Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:45

Соғлом танага эга бўлишни истаган эркаклар учун 7 маслаҳат


Яқинда ўтказилган изланишга кўра, 18 ёшдан ўтган эркакларнинг 12 фоизидан ошиғининг соғлиғи ўрта ёки ночор ҳолатдадир.

Қуйида эркаклар ўз соғлиқларини яхшилашлари учун Бирмингемдаги Алабама университети тиббиёт профессорларидан етти маслаҳат билан танишишингиз мумкин.

Витаминларни тўғри танланг

Қайси витамин сизга фойда олиб келишини аниқланг. Масалан, вегетарианлар ёки ичкиликка берилганлар учун мультивитаминлар фойдали.

Витаминларни қайси миқдорда ичиш кераклиги ҳақида шифокор билан маслаҳатлашиш зарур. Масалан, А витамини ҳаддан ташқари кўп ичилса, суяклар мўртлашиши ва кўзлар хиралашиши мумкин.

Юрак ва мия соғлом бўлиши учун жисмоний машқ қилинг

Юрак-томир тизимини соғлом сақлашда мунтазам равишда жисмоний машқ билан шуғулланиш муҳим ўрин тутади. Жисмоний машқ қон босимини туширади, 2-типдаги диабет олдини олади ва умрни узайтиради.

Бирмингемдаги Алабама университетининг Хотира касалликлари бўлими директори доктор Дэвид Гельдмахер:

- Ҳафтасига 2,5 саот енгил машқ қилишни, масалан, тез юришни тавсия қиламиз. Жадалроқ машқларни эса озроқ қилиш мумкин, - дейди.

Чекишни ташланг

Тамаки чекишни ёки чайнашни ташлаш жуда мушкул бўлиши мумкин. Аммо улардан воз кечиш жинсий ҳаётни, юрак ва ўпка фаолиятини яхшилайди.

Изланишлар кашандаларда сперматозоидлар сони озайишини ва уларнинг ҳаракатчанлиги сустлашишини кўрсатади. Бу эса эркакларнинг фарзанд кўришига салбий таъсир кўрсатади.

Ичимликларни тўғри танланг

Шакари кўп бўлган ичимликларни ичманг. Изланишлар фруктозаси кўп ичимликлар ва бўйрак тошлари ўртасида боғлиқлик борлигини кўрсатади.

Уйғоқ юрганингизда ҳар икки соатда 250-350 грамм сув ичиш керак. Жисмоний машқ қилаётиб эса янада кўпроқ сув ичиш керак. Қаҳва, чой, пиво ёки винони меъёрида ичиш ҳам фойдали: мазкур ичимликлар бўйрак тоши пайдо бўлиши олдини олиши мумкин.

Кўпроқ мева ва сабзавот истеъмол қилинг

Киши соғлиғи учун энг муҳими соғлом овқатланишдир. Юрак соғлиғи ва гормонлар миқдори соғлом диетага боғлиқдир.

Соғлом диета эса мева ва сабзавотларни ўз ичига олади. Соғлом овқатланиш яна тестостерон ишлаб чиқарилиши ва эрекцияни яхшилайди.

Терингизни асранг

Тери инсоннинг энг катта органидир. Қуёшдан келадиган ультрабинафша радиация тери ДНКсига зиён келтириши мумкин.

Вақт ўтиши билан бу тери саратонига олиб келиши мумкин. Энг кенг тарқалган тери раки турлари базалиома, эпидермоид саратони ва меланомадир. Шу сабаб қуёшга чиққанда, сақловчи кремлар суртинг ёки ёпиқ кийим кийинг. Қуёш нурлари эрталабги соат 10 дан кечки 5 гача айниқса хавфлидир.

Оилангиздаги касалликлар тарихини билинг

Америкалик эркаклар орасида тери саратонидан кейин простата саратони энг кенг тарқалган рак касаллигидир. Оила аъзоларингизда простата саратони билан чалинганлар бор ёки йўқлигини аниқланг.

Айрим эракларда миллати, ирқи ёки оилавий тарихи туфайли простата саратонига чалиниш хавфи баланд бўлади. Бундай шахслар 40 ёшга чиққанда ўзларини текширтиришлари керак.

XS
SM
MD
LG