Норин вилоятидаги Эмгекчил қишлоғида аҳоли ярим миллион сўм (7246 доллар)лик спиртли маҳсулотларни қишлоқдаги дўконлардан сотиб олиб йўқ қилди. Эмгекчил Норинда "спиртли ичимликлардан ҳоли ҳудуд", деб эълон қилинган олтинчи, Қирғизистонда эса камида 12-қишлоқ бўлди.
-Мен ҳам сизларни қўллаб-қувватлай, деб дўконимдаги 200 минг сўмлик спиртли ичимликларни 165 минг сўмга бердим. Бугун келишиб, спиртли ичимликларни юклаб кетишди. Мен ҳам бу ташаббусни қўллайман. Энди дўконимизда ароқ сотилмайди, - деди дўкондорлардан бири Болотбек Ажибаев.
Маълум бўлишича, қишлоқ аҳолиси дўконларни спиртли ичимликлардан тозалаш учун 400 минг сўм йиғиб берган. Қолган юз минг сўмлик ичимликларни дўкондорлар ўз ихтиёрлари билан топширганлар.
Эмгекчил қишлоғини “спиртли ичимликлардан ҳоли ҳудуд”, деб эълон қилиш ташаббуси маҳаллий ёшлар томонидан кўтарилган. Қишлоқликлар уч ой мобайнида бу тадбирни амалга ошириш учун пул тўплаган.
Қишлоқ қариялари ҳам ёшларнинг бу ташаббусини қўллаб, уларни дуо қилиб туришди.
-Бу ароқ дегани жуда ёмон экан. Шу ароқнинг касофатидан нафақат менинг болаларим, балки қишлоқдаги жуда кўп ёшлар бузилиб кетди. Қишлоғимизни ароқдан тозалашга ҳисса қўшган ҳамқишлоқларимизга, мулла акаларимизга, ҳаммага рахмат айтамиз, -деди Насия Асанакунова.
Бундан аввал ҳам Қирғизистоннинг қатор қишлоқларида маҳаллий аҳоли ташаббуси ортидан спиртли ичимликларни сотиш тақиқланган эди.
“Спиртли ичимликлардан ҳоли ҳудуд”, деб эълон қилинган қишлоқларни Ўш вилоятининг Қорасув ва Новқат, Жалолобод вилоятининг Сузоқ ва Бозорқўрғон туманларида кўплаб учратиш мумкин.
Эмгекчил сўнгги 7 ой ичида Қирғизистонда спиртли ичимликлар сотишни тақиқлаганини кенг жамоатчиликка эълон қилган учинчи қишлоқ бўлди.
Февраль ойида Иссиқкўл вилоятининг Ўрнак қишлоғи, июль ойида Ўш шаҳри таркибига кирувчи Жапалақ қишлоқ ҳукумати “спиртли ичимликлардан ҳоли ҳудуд”, деб эълон қилинган.
Август ойида эса Боткен вилояти Қадамжой туманида фолият юритувчи ўндан ортиқ имом қишлоқларни кезиб, дўкондорларни спиртли ичимликлар сотмасликка даъват этаётгани хабар қилинган.
Қирғизистон муфтийси Максат ҳожи Токтомушев 11 август куни қадамжойлик имомларнинг дўконларни қидириб даъват қилаётгани муфтият томонидан қўллаб-қувватланмаслигини ва бу тадбирни уюштирган имомлар жазоланиши мумкинлигини билдирди.
“Ароқнинг зарари асрлардан бери ҳаммага маълум. Бироқ ароқ ичишни ва сотишни кимнидир мажбур қилиб тақиқлаш нотўғри. Биз бу ишни тақиқ орқали эмас, одамларни иймонга чақириш, ароқнинг зиён эканини ҳар бир одамнинг онгига, қон-қонига сингдириш орқали амалга оширсак, Ислом динининг ҳақиқий талабларига амал қилган бўламиз", - деб айтган муфтий.