Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:36

Тадқиқот: Иш соати кўплиги аритмияга олиб келади, Ўзбекистонда иш соати қанча бўлиши керак?


Ҳафтасига 55 соатдан ортиқ ишлаш юрак маромининг бузилиши бўлмиш ҳилпироқ аритмияни қўзғатиши, бу эса инсултга сабаб бўлиши мумкин. Лондон Коллеж университети олимларининг бу борада олиб борган изланишлари натижалари European Heart Journal нашрида эълон қилинди.

Университет мутахассислари ёши ўртача 43,4 бўлган 85 минг ишчининг соғлиғини таҳлил қилиб чиқишган. Тажриба аввалида уларнинг ҳеч бирида аритимия бўлмаган. Олимлар уларнинг соғлиғини деярли 10 йил кузатган.

Ушбу кузатишлар натижасида ҳафтасига 55 соатдан ортиқроқ ишлаган одамларда аритмия хавфи ҳафтасига 35-40 соат ишлаганларга қараганда бир ярим баравар катта экани қайд этилган. Тажриба яна шуни кўрсатганки, кўп ишлайдиганлар соғлом ҳаёт кечирмайди, улар жисмонан сустдирлар.

Носоғлом турмуш ва кам ҳаракат қилиш ҳам аритмия учун хамиртуриш экани айтилади.

Юрак уриши маромининг бузилишига олиб келадиган яна бир омил эса ишдаги сурункали стресс. Ортиқча ишлаб юбориш эса инсултга ҳам олиб келиши мумкин.

Ўзбекистонда амалдорлар кунига 15-17 соатлаб ишлаши айтилади. Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Халқ таълими вазирининг ёшлар масалалари бўйича муовини этиб тайинланган Алишер Саъдуллаев “24 соат ишлаш керак бўлса, 25 соат ҳам ишлаймиз”, - деган эди.

Ўзбекистонда мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиëевнинг ўзи қўл остидагиларга тунги 2дан топшириқлар бериб, эрталаб 6да селектор ўтказиши ҳақда мамлакатнинг собиқ бош вазири ўринбосари Рустам Азимов ўтган йил сенябрь ойидаги чиқишида гапирган эди.

Меҳнат кодексининг 115-моддасига кўра, Ўзбекистонда ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ошмаслиги керак.

Беш кунлик иш хафтаси иш кунининг узунлиги 8 соатдан, олти кунлик иш хафтасида эса 5 соатдан ортиқ бўлиши шарт этиб белгиланган.

XS
SM
MD
LG