Намангандан Музаффар: Икки минутда ҳал бўлди
Андижонлик тадбиркор Бунёдбек: "100 долларни сўмга алмаштириш учун банк олдида 1 ярим соат навбат кутдим"
Банкларнинг валюта алмаштириш шохобчаларида катта навбатлар пайдо бўлди
Марказий банк 5 сентябрдан бошлаб, 1 АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатини 4210 сўмдан 8100 сўмга кўтарганидан сўнг, банкларнинг валюта алмаштириш шохобчаларида катта навбатлар вужудга келди. Банклар аҳолидан ҳар бир долларни 8000 сўмдан сотиб олмоқда, валюта сотуви эса фақт конверсион карточкаларга ўтказиб берилмоқда.
Сешанба, 5 сентябрь куни эрталаб Марғилондаги банклардан бирида 100 АҚШ долларини 800 минг сўмга алмаштирган Фейсбук фойдаланувчиси Давронбек, сўнгги 12 йилда биринчи бор бозор нархида банкка доллар сотганини ёзди:
“Хайр қора бозор - салом банк! Илк харид амалга ошди. Ҳеч қандай паспорт, ном ёзилган регистрацияларсиз. 1$ = 8000 сўм. Бозор баҳоси 7500 сўм. Банкда ҳозирча навбат йўқ. Биринчи бўлиб мен олдим. Банк ходимлари атрофимни ўраб олиб, илк клиент дея табриклашди! 15 000 000 сўм эквивалентгача (1875$) паспорт талаб қилинмас экан. 8150 сўмдан доллар сотиб олиш учун карта очиларкан ва ўша картага тушириб беришаркан», деб ёзди Давронбек ва ижтимоий тармоққа бу амалиётнинг суратини ҳам қўйди.
Банклар эркин нархда доллар сотиб олаётганини бир-биридан эшитган ва ижтимоий тармоқлардан ўқиган одамлар банкларга ошиққанидан сўнг, валюта алмаштириш шохобчаларида катта навбатлар вужудга кела бошлади.
Тошкентлик иқтисодчи Тошбекнинг айтишича, банклар филиалининг ҳаммасида хам валюта алмаштириш шохобчалари очилмаган:
“Обменкаси йўқ банклар бошқа банкка юборяпти. Миллий банкда тьумонат одам тўпланганини кўрдим. Ярим соат навбатда туриб, долларимни 8000дан сотдим. 100 минимал ойлик миқдоригача, тахминан 1800 долларгача майдаламоқчи бўлсангиз паспортингиз керак эмас, бу суммадан юқорисига паспорт сўрашади”, дейди Тошбек.
Иқтисодчининг айтишича, валютанинг нақд сотуви йўқ:
“Сотув фақат конверсион VISA карточкаларига. Бу карточкаларни Ўзбекистонда ечиб бўлмайди, фақат хорижда ечиш мумкин. Сотув нархи 8150 сўм. Сотув 5000 долларгача , яъни шунча миқдордаги валютани конверсион картангизга тушириб беради”, деди Тошбек.
Озодликнинг Тошкентдаги мобил мухбири банклар валютани эркин нархда сотиб олишни бошлагани билан, валюта “қора бозор”и ишлаётганини айтди:
“Валютчиклар эски жойларида туришибди. Бир долларни ҳудудларига қараб 7600-7700 сўмдан олишяпти. Лекин сотув йўқ. Менимча, ҳукуматнинг бу қароридан ҳали хабари йўқ одамлар ёки навбатда туришни истамаганлар “қора бозор”га мурожаат қилишяпти”, дейди мобил мухбир.
Озодлик суҳбатлашган тошкентлик саррофлар, доллар сотиб олаётганини, лекин сотув йўқлигини айтишди.
Лекин, айрим саррофларнинг иқрор бўлишича, айни пайтда банкнинг сотув курси, яъни бир АҚШ доллари 8150 сўм миқдорда жуда ҳам яширин ва ишончли одамларга сотиляпти.
Жиззахлик сарроф ҳам 1 АҚШ долларини 8150-8200 сўмдан сотаётганини айтди.
Банк шохобчаларида навбатлар
5 сентябр куни тушга келиб, валюта айирбошлаш шохобчалари олдида навбатлар пайдо бўлди.