Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:39

Диний идора вакили: “Ҳижобга рухсат берилмаган!”


Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосарининг Миллий матбуот марказида ўтказилган йиғилишда аёллар рўмоли ҳақидаги саволларга жавоби ижтимоий тармоқларда баҳсу-мунозараларни келтириб чиқарди. Тармоқлар фойдаланувчиларининг кўпи мулозимнинг "рўмол – диний либос эмас" деган гапини хушхабар сифатида қабул қилиб, ўз хурсандчилигини изҳор этмоқдалар. Аммо, Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили, бу йиғилишда ҳижоб ҳақида эмас, ўзбек аёллари ўраб юрадиган оддий рўмол ҳақида гап борганини айтди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Тошкент Ислом университети ва бир қанча диний ташкилотлар вакилларининг 15 август куни ўтказган йиғилишда мусулмон аёлларнинг либос масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Диний идора вакили: “Ҳижобга рухсат берилмаган!”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:55 0:00
Бевосита линк

Йиғилишда дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев аёллар ўраб юрадиган рўмол ҳақида сўралганда бундай деб жавоб берган:

"Дин ишлари қўмитаси, мутасадди ташкилотлар, маслаҳатчи-экспертлар ҳам рўмолни ҳеч қачон диний либос сифатида эътироф этмаган. Агар рўмолни диний либос сифатида қаралаётган вазиятга дуч келсангиз, бизга мурожаат қилишингиз мумкин. Биз бу масалани кўриб чиқишга тайёрмиз", деган қўмита раиси ўринбосари.

Аммо, йиғилишдаги гап аёллар бошига ўраб юрадиган - рўмол ҳақидами ёки ҳижоб борасида борганми, бунга аниқлик киритилмаган.

Рўмол ўрашнинг олий ва умумтаълим мактабларига ҳам тегишли ёки тегишли эмаслиги ҳам ойдинлаштирилмаган.

Йиғилиш ҳақидаги хабарлар маҳаллий Интернет нашрларида пайдо бўлганидан сўнг, фойдаланувчилар орасида баҳсу-мунозара авж олди.

“Ҳукумат аёлларга жамоат жойларида ҳижобда юришига рухсат берибди”, деган мазмундаги шукроналик шарҳларидан ташқари айрим ижтимоий тармоқ фаоллари бу масала тўла-тўкис ойдинлаштирилмагани ҳақида гапира бошладилар:

“Буларни айтган гапини халқ қачондан бери айтиб келади. Булар аниқ ташаббус билан Олий Мажлисга чиқиб, 14-моддага изоҳ беришини сўрашмайдими? Рўмол диний либос бўлмаслиги мумкин, лекин ҳижобчи? Сўз ўйини қиляпти, булар”, деб ёзади Абдулло исмли Фейсбук фойдаланувчиси.

Муштарий назарда тутган Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасида "Фуқароларнинг жамоат жойида диний либосда юришига йўл қўйилмайди" дейилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда Миллий матбуот марказида ўтказган йиғилишда иштирок этганини гапирар экан, бу йиғилишда фақат рўмол ҳақида гап борганини айтди:

“У ерда ҳижоб ҳақида эмас, рўмол диний либос эмаслиги ҳақида гап кетган. Рўмол диний либос ҳисобланмайди. Момоларимиз, бувиларимиз тақиб келган рўмол ҳақида масала кўтарилди. Мактабларда, олий ўқув юртларида қизларимизнинг ҳижобда келиши тақиқланган. Фақат рўмол ҳақида гапирилган”, деди идора мулозими.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитадан Озодлик бу масалага изоҳ ололмади.

XS
SM
MD
LG