Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:00

БМТ Бош котиби Ўшда 2010 йил қирғини қурбонларини хотирлади


Ўшдаги ўзбеклар жамияти раиси Абдурашид Хўжаев (чапда) ва Ўш вилоят губернатори ўринбосари Ахмаджон Муҳаммаджонов 2010 йил июнь воқеалари қурбонларини хотирлаш маросимида.
Ўшдаги ўзбеклар жамияти раиси Абдурашид Хўжаев (чапда) ва Ўш вилоят губернатори ўринбосари Ахмаджон Муҳаммаджонов 2010 йил июнь воқеалари қурбонларини хотирлаш маросимида.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 11 июнь куни Ўшда 2010 йил қирғинида қурбон бўлганларни хотирлаш тадбирларида иштирок этди.

Ўш ўзбек миллий –маданий маркази президенти Абдурашид Хўжаев БМТ Бош котибини кутиб олганлар ва у билан учрашганлар орасида бўлди. У Гутерришнинг Ўшга қилган ташрифи ҳақида мана буларни айтди:

-Кеча (11 июнь куни) кеч соат 5ларда Гутерриш Ўшга келди. Дастлаб, Ўшда “Оналар кўз ёши” ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди. Шундан сўнг соат 6да ҳокимиятнинг депутатлар залида БМТ Бош котиби шаҳар фаоллари билан учрашди. У ерда Гутерриш “ўзбек ва қирғиз халқи умрбод бирга яшаган, қондош-жондош ва доно халқ бўлгани учун қонли воқеаларни уч кун ичида бартараф этиб, тинчлик ўрната олди. Мана шу тинчликни бундан буён ҳам мустаҳкамлаш керак”, деган гапларни айтди, -деди Абдурашид Хўжаев.

Унга кўра, учрашув чоғида 7 йил аввал Ўшда содир бўлган миллатлараро низони унитиш вақти келганини айрим фаоллар алоҳида таъкидлаганлар.

-Умумий мақсад июнь воқеасини эсдан чиқариш, аслида. Бу воқеани ҳадеб одамларнинг эсига солаверсак, тузалаётган яраларни яна янгилагандай бўлиб қолаяпти. Энди, бундан буёғига тинчлик бўлсин, осойишталик бўлсин, қирғиз билан ўзбекнинг дўстлиги ҳеч қачон бузилмасин, -деди Абдурашид Хўжаев.

Гутерриш 2010 йилда БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссари бўлиб турганида биринчи маротаба Ўшга келган эди. Хўжаевнинг айтишича, БМТ Бош котиби ўша кунларни хотирлади ва қирғинда қурбон бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

“Кўп миллатлилик, турли диний конфессияларнинг мавжудлиги бойлик эканини тушунишимиз керак. Тинчлик ўрнатилиши учун сизлар жуда қаттиқ ҳаракат қилдингиз, бироқ бу жараённи тўхтатиб қўймаслик муҳимдир. Рамазон ойи тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш ойидир”, деди БМТ Бош котиби ўз сўзида.

Бундан 7 йил аввал Ўшда содир этилган этник тўқнашувларда 450ка яқин одам ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ одам яраланган ва минглаб уйлар ёндириб юборилган эди.

БМТ Бош котиби Марказий Осиё сафари давомида Бишкекда президент Атамбаев билан ҳам учрашди. Учрашув пайтида Гутерриш:

-Марказий Осиё сафари доирасида Қирғизистонга ҳам келганимнинг алоҳида аҳамияти бор. Мен Марказий Осиё минтақасидаги барча давлатлар билан тиғиз ҳамкорлик ўрнатиш ниятидаман, -деб билдирди.

БМТ Бош котибининг Марказий Осиё сафари 8-9 июнь кунлари Қозоғистондан бошланган. 10 июнь куни Гутерриш Самарқандда президент Мирзиёев билан учрашди. Қирғизистон сафарини якунлаган БМТ Бош котиби 12 июнда Тожикистонга, 13 июнь куни эса Туркманистонга боради.

XS
SM
MD
LG