Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:10

Қирғизистонда президентлик сайловига старт берилди


Қирғизистонликлар "Оқ Уй" деб атайдиган мазкур бинода президент фаолият юритади.
Қирғизистонликлар "Оқ Уй" деб атайдиган мазкур бинода президент фаолият юритади.

Қирғизистонда 15 июндан бошлаб президегнтликка номзодларни кўрсатиш жараёни расман бошланди. Президентликка номзодлар учун овоз бериш эса 15 октябрда ўтказилади.

Қирғизистон парламенти 14 июнь кунги йиғилишида президентлик сайловини 15 октярда ўтказиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади.

-Конституцияга биноан президентлик сайлови қачон ўтишини парламент белгилаб беради. Бугунги қабул қилинган қарор билан сайловни қачон ўтказиш шартлиги аниқ белгилаб берилди. Энди ҳукумат ва Марказий сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик ишларини бошлайди, -деди парламентдаги ҳукумрон социал-демократлар фракцияси лидери Иса Ўмурқулов.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси президентликка номзодларни кўрсатиш жараёни 15 июндан бошланганини маълум қилди. Комиссия билдирувида таъкидланишича, номзодларни кўрсатиш жараёни 1 августда ниҳоясига етади. 10 сентябрда номзодларнинг сайловолди тарғиботи бошланади. Тарғибот 14 октябргача давом этади. 15 октябрда ўтадиган сайловнинг натижалари эса 4 ноябрь куни эълон қилинади.

Айни пайтда "Ак шумкар" партияси Темир Сариевни, "Ўнугуу-Прогресс" партияси Бакит Тўрўбаевни, "Республика" партияси Ўмүрбек Бабановни, ҳукумрон социал-демократлар партияси амалдаги бош вазир Сўўрўнбай Жээнбековнинг номзодини президентликка кўрсатишини маълум қилди.

"Ата Мекен" партияси эса коррупцияда айбланиб қамоққа олинган партия лидери Ўмурбек Текебаев номзодини кўрсатмоқчи. Агар суд Текебаевга нисбатан “айбдор” деган хулосага келса, Текебаев сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Қирғизистон президент ваколатлари бир муддат билан чекланган Марказий Осиёдаги ягона давлатдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, амалдаги президент Алмазбек Атамбаев сайловда ўз номзодини кўрсатмаслигини, президентлик ваколати якунланиши билан у сиёсатдан кетиши ва ижод билан шуғулланишини бир неча маротаба эълон қилган.

Атамбаев ўзи ҳокимиятдан кетаётганида “ворис операцияси” амалга оширилмаслигини, кейинги президент демократик, ҳолис ва адолатли ўтадиган умумхалқ сайловида сайланишини ваъда қилган.

-Агар мен президент сифатида “Мана бу менинг ворисим бўлади, шуни сайланглар”, деб айтсам, очиғи Қирғизистонда ҳеч қачон демократия бўлмайди. Президентни халқнинг ўзи сайласин, -деган эди Атамбаев.

Бироқ Қирғизистон мухолифати Атамбаевнинг бу ваъдасига ишонмаган ҳолда 13 февраль куни “ворис операцияси”га қарши туриш мақсадида сиёсий форум ўтказган эди. Форумда иштирок этган ўнга яқин нуфузли мухолиф партиялар вакиллари “ворис операцияси”га қарши чора-тадбирлар ишлаб чиққани айтилмоқда.

Атамбаев эса президентлик сайлови халқаро меъёрлар асосида холис ва адолатли ўтишини таъминлашини айтаётир.

Шу билан бир қаторда, халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТ Қирғизистон парламентига 2015 йилнинг 4 октябрида ўтган сайлов “рақобат ва эркин асосда ўтказилиши Марказий Осиёда уникал ҳодиса бўлди”, деб баҳолаган эди.

XS
SM
MD
LG