Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:30

Фарғоналик халқ таълими мудири мураббийларнинг далага чиқаётганини тан олди


Ўзбекистонда мажбурий меҳнат тақиқланганига оид огоҳлантирувчи плакат
Ўзбекистонда мажбурий меҳнат тақиқланганига оид огоҳлантирувчи плакат

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани халқ таълими бўлими мудири Нафиса Нишонова 22 июл куни Озодлик билан бўлган суҳбатда тумандаги мактаблар ўқитувчилари ва боғчалар мураббийлари дала ишларига жалб қилинаётганини тан олди. Бироқ, Нафиса Нишонованинг таъкидлашича, ўқитувчи ва мураббийлар “ўз ихтиёрлари билан ҳафта охирларида” чеканка ишларига чиқмоқда. Аввалроқ Нафиса Нишонованинг туман ўқитувчи ва мураббийларини далага чиқишга мажбурлаётгани ёзиб олинган аудио ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

"Қишлоқ хўжалиги биринчи масала"

Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиода Нафиса Нишонова мактаблар ва боғчалар раҳбарларидан "ҳар кунига мактаблар тўрт нафардан ва боғчалар икки нафардан" ходимни таълим бўлими идораси олдига жам бўлишни талаб қилади.

У далага чиқувчилар жадвалини тузиб чиққанини таъкидлайди.

"Қишлоқ хўжалиги биринчи масала. Ҳар кунига мактаблар тўрт нафардан боғчалар икки нафардан одамингиз районини олдига. Ҳар куни. Мен ўзим айтаман ким-ким туришини. Мен бўлиб қўйдим уч кун уч кундан. Биттадан директор, биттадан боғчадан келиб туради. Ўша турган одам (ходимларни далага - Озодлик изоҳи) бирга олиб борасиз. Қаерга борса, бирга олиб борасиз. Икки соат, уч соат ишлаяпти, холос. Жуда эзилиб кетгани йўқ иссиқда," дейди Нафиса Нишонова.

"Вилояти ҳокимига қаршимиз..., десангиз"

Нафиса Нишонова “вилоят ҳокимига қарши” чиққанлар уни олдиндан хабардор этиши шартлигини айтади.

"Ўзингизча Америка очаверманг. Вилоят ҳокимига қаршимиз, топшириғига қаршимиз, десангиз, марҳамат. Кириб, айтиб, кетаверинг. "Мен қила олмайман бу ишни. Менга буюрманглар, мен мустасно бу топшириқдан, деб айтиб кетасиз," дея огоҳлантиради Ўзбекистон тумани халқ таълими мудири.

Нафиса Нишонова, шунингдек, мактаблар ва боғчалар томорқасига картошка экишга ва мураббийларни етиштириладиган картошкани бозорда сотишга чақиради.

"Бугун картошканинг нархи бир килоси манамунча сўм. Бугун боғча экса, ўзига бўлади. Мактаби экса, сотиб, сармоясига туширади, эртага бир даромад бўлади ўзига. Шунинг учун айтилаяпти. Кейин ана бу ерда бозордаям 66та мактабингдан бир тоннадан картошка чиқса, 66 тонна картошкани сотса, жиндай нархлар тушиб, халққа фойда бўлади..., деган мақсадда қилинаяпти бу," - дея уқтирди Нафиса Нишонова.

Қуйида ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиодан парча:

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани халқ таълими мудирлиги мажлисидан аудио
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:49 0:00
Бевосита линк

"Ўз ташаббуслари билан..."

Бироқ, Озодлик билан суҳбатда Нафиса Нишова тумандаги мактаб ва боғчалар ходимлари "ўз ташаббуслари билан" далага чиқаётганини билдирди.

- Энди бу далага чиқиш масаласи... Биз туманда, қишлоқда яшаймиз-ку. Ҳамма фермерларимиз боғчаларимизга, мактабларимизга ёрдам беради... Жорий таъмирлаш ишларида ёрдам беради. Боғчаларга озиқ-овқат, пиширадиган овқатларига ўтин ажратиб беради бепул. Шунинг учун ташаббус билан боғчаларимиз ўзлари ташаббус билан чиқишаяпти дам олиш кунлари. Шанба якшанба кунларида. Ихтиёрий бу. Мажбурий эмас, - дея тушунтирди Ўзбекистон тумани халқ таълим мудири.

Нафиса Нишонова мактаблар ва боғчалар томорқаларида “юраги кўтарган, имконияти борлар”га картошка ва лимон экаётганини айтди.

- Биз энди мустақил диёрда яшаяпмиз-да. Тинч, чиройли замонда яшаяпмиз. Бугун раҳбарларимизнинг ташвишлари халқимиз чиройли яшасин - у давлат ташкилотими фуқароми, маҳалладами - ҳаммалари чиройли яшасин, ўзи учун ўзи ҳаракат қилсин, лимон эксин, картошка эксин, ўзи даромад олсин, бозорда 7-8 мингдан картошка олмасдан, ўзи эксин ўзи даромадини кўрсин, деяпти. Шунинг учун юраги кўтарган, хоҳлаган, имконияти бор эксин, деяпти. Уни ҳеч ким қўлидан ушлаб, мажбурлаб эктирмайди, - деди мулозим.

Қуйида Азиза Нишонова билан Озодлик мухбири суҳбати:

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани халқ таълими бўлими мудири билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:21 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон туманидаги боғчалардан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган тарбиячининг Озодликка айтишича, улар мажбурий меҳнатга доим жалб қилиб келинган:

"Чопиқ, ягана, чеканка, пахта териш бизнинг асосий ишимиз бўлиб қолган. Худонинг куни йўқки, қайсидир бир боғчадан ёки мактабдан далага чиқмаса. Масалан, мингта ўқувчиси бор мактабдан камида 15-20 киши, ўнта группаси бор боғчадан 10 киши албатта кетмонини кўтариб далага чиқиши шарт қилиб қўйилган. Бу ҳам майли, ХТБ мудираси Нафиса опа барча мактаб ва боғчаларга лимонарий қиласизлар деган топшириқ бериб, шуни бажартирди. Ким чиқмаса, аризангни ёз, деб қўрқитади. Шунақа, бизнинг касбимиз тарбиячими ёки деҳқонми, шуни билолмай қолдик", деди боғча тарбиячиларидан бири.

"Тозалаш ишларини ҳам кимдир қилиши керак-ку"​

Тошкентдаги Халқаро пресс клубда 7 июл куни Ўзбекистон Олий мажлис Сенат аъзоларининг ярим йиллик фаолиятига бағишланган жонли мулоқотда гапирган сенатор Баҳодир Тожиев мактабларда ўқитувчилар ободончилик ва дала ишларига мажбурий жалб этилишини инкор қилганди.

"Республикамизнинг турли ҳудудларида, вилоятлар бўйлаб депутатлар билан ўтказилган учрашувларнинг ҳали бирортасида ўқитувчи бугун биз кўча тозалаяпмиз деган шикоят билан чиққани йўқ. Улар биз билан учрашувларда мажбурий меҳнат ҳақида оғиз очаётгани йўқ ва бундай ҳолат кузатилмаган", - деб айтганди Баҳодир Тожиев.

Айни масалага сенат раисининг ўринбосари Светалана Ортиқова ҳам ўз муносабатини билдирган эди.

"Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Сиз билан биз яшайдиган ернинг юзини сиз билан биз тозаламасак, ташқаридан келган одам тозалаб берадими? Тошкентда чиқинди ташийдиган махсус автомобиллар тўлиб кетиб, чиқиндиларни ташишга улгура олмаяпти.Тозалаш ишларини ҳам кимдир қилиши керак-ку", - деб айтганди Светлана Ортиқова.

XS
SM
MD
LG