Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:23

Россияда ўқиган ўзбек йигити Ўзбекистонга қайтиши учун Мирзиёевдан ёрдам сўради


Бахтиёр Тошпўлотов - минорали кран ҳайдовчиси
Бахтиёр Тошпўлотов - минорали кран ҳайдовчиси

Россияда олий маълумот олган 28 яшар ўзбекистонлик автокранчи Бахтиёр Тошпўлотов Ўзбекистонга қайтиш нияти борлиги, бироқ қайтгач дуч келиши мумкин бўлган муаммолардан чўчиётганини айтади. Бахтиёрга кўра, нострификация муаммоси ва ойлик маошнинг камлиги ўзбек ёшларини хориждан қайтишига тўсиқ бўлмоқда.

"Қайтмоқчимиз, лекин муаммоларни ҳал қилишсин!"

Россиянинг Самара шаҳридан Озодликка уланган 28 яшар сурхандарёлик Бахтиёр Тошпўлотов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг хориждаги ватандошларни қайтаришга оид чақириғидан сўнг Ўзбекистонга қайтиш ва мамлакат равнақига ўз ҳиссасини қўшиш истаги пайдо бўлганини билдирди.

Ўзбек муҳожири Ўзбекистонга қайтиш учун кўмак бериш сўраб президенти Шавкат Мирзиёев номига бир неча маротаба мурожаат қилганини айтади:

- Россияга келганимга 10 йил бўлади яқинда. Демоқчиманки, ўзимизда Ўзбекистонда катта ўзгаришлар бўляпти. Мутахассислигим бўйича порталга ёзганман, аммо у ердан “Раҳмат!”, дейишади, холос. Мен ёзганманки, биз қайтмоқчимиз. Шавкат Миромонович 22 декабридаги нутқларида “Муҳандис, слесарь, кранни кўтариш ва бузиш ишларига мутахассислар керак, ўзимизда йўқ!”, деяпти. “Ҳозир катта уйлар қуролмаяпмиз, чунки башенний кранлардан 110-та сотиб олдик, яна 200-та сотиб олмоқчимиз!”, деди. Мен ўша гапларига қизиқиш билан қарадим, деди суҳбатдош.

Сурхондарёлик қурувчи Бахтиёр Тошпўлотов аввалига Челябинск йўл-қурилиш техникумини тугатиб, катта қурилиш кранлари бўйича мутахассисликни эгаллаган. 2016 йилда у Челябинск Академиясининг “иқтисод ва бошқарув” соҳаси бўйича тамомлаган ва ҳозирда шу Академиянинг магистратурасида ўқимоқда.

Магистратурани битираётган Бахтиёр Ўзбекистонга қайтиш истагида
Магистратурани битираётган Бахтиёр Ўзбекистонга қайтиш истагида

Бахтиёр хорижда, жумладан, Россияда ўқиган ўзбек талабалари диплом олиб, Ўзбекистонга қайтиб боргач дуч келаётган муаммоларни санаб, уларни бартараф қилиш лозимлигини таъкидлайди.

- Икки йилча ишласа ўзимиздан мутахассислар келиб чиқади. Мендан ташқари бу ерда бошқа кўп боллар битириб кетишаяпти. Улардан “Қандай?”, деб сўрасам, болларни нострификация қийнаяпти экан, дипломлари ўтиши қийин бўлаяпти экан. Кейин, ўзимизда ойликлар бозордаги нарх билан ҳисоблаганда тўғри келмайди-да. Кўтарамиз дейишаяпти, тўғри... Менга телефон қилиб “Келинг”, деса, Тошкентга борсам ким кутиб олади, ким ишни ташкиллаштиради – шуни йўлга қўйиш керак. Ёки четда битираётган боллар рўйхатини олиб кетиб, “Бизга мана шу-шу мутахассисликлар керак!”, деб рўйхат қилиб кетиш керак, деди Бахтиёр Тошпўлотов.

Айни пайтда Бахтиёр Россияда ўзи ишлаётган ташкилотнинг малакали мутахассисларини Тошкентга олиб бориш имкони борлиги ва шу йўл орқали Ўзбекистонда кўп қаватли иморатларни қуришга мўлжалланган минорали кран бўйича мутахассис кўпайтиришни тавсия қилди.

- Ҳар ҳолда ниятлар бор – Ўзбекистонга бориб ишлаб кўрамиз! Мен қўлимдан келганини Ватанимиз Ўзбекистонга ёрдамим тегса, ўзимизда ривожланиш бўлса, деган мақсаддамиз, деди Бахтиёр Тошпўлотов.

Б.Тошпўлотов:"Ўзбекистон равнақига ёрдамимиз тегишини хоҳлайман!"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:46 0:00
Бевосита линк

Россияда 24 минг талаба таҳсил олмоқда

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорига биноан, бугунги кунда Ўзбекистонда дунёнинг 500 зиёд илғор олий ўқув юртлари томонидан берилган дипломлар нострификация қилинмайди.

LEX.uz портали хабарича, 2017 йилнинг апрелидан хорижда таълим олган талабалар ўз дипломларини қўшимча имтиҳонларсиз нострификация қилиш имконига эга бўлди.

Аммо, нострификация муаммосига дуч келаётган диплом эгалари Россиядаги саноқсиз тижорат таълим муассасаларини тамомлаётгани маълум.

Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев ўтган йилда ўзбек талабалари умумий сони Россия олийгоҳларида 24 мингдан ошганини хабар қилди.

2017 йилги кўрсаткичларга кўра, биргина Қозон Давлат университетида 1200дан зиёд ўзбекистонлик талаба билим олмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилга қадар Ўзбекистондаги олийгоҳлар талабалари сони 18 фоизга кўпайтириш режаланганини билдирди.

Расмий маълумотларга биноан, Ўзбекистоннинг 38% аҳолиси (12 миллиондан кўпроқ) 10дан 30гача бўлган ёшлардир. Ҳозирча улардан атиги 0,5 фоизигина (~63 минг талаба) Ўзбекистон ичкарисидаги олий ўқув юртларда таълим олиш имконига эга.

XS
SM
MD
LG