Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:29

Мирзиёев селектор мажлисида имомлардан "рўйхатдагилар"ни саралашни сўради


15 июнь куни президент Мирзиёев мамлакат имомлари ва диний хизматчилар иштирокида, видеоселектор мажлиси ўтказди. Мажлис иштирокчиларидан бирига кўра, мамлакат бўйлаб 10 мингдан зиёд киши қатнашган йиғиндаги асосий гап "қора рўйхат" аталмиш рўйхатга тушган диндорларни қайта текшириш, қамоқдаги диндорларнинг оиласи билан ишлаш ҳақида бўлган.

“Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, муқаддас динимиз софлигини асраш - давр талаби” мавзуида Тошкент шаҳрида Президент ўзи ҳозир бўлган залда ўтказилган ва вилоятлар марказларидаги мажлис залларига видеотрансляция қилинган йиғилиш 7 соат давом этди.

Хусусан, Андижон вилоят ҳокимлигига барча туманлардан эрталаб соат 7 га чақирилган имомлардан бири мажлис жуда "ғайрат ва шижоат билан" ўтказилганини айтди.

"Эрталаб соат 7 га чақиришган эди бизни. Соат 8 ларда бошланди, соат 14 гача бўлди. Жуда қизиқ мажлис бўлди, қизиқ гаплар бўлди. Президент ғайрат-шижоат билан нақд 5 соат гапирди. Андижондан ҳам 50 та имом борган", деди исмини сир сақлаётганимиз имом Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Kun.uz сайтининг ёзишича, йиғилишга диний хизматчилардан ташқари "туман ва шаҳар ҳокимлари, ёшлар ва хотин-қизлар бўйича ҳоким ўринбосарлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари, халқ таълими, банклар, “Маҳалла”, “Нуроний”, “Камолот”, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ва умумтаълим мактаблари директорлари..." таклиф этилган.

Тошкентдаги бошқа ишончли манбалар Озодликка ушбу йиғинга республиканинг турли вилоятларидан 1 минг 200 нафардан ортиқ имом таклиф қилинганини билдирган.

Андижонлик имом 10 мингдан ортиқ одам қатнашган селекторда, асосан, президент Мирзиёевнинг ўзи гапиргани ва энг муҳим масала - диний-сиёсий айбловлар билан рўйхатларга тиркалган минглаб фуқаро ишини қайта текшириш бўлганини айтди.

"Озгина хатоси учун, телефонида биттасига билиб-билмай бирор нарса кўрсатиб, жўнатиб қўйгани учун ҳам оқимчига чиқариб, рўйхатга қўшилаверган, ўзи яхши, тоза одам бўлса ҳам. Бу рўйхатдагиларнинг ҳаммаси билан гаплашиб, текшириб, оқлайсизлар. Йилнинг охирида менга ҳисоботини берасизлар, деб айтди", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда селектор мажлиси иштирокчиси бўлган имом.

Бундан ташқари, ушбу йиғинда президент республиканинг ҳар бир туманида 10 кишилик махсус комиссия тузилишини айтган.

"ИИВ, МХХ, Прокуратура, ҳокимият, маҳалла, масжид ва ҳоказо ташкилотлардан бир кишидан - жами 10 кишилик группалар тузиб, рўйхатга тушганлар билан бирма-бир гаплашасизлар, тарғибот-ташвиқот қиласизлар, деди. Текшириб, яхшиларни рўйхатдан чиқариб, озгина хато қилганларни аниқлаб, оқлайсизлар. Бунда имомлар ўткир, фаол бўлинглар, деди. Йил охирида ҳисоботини оламан, деди президент",- деди андижонлик имом.

Унинг айтишича, яна бир жиддий гап диний-сиёсий мотивлар билан айбланиб, қамалганларнинг оиласи-болаларига эътибор ҳақида бўлган.

"Отаси гуноҳкор бўлса, боласи жавобгармас. Уларнинг болаларини ташлаб қўйгансизлар, деди. Шуларнинг болаларини бағрингизга олинглар, лагерларга жўнатинглар, ўқишга киришига ёрдам беринглар. Улар билан ҳам ишланглар, деб топшириқ берди. Жуда яхши гапларни айтди президент", деди селектор иштирокчиси.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси мулозимига кўра, президент Шавкат Мирзиёев 15 июн кунги йиғинда қатнашиш учун Тошкентга таклиф қилинган имомларга "Наврўз" ресторанида ифтор ҳам берилади.

Андижонлик имом эса президент номидан вилоят марказларида ҳам имомларга ифторлик берилиши ва бу ифторликлар "марҳум президент Ислом Каримов руҳига бағишланиши"ни айтди.

"Андижоннинг Тошкент пирим, деган жойида катта ресторанда президент ифторига чақирилганмиз биз ҳам. Наманган, Фарғона, шунақа бошқа вилоят марказларида ҳам ифтор бўлади, ифторларни ҳаммаси Ислом Каримовнинг руҳига бағишланади, деб президентнинг ўзи айтди", деди андижонлик имом.

Президентнинг мамлакат имомларини Рамазон ойида пойтахтга йиғиб, ифторликка даъват қилиши Ўзбекистон тарихида илк бор кузатилаётган ҳодисадир.

Шу боис, ижтимоий тармоқларда бу воқеани ҳаяжон билан кутаётган, унга ижобий ва салбий муносабат билдираётганлар кўп бўлмоқда.

Жумладан, Facebook фойдаланувчиларидан бири: "Эртага пешингача катта йиғилиш, шомда “Наврўз”да ифторлик бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёв, расмийлар ҳамда мингдан ортиқ (1200 нафар дейилди) имом иштирокида маросим ўтказилади. Биз фикр-мулоҳазаларни, таклифларни айтдик. Буёғи тадбирда қатнашувчиларда қолди", деб ёзди.

Яна бир фойдаланувчи ҳам илк бор мамлакат президенти билан ифторликка кирадиган имомлар Тошкентдаги диний таълим масканларидан бирида машқ қилдирилаётгани ҳақида ёзди:

"Айни вақтда танлаб олинган 28 имом ТИУ да репетиция қиляпти экан. Нима имомлар шунчалик оми, уқувсиз одамларми?! Йўқ, албатта. Баъзи мансабдорлар томонидан исталмаган иш - у имомлардан бирининг мусулмонлар диний таълим олишларини осонлаштириш ҳақида фикрларини гапириб қўйишидан қўрқишади! Шу ерда ҳам ишни ҳақиқий эгалари бажармияпти. Миллатга ва Президентга хиёнат қилишяпти".

Шу тариқа, 15 июнь оқшом, Тошкент вақти билан, соат 8 да "Наврўз" ресторанида президент Мирзиёев ифтор бериши кутилмоқда.

Янгиликларни Озодликда кузатинг!

XS
SM
MD
LG