Линклар

Шошилинч хабар
30 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:29

Президент портали сайти 1 февралда тўлиқ ишламади


Президент Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига ариза йўллаган ўзбекистонликларнинг Озодликка айтишича, 1 февраль куни портал сайтида носозликлар кузатилган.

Жўнатилган ариза рақамини сайтга киритиб, ариза натижасини билмоқчи бўлганлар хатолик борлиги ҳақидаги жавобни олишди.

Сайтдаги носозликлар шу куни портал сайтининг янгиланиб, тест режимида ишлагани билан изоҳланди.

ЎзА маълумотига кўра, 1 февраль куни президент портали pm.gov.uz интернет манзилида тест режимида ишга туширилган.

Агентликка кўра, янгиланган сайтда ҳар бир фойдаланувчига шахсий кабинет очиш, кўп бериладиган саволларга батафсил жавоб олиш имкони яратилган.

2016 йилнинг сентябрь ойида ташкил қилинган президент виртуал қабулхонаси орқали эндиликда аҳолига онлайн маслаҳат бериш тартиби ҳам жорий қилинади. 15 февралдан ишга туширилиши режаланган “Онлайн маслаҳатчи” хизмати виртуал қабулхона орқали савол юбориб, онлайн режимда юридик маълумотга эга бўлган мутахассислардан тезкор ҳуқуқий маслаҳат олиш имкониятини бериши ваъда қилинаяпти.

Шавкат Мирзиëев муваққат президент пайти - 2016 йилнинг 24 сентябрь куни ҳукумат расмий порталида виртуал қабулхона очиб, унга қўрқмасдан шикоят ва аризаларини йўллашни таклиф қилди.

Мирзиëев виртуал қабулхонага қилинадиган ҳар бир мурожаатнинг шахсан ўз назоратида эканини таъкидлади ва ҳокимлар, вазирлик раҳбарлари олдига шикоятларни зудлик билан ҳал қилиш топшириғини қўйди.

Президент портали ташкил қилингач, дастлабки 1,5 йил давомида йўлланган майда шикоятларнинг аксари ечимини топгани кузатилди.

Бироқ кейинги бир йил давомида порталга қилинган шикоятлар эътиборсиз қолаётгани, айрим мулозимлар шикоятчиларга нисбатан тазйиқ қилгани хабар қилинди.

1 февраль куни янгиланган сайтда “Агар Сиз Виртуал қабулхонага мурожаат қилганингиздан сўнг таъқибга дучор бўлсангиз бу ҳақида дарҳол хабар беринг” деган сўзлар ҳам пайдо бўлди.

Айни пайтда порталга йўлларган йирик муаммолар, жумладан, чиқиш визаси, электр ва газ етишмовчилиги каби муаммолар ечимсиз қолмоқда.

Расмий статистикага кўра, айни муаммолар порталга йўлланган шикоятларнинг асосий қисмини ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG