Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:45

Меҳнат муҳожирлари автобусларда юрмасликни таклиф этмоқда


“Юртдошларимиз автобусларда юришмасин!” Бу Озодлик таҳририятига Қозоғистондаги фожиадан кейин келиб тушаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг таклифларидан биридир. Озодлик муҳожиратда юрган Ўзбекистон ватандошларининг ижтимоий тармоқлар орқали йўллаган айни мавзудаги кўп сонли саволлари, мурожаат ва таклифларидан айримларини қуйида эътиборингизга ҳавола қилади.

“Юртдошларимиз автобусларда юришмасин!“

Озодликнинг Москвадаги таҳририятига Новосибирскдан мурожаат қилган 35 яшар Сардорбек Қозоғистондаги фожиадан жуда таъсирлангани айтиб, юртдошларига автобуслардан фойдаланмасликни тавсия қилди.

- Ҳар кимнинг чўнтаги кўтармайди, тежаш ниятида автобусда кетаяпти. Бу автобуслар ҳеч қандай талабларга жавоб бермайди! Олдига борсангиз қўрқиб кетасиз “Етиб борарканмизми?”, деб. Бу автобусларнинг печкалари ҳам ишламайди: оёқларингиз музлаб, белингиз ботиб, пачағингиз чиқиб борасиз. Орқада ўтириб қолганлар умуман музлаб қолишади.Автобусда одатда ҳужжати йўқлар кетади, деди андижонлик Сардорбек.

“Учоқлар нархларини пасайтиришсин!”

Яна бир гуруҳ муҳожирлар Ўзбекистон-Россия ўртасида учаётган учоқлар чипталари нархлари баландлиги сабабларини тушунтириб беришни сўрайди.

- Таклифим – самолётлар билетлари жуда қиммат. Қўшни Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига самолётга билет багажсиз 4 мингдан ошиқроқ, багаж билан ошиб кетса 7 минг рубл бўлади. Шуни арзонроқ қилишнинг иложи бормикан ҳукуматимиз учун? дея савол қўйди исмини билдиришни истамаган тингловчи.

Ўзбекистонликлар "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" ва Ўзбекистонга парвоз қилаётган бошқа авиаширкатлар чипталарининг асоссиз қимматлиги ва монополия тугатилиши кераклиги мавзусини Интернет тармоқларида қизғин муҳокама қилишни давом этмоқда.

Москвадан Истанбулга одамлар 50 доллар билан учишади. Ўғилларим 60 долларга Москвадан Истанбулга бориб келишга чипта олишади. Қизим Америкадан Москвага ва Москвадан Истанбулга 300 доллар билан келди. Истанбулдан Самарқандга эса Сизнинг самолётингизга 380 долларга чипта олди. Чунки Ўзбекистондан самолётларда учиш дунёнинг ҳеч бир мамлакатида Сиз белгилайдиган нархларчалик қиммат эмас!" деб ёзди romantic тахаллусига эга мухлис.

“Муҳожирларга ёрдам берувчи жамғарма керак”

Охирги пайтларда Озодлик таҳририятига турли бахтсиз ҳодисаларга учраган юртдошларига кўмак бериш истагида бўлганлардан мурожаатлардан келмоқда. АҚШ, Туркия, Британия, Жанубий Корея ва Арабистон мамлакатларидан ёрдам қўлини чўзиш истагида бўлган ўзбек ватандошлари жамғарма тузишни таклиф қилишади.

Жумладан, Озодлик таҳририятига Санкт-Петербургдан мурожаат қилган ўзбекистонлик Шавкат Россия ва бошқа қўшни давлатларда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига кўмак берувчи жамғарма тузиш кераклиги ҳақида гапирди.

- Кўп одамлар пул ёки бошқа масалада ёрдам бергиси келади. Лекин кимга мурожаат қилишни ёки қандай етказиб бериш йўлларини билмайди. Ташкилотчи йўқ-да! Муҳожирларга ёрдам бериш учун жамғарма тузиш керак, деди Шавкат.

Айни пайтда, Ўзбекистоннинг ўзида “Орзу ва ҳаёт” халқаро жамғармаси Ақтўбе қурбонлари оилаларига моддий ёрдам бериш учун режалаштирган хайрия марафонини бекор қилди.

Жамғарма тузиш масаласи Озодлик саҳифаларида муҳожиратда юрган ўзбекистонликлар томонидан олдин ҳам кўтарилганини эслатиш лозим.

“Нега Ўзбекистонда мотам куни эълон қилинмади?”

20 январ куни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида Россияда яшовчи ўнлаб ўзбекистонлик Қозоғистонда автобус ёнғинида ҳалок бўлган ватандошларини хотирлаш маросимини ўтказди. Тадбир ташкилотчиси, “Ватандош” бирлашмаси президенти Усмонхон Баратов ва тадбирга йиғилган меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонда мотам эълон қилишни таклиф қилди.

“...Элчихонадаги Ўзбекистон байроғи мотамга бағишлаб туширилмабди! Элчи учун 52та ёш Ватандошнинг ўлими оддий бир кун экан! Хайф сенга элчи!" - дейди Усмонхон Баратов.

“Ҳукумат Ўзбекистон ўзида иш ташкил этсин!”

Таҳририятга келаётган таклифларнинг аксари – Ўзбекистон ичкарисида иш ўринларини кўпайтириш ва меҳнат миграцияси оқимини камайтириш билан боғлиқ.

Ўзбекистон ҳукумати ўзбек йигитларини четга чиқармасдан, Ўзбекистонда иш ўрни яратса яхши бўларди, деб ёзди Shingyzkhan.

“52 ўғлон нобуд бўлди... Энди Россияга иш излаб бориш тўхтайдими? Ғуруримиз юртдошларимиз жонидан устунми?!”- деди Жамшид Ниёзов исмли Фейсбук фойдаланувчиси.

Миграция департаменти ҳисоб-китобича, Россиянинг ўзида 2 миллионга яқин ўзбекистонлик муҳожир расман қайдга туриб, меҳнат қилиб келади. Ҳужжатсиз юрган ўзбек муҳожирлари сони, кузатувчилар айтишича, яна бир миллион одамни ташкил этади.

Ақтўбе вилоятида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг автобусда ёниб кетишига муносабат билдирган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бу фожианинг асл сабаби ишсизлик эканини таъкидлади.

“Оллоҳ ўлганлар яқинларига сабр берсин!“

Айни пайтда, Озодликка Қозоғистондаги фожеада нобуд бўлган ўзбек муҳожирлари яқинларига дунёнинг турли минтақаларидан ҳамдардлик билдириб юборилган саноқсиз хат-хабарлар кўпаймоқда.

“Аллоҳим, ўтганларни ўзинг раҳмат қилгин. Жойларини жаннатда қилгин, оилаларига сабр бергин. Мусофир юртда ишлаб, пул топиб, оила боқаман деб юрган ватандошларимизни ўз паноҳингда асра”, дея дуо қилди Паризода исмли ўзбекистонлик аёл.

Самара-Чимкент автойўлининг Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидан ўтадиган қисмида 18 январь куни автобус ёниб кетгани оқибатида 52 ўзбекистонлик ҳалок бўлган, фақат 5 одам автобусдан қочиб чиқишга муваффақ бўлган эди.

Ўзбекистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги шахси аниқланган мигрантлар тўлиқ рўйхатини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG