Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:30

Скрипал иши: Москва ҳам 23 британ дипломатини бадарға қилмоқчи


Россия 23 британ дипломатини мамлакатдан чиқариб юборади.

Россия ташқи ишлар вазирлиги бу амал Британиянинг айни сондаги рус дипломатларини бадарға қилишига жавоб эканини билдирди.

Британ дипломатларидан бир ҳафта ичида мамлакатни тарк этишлари керак.

Бундан ташқари Британиянинг Санкт-Петербургдаги консулхонаси ҳамда Россиядаги "Британия кенгаши" ташкилоти фаолияти тугатилади.

Чоршанба куни Буюк Британия ўз ҳудудидан Россиянинг 23 дипломатини чиқариб юборишини билдирган.

Бу ҳақда Британия бош вазири Тереза Мэй баёнот қилганди.

Бош вазирга кўра, шунингдек, Британия расмийлари Россияда ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатига бормайди, Лондон Москва билан олий даражадаги алоқаларини чеклайди.

Расмий Лондон Кремлни Британия ҳудудида Россия разведкасининг собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Совуқ уруш даврида ишлаб чиқилган нервни фалаж қилувчи газ билан заҳарланишини сешанба тунги соат 12:00 гача изоҳлашни талаб қилган эди.

Хусусан, Мэй Москвадан Совет Иттифоқида ўтган асрнинг 80-йилларида ишлаб чиқарилган нервни фалаж қилувчи газ Британияга қандай келиб қолганини тушунтириб беришни талаб қилган.

"Қабул қилиб бўлмас бу инцидентдан кейин биз алоқаларимизни шу пайтгача бўлган даражада қолдира олмаймиз. Шунинг учун биз олий даражадаги барча икки томонлама алоқаларимизни тўхтатиб турамиз, шунингдек, ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Буюк Британияга келишига доир таклифимизни қайтариб оламиз”, деди Мэй 14 май кунги чиқишида.

Бош вазирга кўра, Вена конвенциясига биноан Британия эълон қилинмаган разведкачи эканлиги аниқланган россиялик 23 дипломатни мамлакатдан бадарға қилади. Уларга Британияни тарк этишлари учун бир ҳафталик муҳлат берилади. Мэйга кўра, бу сўнгги 30 ичида россиялик дипломатларнинг энг катта кўламли бадарға қилинишидир ва бу ҳолат Россия разведкасининг Британиядаги имкониятларини жиддий чеклайди.

“Биз Россия активларини, улар Буюк Британия фуқаролари ва бошқа аҳолиси моли ва жонига қарши ишлатилганига далил бўлган тақдирда музлатамиз”, деди Тереза Мэй.

Аввалроқ бош вазир Мэй Скрипаль ва унинг қизи заҳарланиши ортида Россия тургани «эҳтимоли жуда катта» эканини билдирган эди. Бу масалада АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда НАТО Мэйни қўлламоқда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Скрипаль ва унинг қизига қарши суиқасд ортида Россия турганини инкор қилган.

XS
SM
MD
LG