Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:57

Трамп президентлигининг илк йили: Россия билан зиддиятлар давом этади


Президент Дональд Трампнинг ўтган бир йиллик ҳокимияти даврида энг кўп тилга олинган масала бу Россия бўлди. Конгресснинг бир неча қўмитаси ҳамда махсус терговчи Роберт Мюллер Трамп сайлов кампаниясининг Москва билан алоқасини тафтиш қилишга тушди.

"Россияга ҳеч қандай алоқам йўқ. Буни ҳамма билади. Демократлар тўқиган уйдирма бу. Сайловни бой бергач, шу нарсани ўйлаб топишди", - деди Трамп.

Бу Дональд Трампнинг йил охирида айтган гапи. У Кремлга нисбатан бўш сиёсат юритаётгани ҳақидаги даъволарни инкор этади.

Трамп президент сифатида қасамёд келтиришидан икки ҳафта олдин Миллий разведка идораси раҳбари Жеймс Клеппер АҚШнинг барча ҳуқуқ-тартибот идоралари якдил бўлган хулосани эълон қилди: Россия Президенти Владимир Путин Трампнинг ғалаба қозонишини таъминлашга уринган.

"Россия Президенти Владимир Путин 2016 йил АҚШ президентлик сайловига таъсир ўтказиш кампаниясини бошлашни буюрди. Россиянинг мақсади АҚШ демократик жараёнига жамоатчилик ишончини пасайтириш, Давлат котиби Клинтонни обрўсизлантириш ҳамда унинг сайланиш имкониятига зарар етказиш эди. Путин ва Россия ҳукумати Трампни президент сифатида кўришни афзал кўрганини аниқладик. Бундай хулосанинг тўғрилигига ишончимиз баланд", - дейилади разведка идоралари эълон қилган ҳисоботда.

Шундан сўнг Конгресс текширувлари бошланди. Март ойида Федерал Қидирув Бюроси раҳбари Жеймс Коми ҳам Трамп жамоаси ва Кремл ўртасидаги алоқаларни ўрганишни бошлаганини эълон қилди.

Орадан кўп ўтмай Трамп Комини ишдан бўшатди. Бунинг ортидан эса Россия масаласини ўрганиш учун Роберт Мюллер махсус терговчи этиб тайинланди. Шундан бери давом этаётган тергов давомида Трамп сайлов кампаниясига алоқадор бир нечта расмийга қарши айбловлар эълон қилинди.

Президент Трампнинг сўзлари ва амалдаги хатти-ҳаракати ҳамиша ҳам бир-бирига мос эмас.

У яқинда Россия ҳимоясидаги исёнчиларга қарши қўллаш мақсадида Украинага қурол-аслаҳа сотишни маъқуллади. Шунингдек, Украина ички ишларига аралашгани учун Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этди.

Айни пайтда Трамп Кремл билан алоқаларни яхшилаш ҳақида ҳам гапирмоқда.

"Россия билан доим урушиб юргандан кўра, улар билан дўстона муносабатда бўлиш дунё учун ва биз учун яхши нарса", - деган эди Трамп.

Аммо янги президентнинг миллий хавфсизлик стратегиясида Россия Американинг глобал таъсирини заифлаштиришга уринаётган хавфли рақиб сифатида тилга олинади.

Шунга қарамай, стратегияни эълон қилиш пайтида Трамп Путин билан алоқа ўрнатиш ҳақида гапирди.

"Кеча менга Россия Президенти Путиндан қўнғироқ бўлди. Санкт-Петербургда режаланган террор хуружи ҳақида разведка маълумоти етказганимиз учун у бизга ташаккур айтди. Бу ҳужум кўплаб, эҳтимол, минглаб одамларнинг ёстиғини қуритиши мумкин эди. Воқеа юз беришидан олдин жиноятчиларни қўлга олишга муваффақ бўлишди. Бу жуда яхши нарса ва алоқалар шундай ишлаши керак", - деди Трамп.

Таҳлилчиларнинг айтишича, Трампнинг ҳар бир ҳаракати ҳозир Россия кўзгуси орқали кузатилмоқда. Шу боис у Кремлга қарши одатдагидан кўра қаттиқроқ мавқеда бўлиш босими остида ишламоқда.

"Одамлар у ва Владимир Путин ҳақида ёмон хаёлга бормаслиги учун Трамп шундай ишлашга мажбур. Яқинда Украинага қурол сотишга рухсат берилди. Украина босиб олинаётганда ва у ерда уруш давом этаётганда Обама маъмурияти қурол савдосини узоқ йиллардан бери тўхтатиб келаётган эди. Бу жуда кучли қадам", - дейди таҳлилчи Жеймс Кирчик.

Дональд Трампнинг иккинчи йили ҳам биринчисидан кўп фарқ қилмаслиги кутилмоқда. Роберт Мюллернинг Россия тергови давом этади. "Форбес" журнали томонидан дунёнинг Трампдан ҳам қудратлироқ шахс деб топилган Владимир Путин билан тўқнашувлар эса янада кучайиши мумкин.

XS
SM
MD
LG