Қозоғистоннинг Мангистау вилоятида автомобиль ҳалокати оқибатида Ўзбекистоннинг 6 нафар фуқароси ҳалок бўлди.
Ҳалокатда жами 7 киши нобуд бўлди
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра ҳалокат маҳаллий вақт билан соат 6 да юз берган. TengriNews агентлиги эса ҳалокат соат 4:40ларда содир бўлгани билдирмоқда.
Расмий хабарда айтилишича, 1 март куни “Актау-Бейнеу” йўлининг Мангистау вилояти Шетпе қишлоғидан ўтувчи қисмида Shacman русумидаги юк машинаси ва Lada Largus универсал енгил автомашинаси тўқнашиб кетган.
Автотўқнашув оқибатида Lada Largus автомашинасида кетаётган 7 киши воқеа жойида ҳалок бўлган, улардан 6 нафари Ўзбекистон фуқаросидир. Тўқнашувдан сўнг енгил автомашина ёниб кетган.
Айни пайтда ҳалок бўлганларнинг шахси ўрганилмоқда. Қозоғистонда “Йўл ҳаракати қоидасини ва транспорт воситасидан фойдаланиш тартибини бузганлик” моддаси асосида тергов олиб борилмоқда.
Ҳалок бўлганларнинг рўйхати
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги автоҳалокатда ҳалок бўлганларнинг дастлабки рўйхатини эълон қилди. Вазирликнинг билдиришича, рўйхатдаги одамлар ёниб кетган Lada Largus автомашинасинингг йўловчилари бўлгани тахмин қилинаётир.
1. Аллаяров Расулбек Қўзибоевич, 23.02.1981 йил — Хоразм вилояти, Шовот тумани, Гулчи кўчаси 19 уй (автомобиль ҳайдовчиси).
2. Душамов Зокир Қуранбоевич, 11.04.1977 йил — Хоразм вилояти, Шовот тумани, “Тукмангит” МФЙ (йўловчи).
3. Раҳимов Шерзод Сапарбоевич, 12.07.1980 йил — Хоразм вилояти, Шовот тумани,“Гулистон” шаҳарчаси (йўловчи).
4. Бегназаров Мардонбек Хушнуд ўғли, 27.10.1995 йил — Хоразм вилояти, Боғот тумани,“Найман” ҚФЙ (йўловчи).
5. Мадаминов Ғайрат Розматович, 13.10.1985 йил — Хоразм вилояти,Гурлан тумани, Гурлан шаҳарчаси, Махтумқули кўчаси, 34 уй (йўловчи).
6. Болтаев Маҳмуджон Сабуржон ўғли, 21.09.1995 йил— Хоразм вилояти, Янгиариқ тумани, “Остоно” ҚФЙ (йўловчи).
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги воқеа юзасидан қўшимча маълумотларни олишни истаганлар (+998 71) 147−10−50 телефонига қўнғироқ қилиши мумкинлигини билдирди.
Қозоғистонда ўзбекистонликлар ўлган аввалги авариялар
Қозоғистонда сўнгги икки ой ичида бир неча марта ўзбекистонликларни олиб кетаётган автобуслар ҳалокатга учрагани хабар қилинди.
18 январь куни ана шундай ҳодисаларнинг энг даҳшатлиси юз берди. Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Иргиз туманидан ўтувчи "Самара-Чимкент" автомобиль йўлида автобус ёниб кетиши оқибатида 52 ўзбекистонлик нобуд бўлди.
23 январга ўтар кечаси Чимкент-Петроповлоск- Нижневартовск йўналишида йўлга чиққан автобсунинг музлаб бузилиб қолиши оқибатида совуқда қолиб кетган 47 ўзбекистонлик қутқарилди.
26 февраль куни “Самара-Чимкент” йўлининг Ақтўбў вилоятидан ўтувчи қисмида “Краснодар-Чимкент” йўналиши бўйича 25 нафар ўзбекистонликни олиб кетаётган Mercedes автобуси ағдарилиб кетган эди. Воқеада 7 ўзбекистонлик жароҳатланган.