Ўзбекистон хабарлари
"Ўзбекнефтгаз" раиси: Ўзбекистонда газ тизими "ўлган"
"Сўнгги йилларда газ соҳасини лойиҳалаштириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ҳеч ким унга эгалик қилмаган. Дейлик, қувурлар бор, лекин лойиҳалар тизими бўйича ҳеч ким ҳисоб-китоб қилмаган. Ҳамма ўз билганича уланиб олган. Умумий бир қувур йўқ, эътибор берган бўлсангиз. Шу тариқа Ўзбекистонда газ тизими "ўлган". Натижада чекка ҳудудларнинг газ билан таъминланиши издан чиққан", - деган "Ўзбекнефтгаз" МХК бошқарув раиси Алишер Султонов 14 июнь куни Тошкентдаги Халқаро Пресс-клубда “Ўзбекнефтгаз: янги даврга янги стратегия билан” мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида
Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар қилди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, бугунги кунда газ бормайдиган ҳудудлар ўрганилиб, уларга газ баллонлари, суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.
Алишер Султонов аввал газ билан таъминланган, сўнгги йилларда эса таъминот даражаси паст бўлган ҳудуларга газни қайтариш масаласига ҳам тўхталиб, бундай ҳудудларга давлат дастури асосида кўмир ва суюлтирилган газ етказиб бериш чоралари кўрилаётганини таъкидлади.
"Ўзбекнефтгаз" раҳбари камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилаётгани, янги лойиҳалар йўлга қўйилаётгани ва 2024 йилнинг тўртинчи чорагига қадар бу борада аниқ, катта натижаларга эришилишини қайд этди.
Кун янгиликлари
Блогер Комил Ахмедов ҳибсга олинди
Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона вилояти Қўқон шаҳар бўлими ва Қўқон шаҳар ИИБ томонидан ўтказилган амалиёт чоғида блогер Комил Ахмедов ҳибсга олинган. Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги исми очиқланмасликни сўраган манба маълум қилди.
Манбага кўра, Комил Ахмедов ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Қўқон шаҳар Чархий кўчасидаги кўп қаватли уйнинг пастида жойлашган 3-сонли дорихонада таъқиқланган психотроп дорилар сотилаётгани ҳақида хабар қилган. Дорихона мутасаддилари блогер билан боғланиб, хабарни ўчиришни сўрашган.
Хабарда шаҳардаги дорихоналарда трамадол, лирика сингари таъқиқланган препаратлар яширинча сотилаётгани айтилади.
Тергов органининг дастлабки суриштирувларига кўра, дорихона эгаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига блогер хабарни ўчириш учун 5000 АҚШ доллари талаб қилганини айтган ва у пулнинг бир қисмини олаётган пайтда ушланган.
Блогер Ахмедовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси 2-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга қадар текшириш олиб борилмоқда.
Қўқон шаҳар ИИБнинг навбатчилик қисми блогерга оид бу ҳодисани тасдиқламади, бироқ инкор ҳам қилгани йўқ.
Ижтимоий тармоқларда блогер Комил Ахмедовнинг ҳибсга олиниши жараёни акс этган видео тарқалди. Унда блогернинг қўлига кишан солингани ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари экани англашилган кишилар ҳамроҳлигида олиб кетилаётганини кўриш мумкин.
Блогернинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ бошқа тафсилотлар маълум эмас. Аммо ҳодиса ва расмий тергов ўтмишда бошқа блогерларга нисбатан илгари сурилган айбларни ёдга солади.
Биргина ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистонда 10 дан зиёд блогер таъмагирлик айблови билан қамоққа ташланган.
Халқаро ташкилотлар ушбу жиноят ишлари сўз эркинлиги билан боғлиқ эканини таъкидлашади, аммо ўзбек расмийлари уларнинг блогерлик фаолияти учун эмас, балки жиноий қилмиши учун жазоланганини иддао қилиб келадилар.
Яна бир ҳоким муовини талон-торож ортидан қамалди
Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳокимининг ўринбосари Ғулом Бектемиров 1 йил давлат идораларида мансабдорликда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Суд уни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топган.
Kun.uz нашрининг суд ҳужжатларига таянган ҳолда хабар қилишича, халқ депутатлари Тахиатош тумани кенгашининг 2023 йил 23 июнидаги қарори билан “Universal Energo Ғaiz Stroy” МЧЖ тумандаги ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумида иситиш тизимларини амалга оширишда хусусий шерик сифатида киритилган. Сўнгра туман ҳокимлиги ва МЧЖ ўртасида жами 12 миллиард 440 миллион сўмлик (шундан 6 миллиард 220 миллион сўми бюджет маблағи) давлат-хусусий шериклик битими тузилган.
Мазкур битимда тумандаги 49 та ижтимоий соҳа объектида 173 та янги иситиш қозони ўрнатилиши ва иситиш тизимлари модернизация қилиниши, кўмир учун омборхона қурилиши ҳамда бошқа таъмирлаш ишлари бажирилиши белгиланган. Аммо ҳоким ўринбосари Ғулом Бектемиров МЧЖ раҳбари Аманбай Карашаев билан тил бириктирган ҳолда лойиҳа-смета ҳужжатларида назарда тутилган ишларни тўлиқ бажармасдан, сохта ҳисоб-фактура тайёрлашган.
Шу тариқа 760 миллион сўм бюджет маблағи ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилинган.
Ҳоким муовини, шунингдек, ҳокимлик балансида бўлган ва режавий бузилишга тушган уйни бузиш ҳамда ундан чиққан материалларни сотиш ваколатини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига маҳаллий фуқародан 32 миллион сўм олган.
35 ёшли Ғулом Бектемиров 2022 йил май ойидан Тахиатош тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалиги, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Аввалроқ Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокими ўринбосари 7 йилга қамалгани, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳокими муовини эса 5 минг доллар пора билан ушлангани хабар қилинганди.
Ўзбекистон йилига 13 миллиард куб метр сув йўқотяпти
Президент Шавкат Мирзиёев 7 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ва энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш масалалари юзасидан йиғилишда мамлакатдаги каналларни бетонлаш юзасидан топшириқ берди.
Президент матбуот хизмати ёйинлаган маълумотга кўра, йиғилишда мамлакатдаги 18 минг километр магистрал ва 94 минг километр ички каналларни бетонлаш зарурлиги, ноябрь-март ойлари бетонлаш учун энг қулай вақтлиги уқтирилган.
Ўзбекистон каналларда йилига 13 миллиард куб метр сув йўқотиляпти. Бу Андижон, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарёнинг бир йил ишлатадиган сувига тенгдир.
Масъул идораларга 66 та магистрал канал лойиҳаси ва экспертизасини якунлаб, қурилиш ишларини тез фурсатда бошлаш, бунга арзон цемент етказиб беришни ташкил қилиш топширилган.
Ҳокимлар олдига фермер ва кластерлар билан биргаликда 1 апрелгача 15 минг километр ички ариқларни бетон қопламага ўтказиш вазифаси қўйилган.
Келгуси йилда бетонлашга 800 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.
Таъкидланишича, мутасаддилар каналларни бетонлашга ажратилаётган ҳар бир сўмни мақсадли, тежамкорлик билан тўғри ишлатиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирилган.
Ҳисоб-китоблар 550 километр канал ва ариқлар бетонлангани ортидан йилига 450 миллион куб метр сув иқтисод бўлаётганини кўрсатган.
Бош прокуратурадан ҳаво ифлосланиши юзасидан чора кўриш сўралди
Ўзбекистон Экологик партияси Тошкентда атмосфера ҳавоси ифлосланиши юзасидан хавотир билдириб, Экология вазирлиги ҳамда Бош прокуратурадан бу борада тезкор чора кўришни сўради.
Экопартияга кўра, Тошкент шаҳри ҳавосининг куз-қиш ойларида кўпроқ ифлосланаётганига зарарли ташламалар, турғун манбалар ва транспорт воситалари кўпроқ сабаб бўлмоқда. Партия иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талаби ортиши сабаб углеводородлар ва кўмир ёқилғисидан фойдаланишнинг ошиши кузатилаётганини ҳам қўшимча қилган.
Тошкент шаҳри атрофида 1314 гектар майдонда 631 та иссиқхона фаолият юритяпти. Уларнинг 60 фоизи кўмирдан, баъзан эса резина шиналар ва бошқа ёнувчи воситалардан фойдаланяпти. Экопартия таъкидича, шаҳар ҳавосининг ёмонлашувига ушбу иссиқхоналарнинг таъсири кўп.
Шунингдек, ҳаво ифлосланишига кўп саноат корхоналарида ускуналарнинг эскиргани ва аксар корхоналар замонавий фильтрлар ўрнатмаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.
Айни пайтда ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчилари ҳаво ифлосланиши муаммосининг туб илдизи энергетика соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ эканини таъкидлаб келади.
Озодлик учинчи ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳри ҳавосида заҳарли заррачалар миқдори 780 мкг/м3 даражагача ошгани, ифлосланишнинг асосий сабаби бўлмиш PM2,5 заррачаси ЖССТ тасдиқлаган меъёрдан 93,2 баробардан ортиб кетгани ҳақида хабар берганди.
Жаҳон банки ҳисоботига қараганда, Тошкентда PM2,5 майда заррали чанглар таъсири оқибатида йилига ўртача 3042 киши бевақт вафот этади.
МИБ кўп миллиардлик қарзлардан кўз юмгани аниқланди
Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туман бўлими мансабдор шахслари иш юритувидаги ижро ҳужжатларини асоссиз тамомлаши оқибатида фуқаро, жамият ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилгани аниқланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълум қилишича, МИБ 202,9 миллиард сўмлик 200 та ижро ишида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган.
Жумладан, бюронинг туман бўлими иш юритувида бўлган “С.Б” МЧЖдан давлат фойдасига 19 миллиард сўмлик, “П.П” МЧЖдан 179,2 миллион сўм солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ишлари қонунчилик талабларига зид равишда асоссиз тугатилгани оқибатида солиқ қарздорлиги ундирилмай қолган.
Шунингдек, “СCГ” МЧЖдан 26,3 миллиард сўм, “Р.Ф.П.” МЧЖдан 19,4 миллиард сўм ва “Я.М.С.Э.Т” МЧЖдан 1,7 миллиард сўм солиқ қарзларини ундириш тўғрисидаги ижро ишлари мазкур корхоналар фаолият юритиб келаётган манзили аниқ бўлcа-да, асоссиз тамомланган.
Аксилкоррупция идорасига кўра, МИБ яна қатор ҳолатларда қарздорнинг номига расмийлаштирилган мол-мулк мавжуд бўлатуриб, солиқ тўловига оид ишларни якунланган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳри прокуратураси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатгани маълум қилингани ҳолда, кўп миллиардлик маблағларга доир ижро ҳужжатларини ўзбошимчалик билан ёпишга сабаб бўлган мотивлар очиқланмаган.
Ушбу хабар тарқалгач, ижтимоий тармоқларда ижро ҳужжатларини асоссиз равишда ёпиб юбориш МИБнинг барча тузилмаларида кенг ёйилгани ҳақида иддао илгари сурилди. Ҳисоб палатаси ва Аксилкоррупция идорасидан бу бўйича текширувларни кенгроқ кўламда ўтказиш таклиф этилди.
Тошкентдан Иссиқкўлга поезд қатнови йўлга қўйилади
Тошкентдан 2025 йилнинг ёзидан Қирғизистондаги курорт ҳудуд саналган Иссиқкўлга поезд қатнови йўлга қўйилади.
“Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизмати маълумотга кўра, Тошкент–Балиқчи йўналишидаги туристик поездлар қатнови Иссиқкўл йўналишида сайёҳлар оқимини ошириши кутилмоқда.
Поезд қатнови масаласи Ўзбекистон ва Қирғизистон темирйўл маъмуриятлари ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинган.
МДҲга аъзо давлатлар темирйўл транспорти бўйича кенгашнинг 81-йиғилиши доирасида учрашган “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ бошқарув раиси З.Нарзуллаев ва “Қирғиз темирйўли” давлат корхонаси раҳбари А.Сакиев юк ташиш ҳажмини ошириш ва тариф чегирмаларини қўллаш масалалари юзасидан ҳам фикрлашган.
Шунингдек, икки давлат ўртасида кўмир, цемент ва бошқа маҳсулотларни ташишда “Темирйўлкарго” АЖ юк вагон паркларидан фойдаланиш ҳамда тарози хўжалиги объектларини таъмирлаш масалалари кўриб чиқилди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон пойтахтидан поезд қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилаётган Балиқчи шаҳри Иссиқкўлнинг ғарбий қисмида жойлашган.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги жорий йил 10 июндан Тошкент шаҳридан Иссиқкўл соҳилида жойлашган курорт шаҳар – Чўлпонотага мавсумий автобус қатнови йўлга қўйилганини маълум қилганди. 1060 километрга узанган, 20 соатлик йўл учун чипта нархи 300 минг сўм қилиб белгиланганди.
Фарғонада хот-догдан заҳарланган 4 киши касалхонага ётқизилди
Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 6 ноябрь куни хот-дог истеъмол қилгани ортидан заҳарланган тўрт киши касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмита ахборот хизмати маълумот тарқатди.
Cанэпидқўмита вакиллари томонидан ўтказилган суриштирув давомида беморларнинг 2 нафари 2024 йил 5 ноябрь куни тушлик вақтида Ўзбекистон тумани "Яйпанбозорбош" МФЙ, Ибн Сино кўчасида фаолият олиб бораётган фастфуд маҳсулоти тайёрлаб сотиш шохобчасида, яна 2 нафар бемор эса мазкур туманнинг "Оқтепа" МФЙ, "Туркистон" кўчасида фаолият олиб бораётган “OQTEPA MINI FOOD” номли фастфуд маҳсулоти тайёрлаб сотиш шохобчасида хот-дог маҳсулотини истеъмол қилганлари маълум бўлган.
Врачлар кўригидан ўтган бу кишилар “ошқозон-ичак фаолиятининг функциясини бузилиши” ташхиси билан туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли Юқумли касалликлар бўлимига ётқизилгани, “беморларнинг умумий ҳолати қониқарли” экани айтилган.
Ҳолат ўз мутахассислари томонидан тўлиқ назоратга олингани ҳақида билдирган Санэпидқўмита заҳарланишга сабаб бўлгани айтилаётган фастфуд маҳсулоти тайёрлаб сотиш шохобчалари айни пайтда фаолият юритиб-юритмаётганига аниқлик киритган эмас.
Қўқонда террористик фаолиятда гумонланган 11 киши қамалди
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти тарафдори экани айтилган фарғоналик 11 кишига нисбатан 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани ва Қўқон шаҳрида яшаган бу одамлар ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари чоғида қўлга олинган.
Улар 2021-2023 йиллар давомида “Қўқон шаҳрида жойлашган чойхоналарда “шанбалик ошлар” ниқоби остида йиғинлар ташкил этиб, унда Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий, Яҳё Туркистоний ва бошқаларнинг жиҳод ҳамда шаҳидликка, ислом давлати қуришга чорловчи, диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларини эшитишлари натижасида динга мутаассибларча берилиб, экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлаб келишган”и иддао қилинмоқда.
Улар Ўзбекистонда амалда бўлган давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ва “Халифалик” давлати қуришга қаратилган ғояларни ўзаро муҳокама қилишгани айтилмоқда.
Судланувчилардан 2 нафари Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти фаолиятида иштирок этиб келаётган қўқонлик Жасур исмли шахсга моддий ёрдам бериш мақсадида 2023 йилнинг июль ва август ойларида 3000 АҚШ долларига яқин маблағ юборишганини эътироф этишган.
Судланувчиларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155-3 (Терроризмни молиялаштириш), 159 (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) , 244-1 (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244-2-моддалари (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айблов билдирилган, суд эса уларни айбли деб топган.
Ўзбекистонда пропан ҳам, АИ-80 бензини ҳам қимматлади
Жорий йил 5 июнидан 5 ноябригача бўлган даврда биржа савдоларида пропаннинг 1 тоннаси 5,3 миллион сўмдан 10,2 миллион сўмга ёки 91,4 фоизга ошди.
“1 август куни Рақобат қўмитаси биржа орқали реализация қилиниши белгиланган суюлтирилган газ маҳсулотининг қўйилиши ва сотилиши юзасидан тегишли ўрганишлар олиб бориб, қўшимча ахборот берилишини маълум қилганди. Ўтган давр мобайнида пропан нархи янада қимматлашди, қўмита эса ўрганиш ишларининг натижаси ҳақида маълумот бергани йўқ”, деб ёзди Kun.uz нашри.
Аввалроқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов пропан нархи кескин қимматлаганини ишлаб чиқариш етарли даражада ошмагани ҳолда, пропанда ҳаракатланувчи автотранспортлар сони 1,57 баравар кўпайгани билан хаспўшлаганди.
Пропаннинг ошиши манзарасида харидоргир саналган АИ-80 бензини нархи ҳам кўтарилиб боряпти.
5 ноябрь куни ушбу маркадаги бензиннинг 1 тоннаси 9 миллион 998 минг сўмгача кўтарилди. Ўтган йилнинг ушбу даврида у 7 миллион 375 минг сўмдан сотилган. Шу тариқа йил давомида маҳсулотнинг биржа нархи 26,2 фоизга ошган.
Охирги ойларда ҳудудлардан пропан ва АИ-80 бензини тақчиллашгани ҳақида хабарлар келмоқда.
Ўзбекистон Европа Иттифоқининг сунъий йўлдош тармоғига уланади
Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларига қадар замонавий рақамли алоқани етказиб бериш учун мамлакатни сунъий йўлдош тармоғига улаш устида ишламоқда. Бу ҳақда Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Тошкентда 6 ноябрь куни бўлиб ўтган “Ўзбекистонда Европа иқтисодиёти кунлари” бизнес-форуми қатнашчиларига йўллаган видеомурожаатида гапирган.
Gazeta.uz нашри қайдича, Урсула фон дер Ляйен сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Европа “мисли кўрилмаган даражада бир-бирига яқинлашгани”ни урғулаган.
“Сиз нафақат Осиёда, балки глобал савдо йўналишлари ва инвестиция оқимларида ҳам ўз марказий ўрнингизни қайтармоқчисиз. Европа эса Ўзбекистоннинг минг йиллик тарихидаги ушбу янги бобда сизнинг ҳамкорингиз бўлишни истайди”, деган Еврокомиссия раҳбари.
Маълумотларга кўра, Европа 2021 йилдан ўзбек маҳсулотлари учун ўз бозорини очгач, тўқимачилик ва металлургия маҳсулотлари экспорти жадал суръатда ўсган.
Урсула фон дер Ляйен ЕИ “Глобал дарвоза” дастури орқали Ўзбекистонни дунё билан янада мустаҳкам боғланиш бўйича қўллаб-қувватлаётгани, хусусан, Европадан Шарқий Осиёга энг қисқа ва хавфсиз йўналиш бўлган Транскаспий йўлагига 10 миллиард еврогача инвестиция киритаётганини айтган. Ушбу йўлак Европа ва Марказий Осиёни 15 кундан камроқ вақт ичида боғлашга имкон беради.
“2024 йилнинг апрель ойида муҳим минералларни етказиб бериш занжири тўғрисида битим имзоладик. Баъзи инвесторлар фақат хомашё қазиб олишдан манфаатдор эканини биламиз, лекин биз ундай эмасмиз. Биз энг юқори стандартлар асосида маҳаллий аҳоли учун иш ўринлари ва қўшилган қийматга эга маҳаллий ишлаб чиқаришни яратишни қўллаб-қувватламоқчимиз”, деган европалик юқори лавозимли мулозима.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил июль ойида Урсула фон дер Ляйенга Европа комиссияси президенти лавозимига қайта сайлангани муносабати билан йўллаган табрик мактубида Ўзбекистон ЕИ билан муносабатларда мутлақо янги саҳифа очадиган Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битимни тез орада имзолаш тарафдори эканини маълум қилганди.
Қарзга ботган туман ҳокимлиги қимматбаҳо машина харид қилди
Андижон тумани ҳокимлиги 335 миллион сўмга қора рангли Captiva 5T Premler автомобилини харид қилди.
Daryo.uz нашрининг давлат харидлари портали маълумотларини ўрганган ҳолда ёзишича, ҳокимликнинг автомобиль сотиб олишга оид қарори Адлия вазирлигининг “E-qaror” ягона электрон тизими платформасида яшириб қўйилган. Шунингдек, ҳужжат ХДФУ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) ёрлиғи билан махфийлаштирилган.
Ўрганишлар жараёнида бир неча юз миллионга автоулов сотиб олган Андижон тумани ҳокимлиги гарданида 68 та ижро ҳужжати бўйича жами 6 миллиард 680 миллион 575 минг сўм қарз мавжудлиги, уларнинг айримлари бир неча йиллардан буён тўланмай келаётгани, ҳокимликнинг айрим мулклари тақиқда экани ҳам ўртага чиққан.
Daryo.uz ҳокимликнинг автомобиль харидига оид қарорни яшириб қўйгани қонунчиликка нечоғли мувофиқ келишини савол остига олган.
Сўнгги вақтларда давлат идоралари амалдорларининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларга қимматбаҳо машиналар сотиб олаётгани, вазирлик ва ҳокимликларнинг кўплаб ҳужжатларни жамоатчилик ҳукмига ҳавола этмай махфийлаштираётгани эътирозга сабаб бўлмоқда.
Эрдўғон Ўзбекистонни ўртоқ туркий алифбога ўтишга чақирди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 6 ноябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммитидаги нутқида ўртоқ туркий ёзувнинг аҳамиятини урғулади, дея хабар қилди Қирғизистоннинг 24.kg агентлиги.
“Бизнинг умумий алифбомиз келажакни биргаликда барпо этишимизнинг яна бир белгиси саналади. Туркия, Озарбайжон ва Шимолий Кипр ўртоқ туркий алифбога ўтишга тайёр. Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам янги алифбога ўтиш йўлини тутса, мақсадга мувофиқ бўларди”, деган Туркия президенти.
Озодлик аввалроқ ТДТ мамлакатлари ҳарфлар ва диакритик белгилар борасидаги кўп йиллик келишмовчиликларни енгиб ўтиб, 34 ҳарфдан иборат ўртоқ лотин алифбосини қабул қилишга келишгани ҳақида хабар қилганди.
Ўртоқ алифбо бўйича мунозаралар 1990-йиллар бошларида, Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Туркия Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби туркий давлатлар билан яқинроқ алоқалар ўрнатишга интилган пайтда бошланган.
34 ҳарфли ўртоқ ёзувнинг якуний вариантини тайёрлаган олимлар бу алифбо ушбу мамлакатларда қўлланадиган туркий тилларнинг ўзига хос хусусиятларини акс эттиришини таъкидлашади. Аммо таҳлилчилар Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари “Кремль омили” туфайли умумий алифбога ўтишга ҳассос масала сифатида қарашларини айтишади.
ТДТ таркибига Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон киради. Туркманистон, Венгрия ва тан олинмаган Шимолий Кипр давлати мазкур ташкилотда кузатувчи мақомига эга.
“Тахтақорача” довонидаги фавқулодда ҳодиса туфайли уч киши нобуд бўлди
Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидан ўтган “Тахтақорача” довонида Cobalt автомобилини харсангтош босиб қолиши оқибатида уч киши ҳалок бўлди.
Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳодиса 6 ноябрь куни соат 15:45 ларда Қайнар қишлоғининг М-39 Тошкент–Термиз автомобиль йўлида рўй берган.
Автомобиль Китоб туманидан Самарқанд шаҳри томон ҳаракатланаётган бўлган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратларда тоғдан думалаб тушган катта тош машинани мажақлаб ташлаганини кўриш мумкин.
Ҳодиса ортидан “Тахтақорача” довонида ҳаракат вақтинча чекланган.
Маҳаллий блогерлар Cobalt машинасида ҳайдовчи билан бирга венгриялик уч нафар сайёҳ бўлгани, уларнинг барчаси ҳалок бўлгани ҳақида ёзишди.
Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи “Тахтақорача” довони қиш мавсумида автомобиллар ҳаракати учун тез-тез ёпилиб қўйилади.
Болани камбағаллик сабабли Меҳрибонлик уйига бериш амалиёти бекор қилинади
Ўзбекистонда фарзандларни оиланинг камбағаллиги туфайли Меҳрибонлик ва Болалар уйларига жойлаштириш амалиёти бекор қилинмоқда. Бу ҳақда 5 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тақдимотида маълум қилинган.
Президент матбуот хизматига кўра, Болалар уйларида “Оналар маскани” ташкил этилиб, унда боласидан воз кечмоқчи бўлган оналар жойлаштирилади. Уларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатилади ҳамда касб эгаллашига кўмаклашилади.
Шунингдек, эндиликда камбағал оила вакиллари ишга жойлашган тақдирда, боласи уч ёшга тўлгунча боғча харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя жамғармасидан компенсация берилади.
Ўзбекистон президенти 23 сентябрь куни имзолаган фармон асосида қабул қилинган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурида ҳам ижтимоий етимликнинг олдини олишга доир вазифалар белгиланган. Унга мувофиқ, мамлакатда болани тарбияга беришда оила муҳитини сақлаб қолишга устуворлик берилади. Бунда аввало васийлик, ҳомийлик ёки фарзандликка бериш қўллаб-қувватланади. Ихтисослаштирилган муассасага энг сўнгги чора сифатида жойлаштирилади.
Маълумот ўрнида: 2021 йилда мамлакатдаги Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари Миллий гвардияга бириктирилганди.
“100 мингта лайк учун отасини урмоқчи” бўлган блогер қамалди
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи блогер 15 суткага қамалди.
Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлагановга кўра, 2000 йилда туғилган фуқаро У. С. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида кўзда тутилган ҳуқуқбузарлик, яъни майда безориликда айбдор деб топилган.
“Мамлакатимизда ижод эркинлиги чекланмаган, аммо бу қонунбузарлик эвазига эмас. Унутманг, интернет тармоқлари орқали ҳам, содир этилган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ёки жиноят учун жавобгарлик ва жазо муқаррар!” дея огоҳлантирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва блогерларни ИИББ матбуот котиби.
Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда блогернинг 100 мингта “лайк” учун отасини уриши, 200 мингта “лайк” учун эса отасини қариялар уйига топшириши баён қилинган видеоси тарқалганди.
Озодлик аввалроқ TikTok ва YouTube платформаларида Sardor gangster тахаллуси билан танилган блогер Сардор Сафарбоевга нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабар қилган эди. Жиноят ишига блогернинг “хотини қиз фарзанд туғса, чиқиндига ташлаши”ни айтгани сабаб бўлган.