Барселона полициясининг хабар беришича, 17 августда сайёҳларга гавжум Лас Рамблас минтақасида фургоннинг оломон устига юриши натижасида камида 13 киши ҳалок бўлди ва 50 ортиқ киши жароҳат олди.
Гувоҳларга кўра, автомобиль пиёдалар юрувчи йўлга чиқиб, пиёдаларни боса бошлаган. Хабарларга кўра, рулдаги шахс автомобилни тўхтатиб, воқеа жойидан қочиб кетишга муваффақ бўлган.
Полиция ҳодисани “террор ҳужуми” дея баҳоламоқда. Жароҳат олганлардан 10 нафарининг аҳволи оғир экани хабар қилинади.
Испан полицияси Камбрильс шаҳрида Барселонадаги террор ҳужумини уюштирганларни қўлга олиш амалиётида террорчиликда гумонланган тўрт шахсни отиб ўлдирди, бир одамни яралади.
Расмий хабарда айтилишича, улар Барселонадаги террордан сўнг Камбрильсда ҳам ҳужумга тайёргарлик кўраётган пайтда отиб ўлдирилган.
Каталония ички ишлар вазири Хоаким Форн террор ҳужуми ортидан шаҳардаги барча тадбирлар бекор қилинганини билдирди:
-Барселонада барча кўнгилочар тадбирлар бекор қилинади. Fiesta de Gracia каби 21 августгача ўтказилиши режалаштирилган байрам ҳам тўхтатилади. Биз аҳолини максимал даражада ҳамкорлик қилишга чақирамиз, -деди вазир.
Барселона расмийларига кўра, террор ҳужумида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида камида 18 давлат ватандошлари бор.
Ҳужум учун масъулиятни Ислом давлати гуруҳи ўз зиммасига олди. Террор ҳужумида айбланиб икки шахс қўлга олингани айтилмоқда. Улардан бири Испания, иккинчиси эса Марокаш ватандошидир.
Ўтган бир йил давомида Европанинг Ницца, Берлин, Лондон ва Стокгольм шаҳарларида автомобиллар воситасида содир этилган қатор ҳужумлар натижасида 100 нафардан кўпроқ одам ҳалок бўлди.
Ўтган ҳафталарда Барселонада сайёҳларга таҳдид битилган граффитилар пайдо бўлганди.
Дунёнинг турист марказларидан бири ҳисобланган Барселонага ҳар йили 10 миллиондан кўпроқ сайёҳ ташриф буюради.