Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:33

Тожикистондаги машҳур ўзбек шоири Ўлмас Жамол вафот этди


Шоир Ўлмас Жамол.
Шоир Ўлмас Жамол.

Ўзбек ва тожик адабиётининг таниқли вакили, “икки чаман булбули”, “ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги кўприк” каби сифатлар билан таърифланувчи шоир, “Тожикистонда хизмат кўрсатган журналист” Ўлмас Жамол 27 июнь куни 83 ёшида вафот этди.

Ўлмас Жамол Озодлик радиосига ўзининг 80 йиллиги муносабати билан берган сўнгги интервьюсида:

Ўлмас деган ном билан ўлмайман деб ўйлама,

Илоҳимнинг олдида мусалламмиз ҳаммамиз,

деб шеър ўқиган эди.

Ўлмас Жамол замонавий ўзбек адабиётида “Тўрт девон” тузган ягона шоир эди.

- Шеър йўли бу қалбнинг депсинишлари, қалбнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати, стенограммасидир. Шеърият бу қалб стенограммасидир, бундан бошқа ташбеҳ айта олмайман, -деган эди шоир.

Ўлмас Жамол адабиёт тўғрисидаги фикрлари билан ўртоқлашар экан Озодликнинг “Шоир билан суҳбат” дастурида ижодкор доимо сиёсат ичида бўлиши керак, деган фикрни билдирган эди:

- Агар классик адабиётимиз номёндалари ҳаётига назар ташласак, улар доимо сиёсатда бўлганини англаб етамиз. Масалан, хазрат Навоий Ҳусайн Байқорога вазир бўлганлар, у киши сиёсатнинг ичида бўлганлар. Бундан ташқари сиёсатнинг ичида бўлиб, сиёсатни бошқарган, сиёсатни керакли йўлга йўналтирган шоирлар кўп бўлган.

Шоир ҳаёт қозонида қайнар экан сиёсатбардорлардан, оддий одамлардан ўзининг асарларига мавзу топади. Шоир сиёсатга аралашиб, “Мен шоирман, мен ҳамма нарсани биламан, менинг айтганимни қиласизлар”, деб жар солиши шарт эмас. Шоирнинг шеърлари унинг сиёсатга бўлган муносабатини билдиради. Шунинг учун шоир сиёсатнинг ичида юриши керак, аммо сиёсатнинг ишларига аралашиши шарт эмас. Лекин сиёсатдан ташқарида туриб, шоир бўлиш мумкин эмас. Чунки давр руҳини, қалб депсинишларини шеърларида айтмаган шоир замондошларига маъқул келолмайди, -деган эди Ўлмас Жамол.

Сени лирик деганларга ишора айлагин, Ўлмас,

Ғазалда битганинг ҳар байт сиёсатдан иборатдир, деб шеър ўқиган шоир.

Ўлмас Жамол Тожикистон сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этган. 1992 йилда бошланиб 1997 йилда якун топган ватандошлар уруши пайтида Ўлмас Жамол ҳаётини хавф остига қўйиб, жанглар бўлаётган ҳудудларга боргани ва миллатни бирликка чақиргани тўғрисида тожик матбуотида кўп ёзилган.

Ўлмас Жамол 1934 йилнинг 17 майида Самарқанд вилоятидаги Ургут туманида туғилган. У 12 ёшга тўлганида оиласи Сталинободга, ҳозирги Душанбе шаҳрига кўчиб ўтган.

Шоирнинг илк китоби “Меҳр булоғи” деган ном билан 1969 йилда Душанбедаги “Ирфон” нашриëтида босилиб чиққан. 48 йилдан бери ижод қилиб келган Ўлмас Жамол ўзбек замонавий адабиётида “Тўрт девон” ярата олган ягона шоир бўлиб қолмоқда.

Шоирнинг 80 йиллиги Душанбеда Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи томонидан катта тантана билан нишонланган эди.

XS
SM
MD
LG