АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия, Эрон ва Шимолий Кореяга нисбатан санкцияларни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолашга қарор қилди.
Оқ уйнинг 28 июлдаги ушбу кутилмаган билдирувидан бир неча соат олдин Россия янги санкцияларга жавобан Москвада АҚШ дипломатлари сони қисқартирилиб, Россия пойтахтидаги АҚШ мулкларининг айримлари тортиб олинишини эълон қилган эди.
Трампнинг қонунни имзолашга қарор қилишига агар президент уни вето қиладиган бўлса, АҚШ Конгресси ветони бекор қилиши мауқаррар бўлгани туртки бўлган.
Трампнинг ушбу қонунни имзолашига туртки бўлган яна бир сабаб Россиянинг президент маъмурияти билан алоқаларни яхшилаш учун ҳамкорлик қилишда давом этишга тайёр эканлигини билдиргани бўлди.
Янги санкцияларга жавобан расмий Москва АҚШни мамлакатдаги дипломатлари сонини озайтиришга чақириб, АҚШ элчихонасига тегишли далаҳовли (дача) ва омборхоналар мусодара қилинишини билдирди. Ҳозирча Москвада нечта АҚШ дипломати ишлаётгани маълум эмас.
Янги қонунда Путин ва унга яқин олигархларга қарши чоралар белгиланган. Россия иқтисодининг муҳим секторлари, жумладан, қурол-аслаҳа ҳамда энергетика соҳалари ҳам мўлжалга олинган.
Шимолий Кореяга қарши санкциялар эса мамлакатнинг ядровий қурол ишлаб чиқаришга қаратилган ҳаракатларига тўсиқ қўйишни кўзлайди.
Эронга қарши санкциялар эса мамлакатнинг баллистик ракета дастурига ҳамда терроризмни қўллашда айбланаётган Эрон инқилобий гвардиясига қарши чораларни ўз ичига олади.