Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:12

Қирғизистонда 59 одам президент бўлиш учун ҳужжат топширди


Қирғизистонликлар "Оқ Уй" деб атайдиган мазкур бинода президент фаолият юритади.
Қирғизистонликлар "Оқ Уй" деб атайдиган мазкур бинода президент фаолият юритади.

Қирғизистонда президентликка номзод сифатида рўйхатга олиниш илтимоси билан Марказий сайлов комиссиясига 59 киши ҳужжат топширди. Ҳужжат топшириш жараёни 1 августда ниҳоясига етди.

Қирғизистонда 59 одам президент бўлиш учун ҳужжат топширди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:56 0:00

Расмий маълумотда айтилишича, президентликка номзод сифатида рўйхатга олиниш илтимоси билан ҳужжат топширганларнинг 11 нафари сиёсий партиялар томонидан номзодликка кўрсатилган. Қолган 48 нафари эса мустақил номзодлардир.

Уларнинг 7 нафари аёл, 6 нафари пенсионер, 9 нафари ишсиз ва икки нафари тергов изоляторида сақланаётган шахслардир.

Ҳужжат топширганлардан 5 нафари айни пайтда парламент депутати, уч нафари бош вазир лавозимида ишлаган.

Конституцияга биноан президентликка 35 ёшдан 70 ёшгача бўлган ватандошлар ўз номзодини кўрсатишлари мумкин. Аммо ҳужжат топширганлар орасида 32 ва 34 ёшдаги одамлар ҳам бор.

-Қонунга асосан биз ҳужжатларни қабул қилмасликка ҳаққимиз йўқ. Белгиланган меъёрларга тўғри келмаса ҳам ҳужжатларни қабул қилиб, кейин нега президентликка номзод сифатида рўйхатга олмаганимизни исботлаб беришимиз шарт. Ҳужжат топширганлардан бирининг ёши 35дан паст бўлгани учун ҳужжатини қабул қилмагандик. Аммо у Марказий сайлов комиссиясини судга берди. Суд ундан ҳужжатларини қабул қилишимиз шартлиги тўғрисида қарор чиқариб берди.Ҳозир ишчи гуруҳи ташкил этилиб, президентликка номзод бўлишни истаганларни элакдан ўтказа бошлади, - деди Марказий сайлов комиссияси аъзоси Абдижапар Бекматов.

Президентликка номзод бўлиш учун ҳужжат топширганлар орасида “абадий номзод” деган лақаб олган 62 ёшли фермер Ўмурбек Бўлтуруков ҳам бор. У олтинчи марта президентликка ўз номзодини кўрсатмоқда.

-Тақдир экан, олтинчи марта номзодимни кўрсатаяпман. Биринчи марта 1995 йилда номзодимни кўрсатганман. Ўшанда 7 киши эдик. Ҳозир ким эринмаса президентликка номзодини кўрсатаяпти, -деди Ўмурбек Бўлтуруков.

Президентликка номзодини кўрсатиш бўйича рекордсменлар орасида собиқ депутат Турсунбой Бакир ўғли ҳам бор. У олтинчи марта президентлик сайловида иштирок этади.

Коррупцияда айбланиб судланаётган мухолифатчи Ўмурбек Текебаев ва ҳуқуқ фаоли Тўқтайим Уметалиева тўрт марта сайловда президентликка номзод сифатида қатнашган.

Ҳужжат топширган шахслар президент сифатида рўхатга олиниши учун 30 минг сайловчининг имзосини тўплаши, сайлов депозитига 14 минг 600 доллар миқдорида бадал тўлаши ҳамда қирғиз тилидан имтиҳон топшириши шарт бўлади.

Мазкур талабларни бажарган шахслар расман номзод сифатида рўйхатга олинади. Номзодлар расмий рўйхати 10 сентябрда эълон қилинади. Қирғизистонда президентлик сайлови 15 октябрда бўлиб ўтади.

2011 йилдаги сайловда 89 одам президент бўлиш иштиёқида Марказий сайлов комиссиясига ҳужжат топширган эди.

XS
SM
MD
LG