Бу борадаги фармонни президент Шавкат Мирзиев 2017 йилнинг 28 декабрида имзолади. Мазкур фармонга асосан 65 ва ундан катта ёшдаги пенсионерлар хатолик туфайли белгиланган кўрсаткичдан ортиқча миқдорда олган пенсиялари учун қарзларни давлатга қайтармайдиган бўлди.
Ортиқча берилган пенсиялар бўйича қарздорлик фақат 2010 йилгача белгиланган нафақалар бўйича амалга оширилади. Фармонга биноан 2010 йилгача пенсияга чиққан одамларнинг ортиқча олган пенсиялар бўйича 2018 йилгача бўлган қарздорлиги кечилади.
Давлат органлари хизматчиларининг нотўғри ҳисоб-китоби оқибатида белгиланганидан кўра кўпроқ пенсия олган шахслар шу кунгача ортиқча олинган пулларни давлатга қайтариши керак. Бироқ бу пулни давлатга қайтариш имконияти бўлмаган қариялар қарздор бўлиб келаётган эди.
Бундан ташқари фармонда ортиқча тўлаб юборилган пенсия бўйича қарздорликни давлатга қайтаришнинг янги механизми ҳам жорий этилди.
Бундан буён пенсионер пенсия белгиланганидан ортиқча тўлаб юборилганини тан олмаса ёки уни қайтаришга рози бўлмаса, мазкур иш судларда кўриб чиқилади ҳамда қарздорликни ундириш суд қарори асосида амалга оширилади.
“Нафақахўр туман (шаҳар) Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг ортиқча тўланган пенсия ва нафақалар суммасини ушлаб қолиш ҳақидаги қароридан норози бўлган тақдирда, тўланган ортиқча сумма суд тартибида, аниқланган вақтдан уч йилдан ошиқ бўлмаган муддатда ундирилади”, дейилади фармонда.
"Меҳнат фаолиятини олиб борувчи нафақахўрларнинг алоҳида тоифасига қулайлик яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонда 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб фахрий унвонларига эга кишиларга пенсиялар тўлиқ ҳажмда тўланиши ҳам назарда тутилган.
Илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ва улардан фойдаланиш учун муаллифлик мукофоти (гонорар) кўринишида даромад олувчилар эса меҳнат шартномаси асосида меҳнат фаолиятини амалга оширмасликлари шарти билан тўлиқ ҳажмда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 32 миллиондан кўпроқ аҳолисининг 3 миллиони пенсионер бўлиб ҳисобланади.Пенсияга чиқиш ёши эркалар учун 60 ёш, аёллар учун 55 ёш қилиб белгиланган.
Пнесияга чиқиш учун минимал меҳнат стажи эркаклар учун 25, аёллар учун 20 йилни ташкил қилади.