Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:58

Тошкентлик имом четда никоҳ ўқитганларни Қуръонга қарши қўйди (ВИДЕО)


"Ўзбекистон" телеканалида кўпхотинлилик қораланган кўрсатувда қатнашган тошкентлик имом хорижда никоҳ ўқитганларни Қуръонга қарши амал қилганлар, деб таърифлади. Президент Мирзиёев танқиди ортидан кўпхотинлиликни қоралаган имомнинг бу баёноти кўрсатув тугамай турибоқ, ижтимоий тармоқларда баҳсу мунозара уйғотиб юборди.

13 июл куни "Ўзбекистон" телеканалида "Биз учун муҳим" ток-шоусининг кўпхотинлилик масаласига бағишланган кўрсатуви намойиш қилинди.

Жамиятнинг турли қатламларидан вакиллар иштирок этган учрашувда кейинги йилларда бекитиқча ўқилаётган никоҳлар, қўшхотинлилик кескин танқид қилинди.

Ўзбекистон кўпхотинлилик қонун билан тақиқлангани боис, яширинча олинган иккинчи ёки ундан кўп хотин, уларнинг фарзандлари ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясиз қолаётгани ҳам қораланди.

Кўрсатувга таклиф қилинган Тошкентдаги "Оқлон" масжиди имом хатиби Исомиддин Аҳроров Ўзбекистонда кўпхотинлилик тақиқлангани боис, иккинчи ёки учинчи хотинга яширинча никоҳ ўқишни истамаган маҳаллий "имомларга итоат қилмай, хориждаги имомларга никоҳ ўқитганлар" Исломнинг муқаддас китоби Қуръонга қарши амал қилган бўлади, деб баҳо берди.

- Четга чиқиб (кўрсатувда Қозоғистон, Туркия тилга олинди - таҳр.)​ никоҳ ўқитиб келаётганлар Қуръонга қарши амал қилиб қўяяпти. Нима учун? Чунки, (Исломда) Оллоҳга, пайғамбарга ва ўзингиздан чиққан ишбошчиларга итоат қилинг, дейилган. Биз дин масаласида Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига итоат қилишимиз керак, уларнинг кўрсатмаларига, буйруқларига, қарорларига таслим бўлишимиз керак, - деди имом хатиб.

Имомнинг бу гапи ўша заҳотиёқ ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларни бошлаб юборди.

Хусусан, Facebook тармоғида Sardor Salim исми остида фикр қолдирган фойдаланувчи: ""O'zbekiston" TV kanalida qo'shxotinlik mavzusida qatnashgan imom qo'vun tushurmadimi? Uning fikricha, Islom bu taslim, itoat degan ma'noni bildirar ekan. Bu to'g'ri, lekin men har doim taslim, itoat Allohga deb bilar edim. Imomning fikricha, taslim, itoat ulamolarga ekan. Chet elda o'qilgan nikoh joiz emas ekan, chunki nikohni o'zbek rasmiy ulamosidan boshqasi o'qishi mumkin emas ekan :D" деб ёзди.

Facebook тармоғининг Алижон Сафаров Хожабулбулоний исмли яна бир фойдаланувчиси эса : "Шариат ҳимоячиси бўлган имом-домла қўшхотинлиликни мутлақо нотўғри, мумкин бўлмаган, иллат деб атади, унинг олдини олиш керак деди ва китоб ўқиб, диёнатли, маърифатпарвар бўлишга чақирди, ҳукуматни жудаям мақтаб юборди, ана сизга дин кимларнинг қўлида қолган!!! Мен қўшхотинлилик тарафдоримасман, аммо динимизда тақиқламаган, имом бўлсанг иймонли бўл!!!", деб фикр билдирди.

Абу Жанжал номи остида шарҳ қолдирган бошқа фойдаланувчи: "Яна президентни гапидан иқтибос келтирилганда қарсакбозлик бўлди, кўрсатувни тайёрлаганлар ва иштирокчилар президентни гапини бир тийинга олмади, булар сиёсатга қарши экан", деб ёзди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 15 июнда ўзбекистонлик имомлар билан ўтказган видеоселекторида кўпхотинли эркаклар, айниқса, мулозимларни кескин танқид қилган ва тез орада бунга барҳам берилишидан огоҳлантирган эди.

Президентнинг бу баёнотидан сўнг Ўзбекистон расмий матбуотида кўпхотинлиликка барҳам беришга қаратилган кўрсатувлар, мақолалар кўпайди. Айни пайтда, "Маҳалла" жамғармаси, ҳокимият ва бошқа давлат идоралари аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини бошлаб юборди.

Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси эса, кўпхотинлиликка қарши курашни кучайтириш мақсадида иккинчи, учинчи ёки тўртинчи хотинга никоҳ ўқийдиган имомларни жазолашга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

Ўзбекистон қонунларида кўпхотинлилик қонун билан тақиқланган (Жиноят кодексининг 126- моддаси). Қонунчиликда кўпхотинлилик учун 3 йилгача қамоқ ва энг кам иш ҳақининг 50 баробаридан 100 баробарига қадар жарима белгиланган.

Аммо, Исломда тўрттагача хотин олишга рухсат берилган ва бунда асосий шартлардан бири, хотинлар орасида адолатни сақлаш, яъни, ҳаммасига бирдек муомала қилиш ва бирдек молиявий таъминлашдир.

XS
SM
MD
LG