Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:35

Ўзбек-Тожик чегарасини камида 76 одам ўлимига сабаб бўлган миналардан тозалаш муҳокама этилди


Бош вазир Абдулла Арипов (чапда) президент Эмомали Раҳмон томонидан 10 январда қабул қилинди.
Бош вазир Абдулла Арипов (чапда) президент Эмомали Раҳмон томонидан 10 январда қабул қилинди.

Бош вазир Абдула Ариповнинг 10 январь куни Душанбеда президент Эмомали Раҳмон билан бўлиб ўтган учрашуви чоғида икки давлат ўртасидаги чегаралар муаммоси ҳам муҳокама этилди.

Тожикистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, томонлар ватандошларнинг чегарадан ўтишига қўйилган чекловларни бекор қилиш, икки давлат ўртасидаги миналаштирилган ҳудудларни тозалаш каби масалаларни кўриб чиққан.

Миналаштирилган чегаралар икки давлат ўртасидаги энг катта муаммолардан бири ҳисобланади.

Тожикистон билан чегарадаги пиёдаларга қарши миналар ўзбек чегарачилари томонидан 2000 йиллар бошидаёқ Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг мамлакат ҳудудига ёриб кириши олдини олиш учун кўмилган.

Тожикистон Мина масалалари бўйича марказининг маълумотига кўра, 1999 йилдан 2011 йилгача чегарадаги миналардан 160 дан зиёд одам жабр кўрган, улардан 76 нафари ҳаётдан кўз юмган. Расмий маълумотга кўра, ҳалок бўлганларнинг 15 нафари ёш бола, 5 нафари аёл бўлган.

Бу миналардан Ўзбекистон фуқаролари ҳам жабр кўргани айтиб келинади. Лекин бу борада расмий маълумотлар мавжуд эмас. Шунингдек, 2011 йилдан бери шу кунгача бўлган даврда миналардан қанча одам жабр кўргани тўғрисидаги маълумотлар ҳам очиқланмаган.

Икки давлат ўртасидаги чегараларнинг узунлиги 1332,9 километрни ташкил қилади. Бу чегаранинг 20 фоизи шу кунгача аниқланмаган.

Учрашувда президент Эмомали Раҳмон Тожикистон Ўзбекистон билан сув-энергетика заҳираларидан фойдаланиш масаласида минтақавий манфаатларга зид келмаган ҳолда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканига алоҳида тўхталди.

Бундан ташқари Абдулла Арипов ва Эмомали Раҳмон экспорт тарифларини камайтириш, мавжуд темир йўллардаги қатновларни жонлантириш масаласини ҳам муҳокама қилган.

Ўзбекистон Бош вазирининг Тожикистонга сафари жараёнида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега расмий ташрифига тайёргарлик масаласи ҳам кўриб чиқилади.

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга сафари жорий йилнинг баҳорида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Ӯзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг 10 январда Тожикистонга бошланган сафари 11 январда якунига етади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 январь куни Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгаши сессиясида сўзлаган нутқида Тожикистонга темир йўл ва электр узатиш линиялари очилиши ҳақида келишувга эришилганини билдирган эди.

Ўз сўзида президент “Барча қўшнилар билан яхши алоқаларни йўлга қўйиш керак. Бунга вақт керак, ахир 20 йиллик музни эритиш осон эмас”, деб айтган эди.

Ўзбекистон-Тожикистон алоқалари Душанбе Роғун ГЭСи барпо этилишини эълон қилгани ортидан кескин ёмонлашган эди. Бунинг ортидан 2011 йилда президент Ислом Каримов кўрсатмаси билан Тожикистон учун стратегик ҳисобланган Амузанг-Термиз темир йўлининг бир қисми ёпиб қўйилганди.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан совуқлашган алоқалари Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг илиқлаша бошлади.

XS
SM
MD
LG