Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:31

Эрдўғон қирғиз ҳамкасбини гуланчиларга қарши курашга чақирди


Туркия президенти Эрдўғон (чапда) Анқарада қирғиз ҳамкасби Сўўрўнбай Жээнбековни кутиб олмоқда.
Туркия президенти Эрдўғон (чапда) Анқарада қирғиз ҳамкасби Сўўрўнбай Жээнбековни кутиб олмоқда.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон Анқарага давлат ташрифи билан борган Қирғизистон раҳбари Сўўрўнбай Жээнбековни Бишкекдан бошпана топган гуланчиларга қарши курашга чақирди.

Эрдўғон қирғиз ҳамкасбини гуланчиларга қарши курашга чақирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:04 0:00

Бундан икки йил аввал Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбаев Фатҳулло Гулан тарафдорларини мамлакатдан бадарға қилишга рози бўлмагани ортидан Анқара ва Бишкек муносабатларига совуқчилик оралаган эди.

Режаб Тоййип Эрдўғон Сўўрўнбай Жээнбеков билан учрашганидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида:

-Гуланчилар бизда қилган ишини эртага Қирғизистонда ҳам амалга оширади. Юзма-юз ва делегациялар ўртасидаги учрашувларда ҳам биз мана шу масалани кун тартибига қўйдик. Бу ташкилот Туркия учун қанчалик хавфли бўлса, Қирғизистон учун ҳам шунчалик қўрқинчлидир. Бу ташкилот раҳбарларини қаерда бўлмасин қўлга олиш ва томирини юлиб ташлаш, президент сифатидаги мажбуриятимиздир,- деди Эрдўғон.

Сўўрўнбай Жээнбеков ҳамкасбининг бу чақириға расман жавоб бермади ва ўз позициясини ҳам ошкор этмади. Қирғиз президенти журналистлар эътиборини бошқа мавзуга қаратди:

-Бугун биз икки томонга ҳам ўта манфаатли бўлган ҳужжатларни имзоладик. Улардан энг тарихийси Қирғизистон ва Туркия ўртасида ўзаро ижтимоий ҳимоя шартномаси бўлди. Бу шартномага асосан икки давлатда меҳнат қилаётган фуқароларимиз бир вақтнинг ўзида ҳам Қирғизистон, ҳам Туркия пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлди,-деди Жээнбеков.

Қирғизистон президентининг жорий ташрифидан ҳар икки томон 2 йил аввал совуқлашган муносабатлар илиқлаша бошлашини кутмоқда. Қирғизистонлик сиёсатчи Равшан Жээнбековага кўра, илиқлашув қирғиз президенти Эрдўғоннинг гуланчилар билан боғлиқ чақириғига қандай муносабат билдиришига боғлиқ бўлади.

-Агар бу чақириқ биз томонимиздан қабул қилинадиган бўлса, унда Қирғизистон ички сиёсатида президентнинг обрўсига жиддий путр етади, -деди Равшан Жээнбеков.

Сиёсатшунослик фанлари доктори Ўрўзбек Молдалиев эса:

-Туркия бизга гуланчилар билан боғлиқ қатор катта-катта савдо марказлари, нодавлат ташкилотлари, таълим масканларидан иборат рўйхатни тақдим этган. Қирғизистон бу масалага жиддий эътибор қаратиши лозим. Чунки бу хавфсизлик масаласидир, -деб фикр билдирди.

Туркия ҳукумати 1999 йилдан бери АҚШда яшаётган Фатҳуллоҳ Гуланни 2016 йилнинг 15 июлида муваффақиятсиз тугаган давлат тўнтаришини уюштирганликда айблаб келади.

Тўнтариш урунишидан бери Туркия ҳукумати Гуланга ёки террор гуруҳларига алоқадорликда айблаб, жами 110 мингдан ошиқ одамни ишдан ҳайдади ёки вақтинча четлатди, 50 мингга яқин одамни қамади.

Гулан ўзига билдирилаётган айбловларни рад этиб келади.

Қирғизистон президенти икки кунлик давлат ташрифи билан 9 апрель куни Анқарага борган эди. Жээнбековнинг ташрифи 10 апрель куни ҳам давом этади.

XS
SM
MD
LG