Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4 сентябрдаги фармони билан 56 яшар Пўлат Раззоқович Бобожонов Ўзбекистон ички ишлар вазири этиб тайинланди.
Жорий йил бошидан бери Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида уч марта вазир алмашди.
2017 йилнинг 25 январигача бу вазифани Ислом Каримов томонидан тайинланган Адҳам Аҳмадбоев бажарган бўлса¸ Мирзиëев президентликка сайланганидан бир ойча ўтиб¸ Абдусалом Азизов Ички ишлар вазири қилиб тайинланган эди.
Бу вазифани генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов 2006 йилнинг 5 январида Зокиржон Алматов Ички ишлар вазири лавозимидан олинганидан бери бажариб келаëтган эди.
Авторитар бошқарув услубига асосланган Ўзбекистон каби давлат элитаси учун муҳим куч ишлатар тизимларидан бири бўлган Ички ишлар вазирлигининг янги раҳбари ким¸ деган саволга Пўлат Бобожоновни яқиндан билганлар кўмагида жавоб излаймиз.
Пўлат қандай тобланди?
Пўлат Бобожонов 1961 йил Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги энг нуфузли раҳбарлардан бири Раззоқ Бобожонов хонадонида дунëга келган. Унинг онаси Энагул Машарипова Боғот район ижроқўми¸ отаси эса¸ компартия раҳбари бўлган.
Озодлик суҳбатлашган ëши катта боғотликлар Пўлат Бобожонов ўқувчилик даврида туман кутубхонасидаги барча китобни биратўла ўқиб ном чиқарганини эсга олишди.
Пировардида Бобожонов Тошкент Давлат ҳуқуқшунослик институтига кириб¸ уни қизил диплом билан битиради.
Боғот туманида у билан бирга ишлаган Хоразм вилояти собиқ мулозимларидан бири Аҳмад Хоразмийнинг айтишича¸ Бобожонов ўша йили ҳуқуқшунослик факультетини қизил дипломга битирган ягона студент бўлган:
- Мен Боғотда сельхозтехника бошлиғи бўлган пайтимда Пўлатбек туман ҳокими муовини эди. Бирга ишлаганман. Бу кишининг отаси Раззоқ ака билан ҳам бирга ишлаганман. Пўлатбек кейин Хоразм вилоят прокуратураси умумий назорат бўлимида ишлаган даврини ҳам яхши биламан. Пўлатбекни ўз соҳасини чуқур биладиган қатъиятли раҳбар сифатида танидим. Мен сельхозхимия бошлиғи бўлганда унинг отаси Раззоқ ака менинг муовиним бўлган. Ўша пайтдаги мулозимлар ўз фарзандларини таниш-бнилиш қилиб ўқишга киритгани бор гап. Лекин Пўлатбек ўз кучи билан ўқишга кириб¸ уни қизил дипломга битирди. Бу муваффақиятга Пўлатбек отасининг аралашувисиз ўз тиришқоқлиги билан эришди ¸ дейди суҳбатдош.
Муросасиз “немис”¸ сотилмайдиган “ўрис”
Ўзбекистон ҳукуматидаги кадр ўзгаришларидан хабардор мулозимнинг Озодликка айтишича¸ Пўлат Бобожонов прокуратура ходимлари орасида “ честный ўрис ва муросасиз немис” дея лақаб олган саноқли кишилардан биридир:
- Бобожонов 2005—2006 йилларда Бош прокуратуранинг Солиқ ва валюта жиноятларига қарши курашиш департаменти бошлиғи, 2000—2005 йилларда эса Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари бўлганида “ честный ўрис ва муросасиз немис” деган лақаб тақилди унга. Бу дегани¸ пора олмайди¸ деганидир. Қонунни ушлаб¸ гапидан қайтмай тураверарди. Бухоро ва Жиззахда вилоят прокурори бўлган пайтида ҳам масалаларни порасиз ҳал қиладиган ноëб мулозим дея номи чиқди¸ дейди суҳбатдош.
Таниқли журналист Шароф Убайдуллаевнинг эслашича¸ Пўлат Бобожонов 2006—2011 йилларда Жиззах вилояти прокурори бўлиб ишлаган пайтида бирорта коррупцион схемаларга алоқадорлиги ҳақида гап чиқмаган:
- Жиззахда ишлаган даврида Бобожонов одамлар орасида яхши обрў қозонди. Таъмагирлик ëки рейдерлик қилгани ҳақида гап-сўз чиқмади. Бугунгача Ички ишлар вазири бўлган Абдусалом Азизов ўша пайтда Жиззах ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган. Жиззахда яхши ном чиқарганлар бугун Мирзиëев командасига олинмоқда¸ дейди суҳбатдош.
Ғиждувонлик тадбиркорни “прокурор зулмидан” қутқарган прокурор
Пўлат Бобожонов 2011 йилда Бухоро вилояти прокурори бўлиб ишлаган даврида “муаммони адолатли” ҳал қиладиган мулозим сифатида эсда қолди, дейди Озодлик суҳбатлашган бухоролик тадбиркор:
- Ғиждувон туман прокурори тумандаги икки иши юришган тадбиркор ака-укалардан ўлпон талаб қилади. Ўлпон унмаганидан кейин прокурор улардан қасос олиб бир акани қаматади¸ укани эса йирик жаримага тортади. Кўп ўтмай Бобожонов Бухоро вилоятига прокурор бўлиб келади ва ака-укалар адвокати унга арз қилади. Бобожонов бу муаммони ўрганиб¸ қайта терговга юборади. Оқибатда ака қамоқдан ¸ ука эса жаримадан қутулди. Адолат қарор топиб¸ қасоскор туман прокурори бошқа ишга ўтиб кетиб қутулиб қолди. Бобожоновнинг бирор тадбиркорга ўлпон солганини¸ зулм қилганини мен билмайман¸ дейди суҳбатдош.
Мирзиëев ИИВни коррупциядан қутқармоқчи
Нега Ўзбекистон президенти бор йўғи 9 ой ишлаган Абдусалом Азизовни Мудофаа вазири қилиб тайинлаб¸ ўрнига Бобожоновни тайинлади?
Ўзбекистон ҳукуматидаги кадр ўзгаришларидан хабардор мулозимнинг Озодликка айтишича¸ бундан мақсад ИИВни коррупциядан қутқаришдир:
- ИИВ тизими энг коррупциялашган вазирлик сифатида мамлакат президентининг хавотирига сабаб бўлгани Мирзиëевнинг селектор мажлисларидаги гап-сўзлардан маълум. Бу соҳадаги коррупцияни минимумга тушириш мақсадида кадр ўзгариши қилинди. Иккинчидан¸ бугунги вазият бу вазирлик тепасида президентга энг содиқ одам туришини тақозо қилади. Бобожонов узоқ йиллар давомида Мирзиëев командасидаги содиқ одам сифатида қолмоқда¸ дейди суҳбатдош.
Миннатдорик муждаси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев жорий йил бошида олимлар билан учрашган пайтида академик Саъдулла Искандаровни устозим дея миннатдорлик билан эслади. Журналист Шароф Убайдуллаевга кўра¸ Тошкент Ирригация институтида ректор бўлиб ишлаган пайтида Саъдулла Искандаров бўлғуси президентни ҳар томонлама қўллаб- қувватлаб келган:
- Шавкат Миромонович студент пайтидан академик Саъдулла Искандаров назарига тушди. Комсорг¸ парторг каби лавозимларга тавсия қилинди. Саъдулла Искандаров СССРдаги легендарний қахрамон раис Искандар Дўстовнинг ўғлидир. Пўлат Бобожоновнинг отаси Раззоқ Бобожонов эса Искандар Дўстовнинг энг яқин шогирди эди¸ дея эслайди таниқли журналист.
Эслатма: Сиз ҳам Ўзбекистон ҳукумати тепасига келаëтган янги раҳбарлар¸ хусусан Пўлат Бобожоновни яхши билсангиз¸ билганларингизни Озодлик орқали жамоатчилик билан ўртоқлашишингиз мумкин. Маълумот ва мулоҳазаларингизни шарҳ катакчасига ëзиш¸ ëки Telegram, WhatsApp, Facebooкдаги саҳифаларимизга юбориш орқали Озодлик билан баҳам кўринг.