Россия президенти Владимир Путин NBC телеканалига берган интервьюсида ўтган йили АҚШда бўлиб ўтган президент сайловига Москва аралашганини яна бир карра рад этди ва қўлида Дональд Трампнинг обрўсини тўкиши мумкин бўлган ҳеч қандай материал йўқлигини билдирди.
Путин NBC телекомпаниясининг 4 июнь куни эфирга узатилган “Якшанба кечаси Мегин Келли билан” дастуридаги интервьюсида Россиянинг сайловга аралашгани тўғрисидаги гумонлар билан боғлиқ баҳслардан ўзини четга тортиш учун фойдаланди. Ушбу гумонлар Вашингтонда можаро келтириб чиқарган ва унинг таранглашиб кетган муносабатларни изга туширишга оид умидлари пучга чиқишига сабаб бўлган эди.
Путин АҚШдаги терговларнинг асосий гумонланувчиси Майкл Флинн билан алоқалари аҳамиятли бўлмаганини, ҳатто “у билан гаплашмагани”ни айтди. Жаноб Флинн сайлов кампанияси вақтида Трампнинг маслаҳатчиси бўлган, ишдан бўшатилишидан олдин Оқ Уйда бир неча ҳафтагина миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган эди.
Путин Трампнинг обрўсини тўкиши мумкин бўлган маъумотлар борлиги тўғрисидаги хабарларни инкор қилиб, “бу аҳмоқона гаплардан бошқа нарса эмас. Бунақа маълумотларни биз қаердан олишимиз мумкин?” – деб айтди.
У ўтган ҳафта россиялик ҳакерлар “ватанпарварлиги” сабабли АҚШ сайловига аралашишга уриниб кўрган бўлиши мумкинлигини айтиб, давлатнинг ҳар қандай аралашишини қаътий рад этди. Таъкидлашича, Россиянинг натижаларни ўзгартиришга интилишига зарурат ҳам, истиқболда ҳеч қандай фойда ҳам йўқ эди.
"Бундай қилишга ҳожатимиз ҳам йўқ. Президентлар келади-кетади, ҳатто ҳокимиятдаги партиялар ҳам алмашади, аммо асосий сиёсий йўналиш ўзгармайди", деди Путин.
- АҚШ разведка идораларининг ушбу ҳисоботларида ҳам аниқ бир нарса йўқ – уларда тахминлар ва ўша тахминларга асосланган хулосалар бор, холос. Бор гап шу. Агар аниқ бир нарса – фактлар ҳақида гапирганимизда, гапимизнинг маъниси бўлар эди. Мен бир вақтлар ишлаган ташкилот, яъни КГБда мана бунақа дер эдик: “Бизга манзил, исм ва гувоҳларнинг кўргазмаларини беринглар”. Қани улар?,- деди Путин.
АҚШ разведка ҳамжамияти январь ойида эълон қилган ҳисоботга кўра, “Путин АҚШ президенти сайловини назарда тутиб, 2016 йилдаги кампанияга таъсир ўтказишга буйруқ берган”, бундан кўзланган мақсад АҚШдаги демократия тизимига бўлган ишончга путур етказиш, Клинтонни обрўсизлантириш ва президент сайловида ютиб чиқиш учун Трампнинг имкониятини ошириш эди.
АҚШ расмийлари ва кузатувчиларга кўра, Путин Демократлар партиясидан президентликка номзод Ҳиллари Клинтоннинг сайланиш имкониятини камайтиришга уринди, чунки Клинтон хоним Россиядаги инсон ҳуқуқлари ва демократия, Украинага нисбатан тажовузи сингари масалаларда Россияни кескин танқид қилаётган, унинг Қримни босиб олгани ва Шарқий Украинада 9900 кишининг ёстиғини қуритган урушга аралашгани учун жорий қилинган санкцияларни қатъий қўллаб-қувватлаётган эди.
Путиннинг Клинтон хоним билан муносабатлари совуқлашиб қолган ва уни 2011 йилда, яъни тўрт йиллик бош вазирликдан сўнг қайта президент бўлиш учун тайёргарлик кўраётган пайт Россияда ҳукуматга қарши норозилик намойишларини қўллаб-қувватлаганликда айблаган эди.
Трамп эса, аксинча, сайлов кампанияси давомида дангал қилиб, Россия билан алоқаларни яхшилашга ва террорчиликка қарши ҳамкорликни кучайтиришга ҳаракат қилишини айтди. Путин ҳам узоқ вақтдан бери шунга даъват қилиб келаётган эди.
Путин билан Трамп бир пайтлар бир-бирига таҳсинлар ҳам айтган, аммо Путин АҚШ президенти билан ҳеч қачон “махсус муносабатлари” бўлмаганини билдирган эди.
Жаноб Флиннинг Россиянинг Вашингтондаги элчиси билан мулоқотлари бошқа омиллар қаторида терговларга сабаб бўлди. Путин эса Москвада 2015 йил декабридаги зиёфат чоғида Флинн билан ёнма-ён ўтирган бўлса ҳам, у билан деярли гаплашмагани тўғрисида баёнот берди.
Узоқ вақт КГБ зобити бўлиб ишлаган Путин одатда тафсилотларга эътибор қилишидан, учрашаётган одамлари ҳақида кўп нарсани билишидан, музокара ва бошқа тадбирларга пухта тайёргарлик кўришидан фахрланади.
Путин яна АҚШдаги айрим ОАВларининг Трампнинг куёви ва бош маслаҳатчиси Жаред Кушнернинг Кремль билан махфий алоқа канали очишни таклиф қилганига оид тарқатган хабари ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтди.
У АҚШни бошқа мамлакатларнинг сайловларига аралашишда айблади.
- Аралашиш ҳақида гапирганда ҳамкасбларингиз бу ерда нима иш қилаётганига эътибор қилишингиз керак. Улар бизнинг ички сиёсатимизга боши билан шўнғиб кетган, олдинги қаторда ўтириб олган. Ўзини уйидагидек тутиб, попкорндан баҳраманд бўляпти. Улар бу ерда вақтини чоғ ўтказяпти. Бу бизнинг ички ишларимизга тизимли, сурбетларча ва мутлақо принципсиз аралашув, жумладан, дипломатия идоралари даражасидаги аралашув бўлиб, неча ўн йиллардан бери давом этиб келмоқда. Шу ишни бас қилсангиз, ўзингизга ҳам, бизга ҳам яхшилик қилган бўласиз,- деди Путин.
Таҳлилчиларга кўра, Путин кўпинча Россияга қарши айбловларни инкор қилишга, роль алмашишга айбловчиларнинг ўзини айни ишларни қилганликда айблашга уринади.
Путиннинг анчадан бери Россияда давом этиб келаётган коррупция ва ўзгача фикрловчиларни бекордан-бекорга жазолашга оид берилган саволдан жаҳли чиқиб кетди:
– Нега биздан бунақа саволларни сўрашга ҳаққим бор деб ўйлайсизлар? Ва ҳар доим шу ишни қиласизлар? Ақл ўргатиш ва қандай яшаш хусусида бизга дарс бериш учунми? – деди Путин.