Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни ўтказган видеоселектор йиғилишида прокурорлар ва уларнинг фаолиятини қаттиқ танқид қилди. Президент “эски ахлат тизими”дан қолган прокурорларнинг ўзлари "энг катта ўғри" эканлигини таъкидлар экан, агар ҳалол ишламаса, алмаштиришдан кейин қолган прокурорларни ҳам ишдан четлатишини айтди.
Озодликка етиб келган аудиоёзувда Ўзбекистон президенти очиқчасига прокурорларни ёмон кўришини айтади:
“Сен дунёқарашингни ўзгартирмасанг эртага кеч бўлади, шуни билгин сен. Сенга ўн кун срок, менга сенинг қадамларинг барибир ёқмаяпти. Битта ўзинг қолдинг, ҳаммани обташадим мен. Мен ўзи прокурор деган одамни, кечирасизлару, жуда ёмон кўраман. Буни очиқча айтяпман, нимага десангиз мен район ҳокими бўлганман, вилоят ҳокими бўлганман, бу ноинсофларни ғўддайишини, прокурорча бўлиб дарров юриши ўзгариб қолишини, одамни менсимасини жуда яхши биламан. Жуда яхши биламан, вой бўўўўўўўй...., дейди президент прокурорлар ишига баҳо бераркан.
Президент Каримов давридаги прокуратура ходимларини "ахлат" деб атайди ва уларни "барибир" ўзгартиришга ваъда беради.
"Мана биз янги Бош прокурор қўйдик, 80 фоиз одамни ўзгартирдик, олдинги қолган ахлатдан, тизимдан, менга бош прокурор қолдирган ўғри тизимидан 20-15 фоиз одамлар юрибди. Жумладан, Файзиев(Тошкент вилояти пркурори Жамшид Файзиев назарда тутиляпти - таҳририят) ҳам шу тизимнинг одами. Барибир ўзгартирамиз охиригача. Ё прокурор ҳалол бўлиб ишлайди, ё умуман прокуратурани йўқ қиламиз. Одамларнинг бошига бало бу, прокурор деган бало. Ҳалол ишламайдими, кетади ҳаммаси”, - дейди Мирзиёев.
Баъзи бир прокурорларнинг ҳатто фамилиясини тўғри ёзишини билмаслигини айтган президент прокурор, эътиборни улар қураётган қасрларга қаратди:
“Қачон прокурор яхши яшайди, қачон халқ яхши яшаса. Буларнинг уйларининг қаранглар, тагидаги машиналарини қаранглар, Нима, булар атом реактори ихтиро қилганми? Бир-иккита аҳмоқлари фамилиясини ёзишни ҳам билмайди. Таниш-билиш билан прокурор бўлиб олган. Ҳа-а-а ғўддаяди. Мени буларни ёмон кўришим, булар изидан чиқиб кетган эди. Мана ҳозир ҳалол-пок ишлашга ҳаракат қилаётган одамлар билан биз ишлаяпмиз, дейди президент.
Мирзиёев ўзидан кетганларнинг “думлари” бирин-кетин узилаётгани, тез орада жамият бундай шахслардан тўла тозаланишини айтади:
“Мен ҳаммасини биламан, Худога шукр. Арқонни узун ташлаб қўйибман, ҳозирча. Дарров тортиб оламиз. Давлат билан ҳеч ким, ҳеч қачон ҳазиллаша олмайди. Ҳеч ким ва ҳеч қачон. Халқ... яна бир марта халқ. Бу ерда Муҳиддинов деган прокурор бўлган. Мана неча йилга қамалиб кетган. Биз учун ҳеч ким авторитет эмас, битта халқ, халқ ва яна халқ”, дейди президент.
Шавкат Мирзиёев прокуратура ходимлари билан 7 январь кунги учрашувида "Прокуратура фақат жазолайдиган репрессия органи бўлиб қолмаслиги” учун¸ улар устидан жамоатчилик назорати ўрнатилиши кераклигини айтган эди.
Президент ўз нутқида прокуратура ходимлари конституция берган ҳуқуқдан фойдаланмай¸ “принципиал позициядан мосуво томошабинга” айланганидан хавотир билдирган эди.