Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:46

Навальний тарафдорлари Россия бўйлаб намойишга чиқди


24 декабрь куни Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний тарафдорлари расмийлар тақиқига қарамасдан, Москва ва бошқа бир қанча шаҳарда намойишга чиқди. Шунингдек, мухолифатчи фаолларга кўра, юзлаб одам Навальнийни Россия президентига номзод ўлароқ кўрсатиб овоз берган.

Москвада Навальнийни қўллаб 700 дан ошиқ одам овоз берган. Владивостокда тахминан 600 одам, Новосибирскда – 700 дан зиёд одам мухолифатчи номзодини қўллаб овоз берган.

Мухолифат тарафдори Арсентий Гундарев Волгоградда Навальний тарафдорлари намойишига отланган 11 фаолни полиция қўлга олганини билдирди. Гундаревнинг айтишича, полиция фаолларнинг паспортлари ва бошқа ҳужжатларини тортиб олган.

Жорий йилнинг июнида Россия Марказий сайлов комиссияси Навальний молиявий жиноятларда айблангани учун сайловда иштирок этолмаслиги тўғрисида огоҳлантирганига қарамасдан, Навальний сайловолди кампаниясини бошлаб юборган. Мухолифатчи ўзига қўйилган айбловлар ортида сиёсий сабаблар борлигини айтиб келади.

2018 йилнинг мартига белгиланган президентлик сайловида жорий президент Владимир Путин осонликча ғолиб қозониши кутилмоқда.

Мухолифат ва бошқалар қонубузарликлар билан ўтганини айтган 2011 йилги Дума сайловларига қарши намойишлар ҳам 24 декабрь куни бошланган эди.

41 яшар Навальний ўтган декабрда президентликка номзодини қўйишини эълон қилган эди.

Навальний ҳамкори Владимир Милов 4 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда расмийлар тақиқи туфайли Навальний кампанияси тўхтаб қолишини кутиш хато эканини айтганди.

Ўтган ҳафтада Навальний ўз платформасини эълон қилди. Мухолифатчи коррупцияга қарши курашишни ҳамда таълим ва соғлиқни сақлашга кўпроқ маблағ сарфлашни истайди.

Путин 6 декабрь куни 2018 йилга белгиланган президентлик сайловида номзод бўлишини эълон қилди.

Путиннинг рейтинги юқори бўлгани ҳамда у ўзига қарши гуруҳлар ва мухлофатга қарши аёвсиз курашиб келаётгани учун унинг қайта сайланиши ҳеч кимни ҳайратга солмайди.

Таҳлилчиларга кўра, Путин сайловда имкон борича кўпроқ одам қатнашиб, имкон борича кўпроқ унга овоз беришларини истайди. Россия конституциясига биноан Путин 2024 йилда бешинчи марта ўз номзодини қўя олмайди.

XS
SM
MD
LG