Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:27

Наманганнинг Косонсой ва Жалолободнинг Олабуқа туманидаги чегара ўтказиш пункти очилди


Ўш ва Андижон ўртасидаги "Дўстлик" чегара пункти 5 сентябрда тантанали очилган эди.
Ўш ва Андижон ўртасидаги "Дўстлик" чегара пункти 5 сентябрда тантанали очилган эди.

Баймақ Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида мавжуд 15 та чегара бекати орасида еттинчи бўлиб очилган чегара ўтказиш-пункти бўлди.

Наманганнинг Косонсой ва Жалолободнинг Олабуқа туманидаги чегара ўтказиш пункти очилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:58 0:00

Наманганнинг Янгиқўрғон туманидан бўлган 65 ёшли Хайрихон Иномовани Қирғизистон чегарасидан ўтиш учун навбатда турган пайтда учратдик.

У Қирғизистоннинг Олабуқа туманига турмушга чиққан синглисини кўргани келаётган экан. Ҳайрихон опанинг айтишича, у синглисини бундан 8 йил аввал кўрган. Шунинг учун ҳам унинг ҳаяжони чексиз.

-Бу кун биз учун жуда қувончли кун. Биз бу кунларни узоқ йиллар интиқиб кутган эдик, -деди Ҳайрихон Иномова.

Қирғизистоннинг Олабуқа ва Ўзбекистоннинг Косонсой туманлари ўртасида жойлашган Баймоқ чегара ўтказиш пунктини очиш тўғрисидаги қарорни қирғиз ҳукумати 16 сентябрда қабул қилди. Бироқ Ўзбекистон томони тайёргарлик ишлари учун бир оз муддат сўрагани боис, чегара пункти расман 19 сентябрдан иш бошлади.

-Бу ердан фақат икки идавлат ватандошларигина ўтказилади. Учинчи давлат ватандошларига бу ердан ўтишга рухсат йўқ. Ўтказиш тартиби фақат кундузи амал қилади. Ўзбекистон билан келишувга мувофиқ эрталаб соат саккиздан 18гача ўтказамиз. Шундан бошқа ҳеч қандай чеклов йўқ. Бу ердан енгил автомашиналар ҳам ўтиши мумкин. Лекин бунинг учун ҳайдовчи машина ўзига тегишли эканини ҳужжатлар билан исботлаши керак. Юк олиб ўтиш мумкин эмас. Ҳар бир одам ўзи билан фақат 5 килогача бўлган шахсий буюмларини олиб ўтиши мумкин, -деди Баймоқ чегара ўтказиш пункти бошлиғи Бакитбек Жангазиев.

Чегара очилганидан бери бу ердан кунига камида 500 одам ўтмоқда. Чегарадан ўтиш учун навбат кутаётган Эшенкул Тўлўшев Ўзбекистонга қариндошларини кўришга кетаётганини айтди:

-Мен Олабуқа туманидан Ўзбекистонга қариндошларимини, қуда-андаларимни кўргани кетаяпман.Чегарани очганларга минг рахмат. Чегаралар ёпилганидан кейин қариндошларимиз билан 10-20 йиллаб кўриша олмай қолган эдик. Хатто вафот этган яқинларимизни ҳам сўнгги манзилга кузатолмадик. Ҳозир чегарадан ўтишда ҳеч қандай чекловлар йўқ, - деди Эшенкул Тўлўшев.

Олабуқа ва Косонсой туманлари ўртасидаги Баймак чегара-ўтказиш пункти 2010 йилда ёпилган эди. Чегаранинг очилиши билан Олабуқа туман расмийлари чегараолди савдоси ҳам чегаралар ёпилгунига қадар бўлган ҳолатга қайтишига умид қилмоқда.

-Бизнинг туманимиз тоғли ҳудудда жойлашгани учун чорва моллари кўп боқилади. Ўзбекистонликлар биздан гўшт ва чорва молларини сотиб олиб кетар эди. Чегара ёпилганидан кейин қорамол нархи ҳам арзонлаб, бозор касодга учраганди. Ўзбекистондан эса бизга мева-сабзовот келарди. Чегаранинг очилиши билан деҳқонларимизнинг ҳам бозори юришиб қолади, деб умид қилаяпмиз, -деди Олабуқа туман ҳокими ўринбосари Калчабу Усенова.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка 5-6 сентябрда қилган давлат ташрифи ортидан 6 сентябрда Ўш ва Андижон ўртасидаги “Дўстлик” чегара пункти тантанали равишда очилган эди. Шундан сўнг икки давлат чегарасидаги яна 6та чегара пункти тўлақонли ишга туширилгани хабар қилинган.

Шу кунгача қолган 8 та чегара ўтказиш пункти ёпиқ қолмоқда. Қирғиз расмийларига кўра, яқин кунларда Жалолобод ва Андижон вилоятлари ўртасидаги Сузоқ чегара пунктининг очилиши ҳам кутилмоқда. Қолган чегара –ўтказиш пунктларининг қачон олчилиши эса ҳозирча номаълум бўлиб қолаётир.

XS
SM
MD
LG