Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:00

OzodMikrofon: "Ногирон набирам, Spiderman бўлиб, отасини мелисадан қутқармоқчи"


Отасининг кўз ўнгида ҳибсга олинганидан буён оғир психологик жароҳатни бошидан кечираётган 11 яшар ногирон боланинг бувиси - тошкентлик пенсионер Шоҳида Иноғомова "Ўзбекистонда болалар оталар учун жавоб берадими?" деган савол билан президентга мурожаат қилди.

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида истиқомат қиладиган Шоҳида Иноғомовага кўра, ўтган йил 19 октябрь куни тонгги соат 6:15да уйига ИИВ ходимлари бостириб кирган ва бақир-чақир билан тинтув қилиб, ўғли Иноғомов Ҳусниддинни ҳибсга олган.

Аёлнинг иддао қилишича, ички ишлар ходимлари "қонунга зид равишда, ўта қўпол шаклда ҳаракат қилган". Бунга гувоҳ бўлган 4 набирасидан бири - 11 яшар ногирон бола Асадуллоҳнинг руҳий аҳволи кескин ёмонлашган ва ҳанузгача ўша оғриқли ҳодиса таъсири остида азоб чекмоқда.

- Саҳар соат 6:15 да эшик қўнғироғини бир неча марта тўхтовсиз жиринглатишганда, набираларим ҳам уйғониб кетишган. Ўғлимни: "Сизда гапимиз бор", олиб чиқиб кетишган. Лекин, орадан озгина ўтиб, 6 таси уйга бостириб кирган ва ҳаммаёқни тинтишни бошлашган. Келиним бечора карахт, 4 набирам шокда. Бақир-чақир қилишган, қўполлик билан. Шундан бери набираларимнинг ҳаммаси шокда,- дея шикоят қилди Шоҳида Иноғомова.

Унинг айтишича, 11 яшар набираси - Асадуллоҳ Абдуҳакимов ёшлигидан ногирон - 3 ёшидан бошлаб, Тошкент шаҳар Болалар руҳий-асаб касалликлари марказида рўйхатда туради. Эшитиш қобилияти 70 фоизга кам эди.

Аммо, бувисининг даъвосича, 2016 йилнинг 19 октябрида содир бўлган даҳшатли ҳодисадан сўнг унинг эшитиш қобилияти 90 фоизга камайган.​

Ўша ҳодисадан сўнг Тошкент шаҳар Болалар рухий-асаб касалликлари марказидан берилган хулосада, болага бирор "вазият таъсирида юзага чиққан резидуал-органик фондаги невротик реакция" ташҳиси қўйилди.

Яъни, содда айтганда, хаста болакай тонгги уйқусини ухлаётган пайтда формалиларнинг шовқин-сурони остида отасининг ҳибсга олинишига гувоҳ бўлган кезда психологик жароҳат олган.

- Болам бечора шундан бери сабабсиз йиғлайверадиган бўлиб қолди. Кечалари тушидан йиғлаб уйғонади ва "Дадамни полислар қаёққа олиб кетди, дадам қани?!" деб бақириб йиғлашни бошлайди, юпата олмаймиз. Бир куни қарасам, деворга расм чизиб қўйибди: отаси кишанланган ҳолда ўртада турибди. Икки ёнида мелиса. Тепада девор устидан анув мультфильмдаги ўргимчак одам тушиб келяпти. "Нима бу, болам?" десам: Бувижон, ўргимчак одам менман, анави полисларни чақиб, дадамни қутқараман", дейди. Юрак-бағрим эзилиб кетди, - дейди Шоҳида Иноғомова.

Озодликка тақдим этилган ҳужжатларда қайд этилишича, ўша ҳодисадан сўнг Асадуллоҳ 20 кун давомида даволанган.

Бувиси ҳозирга келиб аҳволи бироз яхшилангани, йиғилари сал босилгани, аммо унинг ҳануз психологик травмадан азоб чекаётганини айтаркан, бунинг олдини олиш мумкин эди, деб таъкидлади.

- Хўп отаси гуноҳкор экан, дейлик. Шу мелисалар саҳарлаб, бақир-чақир қилмасдан, онасига: "Биз тинтув қилишимиз керак, болаларингизни бир чеккага олиб туринг! Вазифамизни бажаришимиз керак", деса бўлмайдими?! Шунга имкон берса, бостириб кирмасдан, шовқин солмасдан, ишини қонун билан бажарса бўлади-ку?! Отаси-ку 6 йилга қамалиб кетди. Лекин, бу боласининг ҳаёти ҳам ўша мелисаларнинг ноқонуний ҳаракатлари билан адо бўлди-ку?! Яна 3 та набирам бор, улар ҳам ҳалигача шокда. Ҳозир, улар ҳам отаси каби ҳақсизликка учради. Мен раҳбарларимиздан бундай ҳаракатга чек қўйишларини сўрайман, отаси учун боласи ҳам қўшилиб жавоб бериши керак эмас! - дейди Шоҳида Иноғомова.

Қуйида бу аёл билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

OzodMikrofon: "Ногирон набирам, Spiderman бўлиб, отасини мелисадан қутқармоқчи"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:58 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG