Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:36

Брюсселда “Ўзбекистон-ЕИ” ҳамкорлик кенгашининг Каримов вафотидан кейинги биринчи мажлиси бўлади


Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчлигидаги делегация 2017 йилнинг 17 июль куни Брюссель шаҳрида “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этади.

Бу ҳақда хабар қилган ТИВ матбуот хизматига кўра, Ўзбекистон делегацияси Брюссель шаҳрида Европа Иттифоқи, Бельгия ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ва турли шакллардаги бошқа учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

Европа Иттифоқига раислик қилаётган мамлакат - Эстония ташқи ишлар вазири Свен Миксер раислик қиладиган “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгаши мажлисида ислоҳотлар, инсонҳуқуқлари ва қонун устиворлиги масалалари кўтарилиши кутилмоқда.

Европа Иттифоқи расмийлари Озод Европа/Озодлик радиоси билан мулоқот чоғида, ўтган йил сентябрида Ислом Каримовнинг ўлими эълон қилиниши ортидан иқтидорга келган президент Шавкат Мирзиёев ташлаган баъзи либерал қадамлар Ўзбекистон билан“ўзаро ҳамкорликнинг қайта тикланишига” умид пайдо қилганини айтди.

Европа иттифоқи расмий сайтида эълон қилинган баёнотда Мирзиёев бошлаган адлия, давлат бошқаруви ва хавфсизлик хизматлари соҳасидаги ислоҳотлар тилга олинди ва бу ислоҳотларнинг бизнес муҳитини яхшилаши урғуланди.

ЕИ раҳбарияти, айни пайтда, бир неча инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг қамоқдан озод қилингани ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистон тарихида илк бор шу йил май ойида мамлакатга сафар қилганини ҳам олқишлади.

Баёнотда, шунингдек, Мирзиёев президентликка келганидан буён ЕИ вакиллари бир неча бор Ўзбекистонга сафар қилгани, бу сафарлар давомида 2017 йил феврал ойида ЕИ-Ўзбекистон ўртасида Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув Меморандуми янгилангани айтилди.

Бундан ташқари, 2017 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистоннинг ЕИ ва Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлари вазирларининг учрашувига мезбонлик қилиши ҳам томонлар ўртасидаги ҳамокрликнинг муҳим жиҳатларида бири сифатида урғуланди. Бу учрашувнинг Самарқандда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг тикланиши фонида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (AHRCA), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR) ва Amnesty International ташкилотлари ўзларининг қўшма баёнотида Европа Иттифоқини “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятда конкрет ўзгаришларни амалга ошириш лозимлигини таъкидлашга” чақирдилар.

Баёнот муаллифларига кўра, ҳукумат инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар ва диссидентларга босим ўтказишни тўхтатиши лозимки, токи маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари эркин ва мустақил фаолият кўрсата олсин, 2005 йили Андижонда содир бўлган қонли воқеалар юзасидан мустақил халқаро суриштирув ўтказилсин.

XS
SM
MD
LG