Ўзбекистон Биринчи президенти Ислом Каримовнинг кичик қизи Лола Каримова-Тиллаева 2 февраль куни ўзининг Facebook саҳифасида элчи лавозимини тарк этаётганини маълум қилди.
Лола Каримова-Тиллаеванинг ёзишича, 2 феварль унинг ЮНЕСКОдаги элчи сифатидаги сўнгги кунидир.
“Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонаси 2008-2017 йиллардаги фаолияти мобайнида Наврўз халқ байрами, Катта ашула, ўзбек палови анъаналари, Бойсун маданий мероси, Шашмақом ва Аския ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. 2016 йили дунёдаги энг катта тоғ тизмаларидан бири, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудини қамраб олган Ғарбий Тянь-Шань Бутунжаҳон маданий ва табиий мерос рўйхатига кирилди. 2017 йил декабрь ойида атлас ва адрас тўқиш анъанавий технологияси ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни асраб-авайлаш бўйича илғор тажрибалар рўйхатидан жой олди”, деб ёзди Лола Капримова-Тиллаева ўз фаолиятини баҳолар экан (Муаллиф услуби, орфография ва пунктуацияси ўзгартирилмади-муҳаррир).
Лола Каримова-Тиллаева элчи лавозимини тарк этаётганига қармай, Ўзбекистонда “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси ишини, юрак хасталиклари билан оғриган ўзбекистонлик болаларни француз шифокорлари томонидан даволаниши бўйича дастурларни амалга оширишни давом эттириш мақсадида эканини билдирган.
Лола Каримова-Тиллаева 2017 йилнинг август ойида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси лавозимни тарк этиши ҳақида биринчи марта билдирган эди. Ўшанда 39 яшар Каримова-Тиллаева бундан сўнг асосий вақтини отаси номи берилган хайрия ташкилоти фаолиятига ëрдам беришга сарфлашини айтган.
Сўнгги пайтларда, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида марҳум президент кенжасининг ўзини Лола Каримова-Тиллаева эмас, балки Лола Тиллаева сифатида тадим қилгани кузатилди.
Лола Каримова-Тиллаева ҳозирда Ўзбекистон Гимнастика федерацияси раҳбаридир. Шунингдек, «Sen Yolg’iz Emassan» республика жамоатчилик жамғармасининг васийлар кенгаши раиси, Осиё гимнастика иттифоқининг фахрий президентидир.
Кейинги йилларда у номи Швейцарияда яшовчи пулдорлар рўйхатидан ўрин олган шахс сифатида ҳам бот-бот тилга олинмоқда.
Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова эса¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий баëнотига кўра¸ оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ ҳозирда қамоқда сақланмоқда.