Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:48

АҚШ ва Россиянинг махсус вакиллари Украина бўҳронидан чиқиш йўлларини муҳокама қилди


АҚШнинг Украина бўйича янги махсус элчиси Курт Волкер
АҚШнинг Украина бўйича янги махсус элчиси Курт Волкер

АҚШнинг Украина бўйича янги махсус элчиси Курт Волкер куни кеча Россия президенти Владимир Путиннинг Украина бўйича ёрдамчиси Владислав Сурков билан учрашди.

Беларус пойтахти Минск шаҳрида бўлиб ўтган учрашувни Сурков “конструктив”, деб баҳолади.

Журналистлар билан ўтказиглан суҳбатда Сурков: “Учрашув фойдали ва конструктив бўлди”, деди. Сурков ҳар икки тараф 2015 йилнинг февралида қабул қилинган Минск келишувини амалга ошириш бўйича янги ғояларни ўртага ташлаганини айтди.

Минск келишуви Украина шарқида ўт очишни тўхтатиш ҳамда Донбасснинг Россия дастаклаётган айирмачилар бошқарувидаги ҳудудлари мақомини ҳал қилиш бўйича кейинги қадамларни белгилаб берган эди. Аммо келишув тўлиқ амалга оширилганича йўқ.

Сурков: “Тинчлик жараёни ҳамда сиёсий йўналиш ҳамда хавфсизлик соҳалари тезроқ олға силжий олиши, шундай қилиниши кераклиги бўйичи фикримиз бир жойдан чиқди”, деди.

Волкер эса, учрашувни шарҳламади.

Волкернинг Сурков билан Минскдаги учрашуви Украина шарқида ҳукумат кучлари ва Россия дастаклаётган айирмачиалр ўртасидаги можаро бўйича уч кунлик АҚШ дипломатик музокараларининг бошланиши бўлди. Украина шарқидаги можаро туфайли 2014 йилнинг апрелидан бери 10 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлди.

Волкер 22 август куни Литва пойтахти Вильнюс шаҳрига бориб, Украина келажагини муҳокама қилиш учун юқори лавозимли расмийлар билан учрашади. Бу ҳақда 18 август куни АҚШ Давлат департаменти билдирди.

23 август куни эса Волкер АҚШ мудофаа вазири Жим Мэттис билан бирга “Украина суверенитетини ҳамда ҳудудий яхлитлигини тиклашга қаратилган дипломатик музокараларнинг навбатдаги қадамларини муҳокама қилиш учун” Украина ҳукуматининг юқори лавозимли расмийлари билан учрашади.

2014 йилнинг февралида Россия билан яқиндан алоқа қилиш тарафдори бўлган президент Виктор Янукович ҳукумати “Евромайдон” номини олган намойишлар ортидан ағдарилган, бунинг ортидан Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб, шарқий ва жанубий Украинада ўзига хайрихоҳ айирмачиларни дастаклай бошлаган эди.

Россия қўллови билан айирмачилар Украинанинг Россия билан чегарадош Донецк ҳамда Луганск вилоятларининг айрим ҳудудларини эгаллаб олди. 2015 йилнинг февралида Минскда ўт очишни тўхтатишга келишилган бўлса-да, тўқнашувлар тўхтагани йўқ.

АҚШ ҳамда Европа иттиқофи жорий қилган санкциялар Россияни айирмачиларни қўллашни бас қилишга ёки Минск келишуви бўйича ўз бўйнига олган мажбуриятларини бажаришга ундай олгани йўқ.

Тиллерсон АҚШнинг НАТОдаги собиқ элчиси Волкерни Украина бўйича махсус элчи этиб жорий йилнинг июлида тайинлаган.

Волкер июлда Current Time TV телеканалига берган интервьюсида “можарони тугатиш учун барча тарафлар икки асосий принцип – Украинанинг ҳудудий бирлиги, барчанинг хавфсизлиги” бўйича келишувга эришиши кераклигини ҳамда Россия ўз муносабатини ўзгартириши зарурлигини таъкидлаган эди.

Суҳбат давомида Волкер, шунингдек, Трамп маъмурияти Киев ўзини Россия дастаклаётган айирмачилардан ҳимоя қила олиши учун Украинага қурол-аслаҳа юбориш ҳақида ўйлаётганини айтган эди.

Ҳозиргача АҚШ Украинага фақат нолетал ҳарбий анжомлар билан ёрдам кўрсатиб келади.

Россиянинг Украинадаги агрессияси, Суриядаги уруш ҳамда Москванинг АҚШ президенти сайловига аралашуви ортидан Вашингтон ва Москва ўртасидаги алоқалар Совуқ уруш йилларидагидек совуб кетган.

XS
SM
MD
LG