Фарғона ҳуқуқ-тартибот идоралари танасидан 16 та игна топилган фарғоналик 11 ойлик чақалоқ бу игналарни очилмаган қадоғида бус-бутун ютиб юборган, деган фаразларни ўрганмоқда.
Маълум бўлишича, боланинг бувиси дўппи тикиш билан шуғулланади.
Чақалоқ қоғозда тўплам ўраб қўйилган игналарни ютиб юборган бўлиши мумкин, демоқда боланинг яқинлари.
Фарғона ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси ҳам бу фараз ўрганилаётганини айтди.
- Бола қадоқланган игналар тўпламини ютиб юборган бўлиши мумкин, чунки бу ёшда бола қўлига илган нарсани оғзига солади. Лекин, бу бўйича ҳали тергов тугамаган, - деди Фарғона ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи мулозим.
Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган бола жарроҳлик столига ётқизилди, игналардан 13 таси олиб ташланди.
Қолган 3 дона игнани келгуси жарроҳлик амалиётида чиқариб олиш режалаштирилган.
Ҳозир бола оғир кома холатида қолмоқда.
Марказ шифокорининг Озодликка айтишича, пўлат игналар бола танасида 2 ой муқаддам пайдо бўлганлиги аниқланган.
Улар боланинг йўғон ичак қисмида, сийдик қопи, кўкрак қафасида, боланинг бўйин қисмида, умуртқа поғонасида, юрак остида топилган.