Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:23

АҚШ Курдистондаги референдум натижасини тан олмайди


25 сентябрь куни Курдистонда мустақиллик бўйича ўтган референдумда қатнашган келин ва куёв.
25 сентябрь куни Курдистонда мустақиллик бўйича ўтган референдумда қатнашган келин ва куёв.

Россия ва Туркия президентлари Сурияда фуқаролик урушига чек қўйиш учун махсус "деэскалация зоналари" яратишга келишиб олди. Идлиб вилоятини ҳам ўз ичига олган бу ҳудудларда ҳукумат ва исёнчилар олти ой давомида олишувни бас қилиши, ҳаво ҳужумлари тўхташи кутилмоқда.

Владимир Путин ва Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг Анқарада ўтган мулоқотида Сурия ва Ироқдаги вазият марказий ўринни эгаллади. Сурияда қарама-қарши томонларни қувватлаган икки давлат энди яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.

"Террористларни йўқ қилиб, Сурияда қардошлик урушини тугатиш учун, халқ тинч ҳаётга қайтиши учун зарур шароит яратилмоқда. Бу нафақат сурияликлар, балки бутун минтақа ва дунё учун муҳим. Қочқинлар уйига қайтиши учун замин яратяпмиз", - деди Путин.

Келишув тинчлик жараёнини бошлаб беради, олти йиллик урушни тугатади, деган умид бор. Аммо Анқарада имзоланган бу ҳужжат мажбурий кучга эга эмас.

Россия ва Туркия раҳбарлари Курдистон ўтказган мустақиллик референдумини ҳам муҳокама қилди. Тадбирни "катта хато" деб атаган Эрдўғон фикрича, дунё ҳамжамияти Ироқда ҳудудий яхлитлик ва сиёсий бирдамликни қўллаб-қувватлаши керак.

Анқара 30 йилдан буён ўз ҳудудида курд айирмачилар билан курашиб келади ва Ироқ шимолида ўтган референдум бўлгинчи гуруҳларни янада руҳлантиришидан чўчийди. Туркия Курдистон мухториятига қарши иқтисодий санкция қўйиши мумкин.

Россия эса Ироқ яхлит давлат бўлиб қолиши тарафдори. Аммо Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Москва курд манфаатларини ҳам ҳурмат қилади ва уларни Ироқ ҳукумати билан мулоқотга чақиради.

Курдларга босим

25-сентабр кунги референдумда курдларнинг 92 фоизи мустақиллик учун овоз берди. Бунга жавобан Бағдод Курдистонга кириш-чиқиш парвозларини тўхтатиб қўйган. Марказий ҳукумат референдум натижасини бекор қилишни талаб қилмоқда.

Гуманитар ташкилотларга кўра, парвозларга тақиқ миллионлаб қочқинлар ҳаётини қийинлаштиради. Тақиқ кучга кириши олдидан ўнлаб чет элликлар Курдистонни тарк этгани хабар қилинмоқда.

Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал-Абадий дейдики, мақсад курд халқини азоблаш, қамал қилиш, озиқ-овқат таъминотини узиш эмас. Ирбил аэропортидан ҳарбий, гуманитар ва дипломатик парвозлар давом этади.

АҚШ муносабати

Курд раҳбариятини рефередумни бекор қилишга ундаган Қўшма Штатлар натижани тан олмаслигини билдирди. Вашингтон "Исломий давлат" гуруҳига қарши кураш бирламчи вазифа бўлиши лозим, деб келади.

"Референдум бир томонлама қарор бўлиб, қонуний асосга эга эмас. Бирдам, федерал, демократик Ироқ тарафдоримиз. Барча томонларни босиқликка, ўзаро айбловларни ва куч ишлатиш ҳақидаги таҳдидларни бас қилишга чақирамиз", - дейилади Давлат департаменти чиқарган баёнотда.

Курд ҳукумати, дейилади унда, конституцияда белгиланганидек марказий ҳукумат роли ва ваколатларини тан олиши лозим.

Қатор экспертлар ва собиқ элчилар фикрича, Трамп маъмурияти референдумга қарши чиқиб, хатога йўл қўйди. Сенатор Чак Шумер ва конгрессмен Трент Франкс ҳам танқидларга жўр бўлишди.

"Курдлар иложи борича тезроқ ўз давлатига эга бўлиши керак. Бунга эришишда биз уларга мадад кўрсатайлик", - дейди АҚШ Сенатида демократлар сардори Шумер.

АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондаги собиқ элчиси Раян Крокер ҳамда Бағдодда элчилик қилган яна бир арбоб Залмай Ҳалилзоднинг огоҳлантиришича, АҚШ курдларга босим ўтказиши Курдистонга беқарорлик олиб келади, Ироқда Эрон назоратидаги жангариларни руҳлантиришга хизмат қилади.

XS
SM
MD
LG