшод Ниёзовнинг онаси - 67 яшар Гулчеҳра Ниёзованинг аризасига биноан, 17 йил муқаддам Яшанободдаги 1 хонали уйда аниқланган қотиллик юзасидан қайта тергов бошланган.

Уйдан топилган икки мурда кўмилган "Ўртасарой" қабристонидаги 2 та - 1060 ва 1061-қабрлар очилган.

Натижада, "Х.Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертиза марказининг 18.05.2017 йилдаги 2666/12Д-сонли ДНК экспертизаси хулосасига кўра "Ўрта-Сарой" қабристонига 02.03.2000 йилда 1060 тартиб рақами остида дафн этилган номаълум шахс 1976 йилда туғилган Ниязов Дилшод Ядгарович эканлиги аниқланган".

Бошсиз жасад

Аммо, қабрлардан чиққан жасадларнинг бош суяклари йўқ.

Ваҳоланки, Озодликка Ниёзовлар оиласи тақдим қилган - 2000 йилдаги эксперт хулосасида - жасадларнинг боши борлиги қайд этилган.

- Қабрни очишди, иккала ўликнинг ҳам боши йўқ. Мана сизга яна битта муаммо. Ҳеч ким билмайди, акамнинг ўлигининг боши қаерда? 17 йил излаб, 23 ёшида ўлиб кетган бечора акамнинг жасадни топдим - энди бошини топиш керак. Терговчига ҳам янгилик бўлди. Бу ички ишларнинг биз билмаган яна қанча фош қилинмаган сирлари бор экан, жиноятлари бор экан?! - дейди кўргуликларидан даҳшатга тушган Лобар Бахметова.

17 йилдан сўнг топилган бошсиз жасад қайта кўмилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:59 0:00

Эгасиз уй мусодараси

2000 йилда қотиллик бўлган уй - Яшнобод туманидаги Фарғона йўли кўчасида жойлашган 10 "б" уйнинг 104-хонадони 2015 йилнинг 24 ноябрида Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳисобига мусодара қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси номи билан имзоланган ҳужжатда, бу хонадоннинг 2015 йил 17 июнда қўшмачилик жинояти иши доирасида чиқарилган ҳукмга биноан "жиноят қуроли сифатида давлат эгалигига ўтказилган"и айтилган.

Лекин, Лобар Бахметова Озодликка тақдим этган ҳужжат - Жиноят ишлари бўйча Яккасарой тумани суди ҳукмида 104-хонадон тилга олинмаган.

- Ҳозир, Тошкентда эгаси қидирувда бўлган жуда кўп квартираларни давлат олиб қўйяпти. Акам сиртдан қидирувга бериб юборилгани учун, унинг уйини онамнинг номига ўтказолмаётган эдик йиллардан бери. 2015 йилга келиб эса, қанақадир фоҳишалик ишига қўшиб, қидирувда бўлган акамнинг уйини ҳам шаҳар ҳокимияти олиб қўйган, буни биз кейин билдик. Ваҳоланки, бу уй ўша судни ҳукмида кўрсатилмаган, - дейди Лобар Бахметова.

11 болалик онадан Мирзиёевга ариза

17 йил деганда ўғлининг бошсиз жасадини топган ва марҳум турмуш ўртоғининг хилхонасига кўмишга муваффақ бўлган 67 яшар Гулчеҳра Ниёзова, аризасига кўра, шу кунда болалари ва набираларидан иборат 14 кишилик оила билан Сергели тумани, Қўйлик массивидаги "4 хонали уйда қайд этилган ва яшамоқда".

Унинг қизи Лобар Бахметова эса 17 йилдан буён марҳум акасига қарашли Яшнободдаги 1 хонали уйда яшамоқда. Лобарнинг 4 нафар фарзанди бор.

Аммо, уйни марҳумнинг номидан - меросхўр номига ўтказиш уриниши 2000 йилдан бери натижасиз қолмоқда.

- Бир томондан уйланмасдан 23 ёшида ўлиб кетган акамдан ёлғиз ёдгорлик шу уй - уни сақлаб қолишга ҳаракат қилаяпмиз. Иккинчи томондан, шу уй бизндек катта оилага жуда ҳам зарур. Мен 2000 йилдан бери 4 болам билан шу уйда яшайман. Биз отасиз ўсганмиз, онам 11 болани ёлғиз катта қилган. Президентимиздан шу муаммоимизни ҳал қилиб беришларини илтимос қиламиз, - дейди Лобар Бахметова.

Озодлик тошкентлик Ниёзовлар оиласи мурожаати тақдирини кузатишда давом этади.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Муҳим эслатма: OzodMikrofon рукнига бўлган мурожаатлар мазмуни учун Озодлик таҳририяти масъул эмас. Бу рукн муштарийларга ўз фикрини эркин ифода қилиши учун берилган минбардир!

XS
SM
MD
LG