Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:10

Мирзиёев келишига кўча тозалашга олиб чиқилган 23 яшар ўқитувчини машина босиб кетди


Каттақўрғон туманида бюджет ташкилоти ишчилари автомагистрал йўл тўсиқларини оқлаяпти
Каттақўрғон туманида бюджет ташкилоти ишчилари автомагистрал йўл тўсиқларини оқлаяпти

Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туманидаги мактаб ўқитувчиси, 23 ёшли Диана Еникеева мажбурий меҳнат қурбони бўлди. Бу ҳақда Озодликка хабар қилган ўқитувчиларга кўра, улар президент келишига кўчаларни супириб-тозалашга мажбуран чиқарилган. Катта магистрал йўл четини тозалаётган ўқитувчини юк машинаси уриб юборган. Расмийлар бу воқеани изоҳлашдан ўзларини олиб қочмоқда.

Мирзиёев келишига кўча тозалашга олиб чиқилган 23 яшар ўқитувчини машина босиб кетди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:27 0:00
Бевосита линк

Каттақўрғон туман марказидаги 42- умумтаълим мактабининг меҳнат ўқитувчиси Диана Еникеевани 14 март куни Сув омбори қишлоғидан ўтувчи автомобиль йўлини тозалашга олиб чиқилган пайтда КамАЗ юк машинаси уриб юборган.

Бу ҳақда исми сир қолиш шарти билан Озодликка хабар берган ўқитувчилардан бирининг айтишича, оғир тан жароҳати олган Диананинг жони касалхонада узилган:

“Воқеа гувоҳи бўлган ҳамкасбимнинг айтишича, ўқитувчилар йўл четини тозалаш ишлари билан машғул бўлган. Дианани катта тезликда келаётган юк машинаси уриб юборган. Дарҳол бир машинага юклаб, касалхонага олиб боришган. Лекин борганда унинг жони узилиб бўлган экан”, деди ўқитувчи.

Суҳбатдош ўқитувчиларнинг кўча тозалашга мажбурлангани акс этган бир қанча фотосуратларни Озодликка тақдим этди:

Каттақўрғон туманида бюджет ташкилоти ишчилари автомагирстрал йўл четини тозалаяпти
Каттақўрғон туманида бюджет ташкилоти ишчилари автомагирстрал йўл четини тозалаяпти

Каттақўрғон туман 42- умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Диана Еникееванинг йўл-транспорт фалокатида ҳалок бўлганини туман ички ишлар бўлими мулозими ҳам тасдиқлади.

Диана Еникееванинг онаси Оксана Еникееванинг Озодлик радиосига айтишича, унинг қизини дарс ўтаётган жойидан кўча супиришга ҳайдашган:

"Қизим дарсдан қайтиб келиб, кийимини алмаштирди ва уларни кўча тозалашга мажбурлашаётганини айтиб кетди. 42-мактабдан ўн нафар ўқитувчи президентнинг келишига трассани тозалашга мажбуран чиқарилган экан. Қизим билан бирга бўлган ўқитувчиларнинг айтишларича, улар машиналар ғизиллаб ўтиб турган трассада ишлашган. Ҳеч қандай огоҳлантирувчи белгилар қўйилмаган, ҳатто ГАИ инспекторлари ҳам бўлмаган. Бордюрни супириб турган қизимни ўтаётган КамАЗлардан бири уриб юборган. Наҳотки, президентга яхши кўриниш учун қайнаб ётган йўлнинг ўртасига ҳимоясиз ўқитувчиларни олиб чиқиб ишлатишса. Мен буни шундай қўймайман, президентгача бораман!", дейди Оксана Еникеева.

Онанинг айтишича, қизи вафотидан кеийн туман ҳокимлигидан унга уч миллион сўм пул олиб келишган:

"Менинг болам учун уч миллион сўм таклиф қилишди. Мен ёлғиз фарзандимни сотиш учун туғмагандим. Унинг ўрнини пул билан тўлдириб бўладими. Ўқитувчини ўз ишидан бошқа ишга мажбур қилган ва қизим ўлимига бевосита сабабчи бўлган ҳоким ва халқ таълими бўлими жавоб берсин", дейди марҳума ўқитувчи онаси.

Оксана Еникееванинг айтишича, қизи турмушга чиққан ва унинг икки яшар боласи етим қолган.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир мактаб ўқитувчиси ҳам, улар дарсларни қолдириб, бир неча кундан буён кўча тозалашга мажбурланаётганини айтди:

“Каттақўрғонда сув омбори бор. Президентимиз ўтган йили ҳам ўша ерга келган эди. Сув омборида Индонезия, Малайзия билан ҳамкорликда балиқ кўпайтириляпти. Бу йил ҳам президент шу жойни келиб кўради экан деб, сув омборига олиб бориладиган автомобиль йўлининг икки чети тозаланиши ҳақида ҳокимият топшириқ берган. Бюджетдан маош олиб ишлайдиган ташкилотлар, жумладан, ўқитувчилар ҳам бу ишга сафарбар этилган. Ҳар куни ҳар бир мактабдан 10-15 нафар ўқитувчи дарси бор-йўқлигидан қатъий назар, кўча тозалашга сафарбар этиляпти”, дейди ўқитувчи.

Каттақўрғон туманида бюджет ташкилоти ишчилари автомагирстрал йўл четларини тозалашга сафарбар этиляпти
Каттақўрғон туманида бюджет ташкилоти ишчилари автомагирстрал йўл четларини тозалашга сафарбар этиляпти

Унинг айтишича, катта йўлда кўча тозалаш ҳашарчилар учун хавфли бўлса ҳам туман ҳокими ва халқ таълими бўлими мудири ҳаммани бунга мажбурлаяпти:

“Ўқитувчиларни катта автомобиль йўлларига ҳам олиб чиқишяпти. Икки тарафда катта тезликда ғизиллаб машиналар ўтиб ётган бўлса ҳам йўл ўртасидаги тўсиқларни оқлатяпти. Аслида, бу ишларни техника хавфсизлигидан дарс олган, махсус сариқ кийимли ишчилар қилиши керак. Лекин, бу раҳбарларга фарқи йўқ, одамларнинг жони ҳисобига бўлса ҳам президентга кўчаларни ялтираган қилиб кўрсатиши керак”, деди ўқитувчи.

Ўқитувчи Диана Еникееванинг кўча тозалаш пайтида автомобиль уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлганини рад қилмаган Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими мудири Алишер Жуманиёзов, Озодликнинг саволларига жавоб беришдан бош тортиб:

“Ҳеч ким мажбуран олиб чиқилмаган”, дедию алоқани узди.

Мудир Озодликнинг бошқа қўнғироқларига жавоб бермади.

Каттақўрғон туман ҳокимидан бу воқеага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келганидан кейин ҳам у бориши эҳтимоли бўлган жойлардаги ободонлаштириш ишларига ўқитувчи ва тиббиёт ходимларини мажбуран жалб қилиш давом этяпти.

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг ўз иши қолиб ободонлаштириш ва дала ишларига мажбуран жалб қилинаётгани ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган эди.

Ўтган йили пахта мавсумида Андижон, Фарғона, Наманган вилоят ҳокимлари ҳам пахта мавсумида ўқитувчиларни теримга чиқармаслик ҳақида ваъда берган бўлса-да, лекин тез орада бу ваъдаларини бузган ва ўқитувчилар пахта тергани жўнатилган эди.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг йил давомида ободончилик ишларига ҳам жалб қилинаётгани кузатилади.

XS
SM
MD
LG