Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:43

Тошкент ва Жиззах ҳокимлари пахтани қўшиб ёзгани учун ишдан олингани хабар қилинди


Тошкент вилояти ҳокими Шукрулло Бобоев ва Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов президент томонидан ишдан олинди.

Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб хабар қилган Kun.uz сайтига кўра, бугун, 30 октябрь тонгида бош вазир Абдулла Арипов иштирокида ўтказилган видеоселекторда ушбу ҳокимлар лавозимдан озод этилгани ҳақида маълум қилинган.

Ҳокимларнинг ишдан олинишига 2017 йилги пахта мавсумида ушбу вилоятларда ҳосил қўшиб ёзишга йўл қўйилгани сабаб бўлган.

Худди шу сабаб билан Тошкент вилояти прокурори Жамшид Файзиев ҳамда Жиззах вилояти прокурори Азимжон Эргашев лавозимдан озод этилган.

Kun.uz манбасининг маълумотига кўра, Тошкент вилоятида пахта ҳосили қўшиб ёзилиши 12 фоиз бўлган. Маълумот учун, Республика вилоятларида 2017 йил ҳосилидан пахта хомашёси тайёрлаш тўғрисидаги маълумотномага кўра, 28 октябрь куни Тошкент вилоятида пахта режаси 82,98 фоизни ташкил этаётганди. Бу вақтда Жиззах вилоятида кўрсаткич 83,44 фоиз эди. Бу вилоятда қанча пахта қўшиб ёзилгани номаълум.

Ишдан бўшатилган ҳокимлар ва прокурорларнинг ҳаракатлари юзасидан суриштирув ишлари бошланган.

Шунингдек, мавсумда пахта топшириш режасини биринчилардан бўлиб бажарган Хоразм вилояти ҳокими ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарига ҳам шу масалада эътирозлар билдирилган.

Эндиликда, Тошкент вилоятига Ғуломжон Ибрагимов Иномович ҳоким вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди. У ўтган йилнинг декабридан буён бош вазир ўринбосари эди (Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари).

Эргаш Алибекович Солиев Жиззах вилоятининг янги раҳбари бўлди. Жиззах политехника институтининг собиқ ректори охирги йилларда Арнасой тумани ҳокими бўлиб ишлаётганди.

Эслатиб ўтамиз, узоқ йиллар давомида Вазирлар Маҳкамаси қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги масалалари ахборот-таҳлил департаменти бошлиғи сифатида фаолият юритиб келган Улуғбек Узоқов 2016 йилнинг декабрида Жиззах вилоятига ҳоким этиб тайинланганди.

Азимжон Эргашев эса вилоят прокурори сифатида 2017 йилнинг мартидан иш бошлаганди.

Шукрулло Бобоев ҳам 2016 йилнинг декабрь ойида Тошкент вилоятига ҳоким этиб тайинланган, лекин у ўтган вақт давомида бир неча марта президент томонидан танқид қилинганди.

XS
SM
MD
LG