Россия Давлат Думаси 5 июль куни мамлакат ҳудудида Қирғизистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаларини тан олиш бўйича президент Владимир Путинга мурожаатни бир овоздан қабул қилди.
Давлат Думаси мурожаатида Россияда хориж мамлакатларида берилган ҳайдовчилик гувоҳномаларининг амал қилмаслиги тўғрисидаги қонун мамлакат ҳудудида ҳайдовчилик қилаётган мухожирларнинг аксарияти рус тилини билмагани ортидан қабул қилингани айтилади.
Қирғизистонда рус тили расмий тил мақомига эга эканидан келиб чиқилган ҳолда бу давлат ватандошлари рус тилини зарур даражада билишлари ва Россияда қабул қилинган йўл ҳаракати қоидаларини ўзлаштиришда қийинчиликларга дучор бўлмаётгани ҳам мурожаатда қайд этилган.
Шундан келиб чиқиб, рус депутатлари бир овоздан Қирғизистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномалари Россияда тан олинишини президент Путиндан илтимос қилганлар.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 5 июль куни Думанинг бу ташаббуси Владимир Путин томонидан қўллаб-қувватланишини билдирди.
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 21 июнь куни Москвага қилган расмий сафари доирасида қирғиз мигрантлари билан учрашар экан, президент Владимир Путин ва бош вазир Дмитрий Медведев билан учрашувларда айнан шу масала ҳам муҳокама этилганини таъкидлаган эди.
-Кеча Владимир Путин билан, бугун Дмитрий Медведев билан учрашганимда ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси масаласини кўтардим. Мен:”Сизлар беларусларга имтиёз бердинглар, нега бизникиларни ўгайлатиб қўйдинглар?” деб очиқ сўрадим. Дмитрий Анатольевич “ЕврОсиё Иқтисодий иттифоқига аъзо бўлган барча давлатлар ватандошларининг ҳайдовчилик гувоҳномалари Россия ҳудудида яроқли бўлади”, деб ваъда берди, - деган эди Атамбаев.
Аввалроқ Россия Давлат Думаси 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб хориж ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга ҳайдовчиларга давлат транспортида ишлаш тақиқланиши тўғрисидаги қонуннинг амал қилиш муддатини узайтириш таклифини рад этган эди. Бунинг ортидан Россияда минглаб муҳожирлар, жумладан, ўзбекистонлик муҳожирлар ҳам ишсиз қолган.
Жамоат транспортида ишлашни давом эттирмоқча бўлганлар Россия ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши зарур бўлади.