Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:25

Спиртли ичимликлар ДНКни бузиб, саратонга чалиниш эҳтимолини оширади


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Олимлар спиртли ичимликлар ДНКга қандай зиён келтиришини илдиз ҳужайралар устида тажриба ўтказиш орқали кўрсатиб берди.

Натижалари Nature журналида чоп этилган тадқиқот муаллифларидан бири профессор Кетан Пател:

- Айрим шикастлар тасодифан содир бўлса-да, изланишларимиз натижалари спиртли ичимлик ичиш бундай шикастлар хавфини оширишини кўрсатди, - деди.

Бундан аввал ўтказилган тадқиқотлар асосан сунъий шароитда ўтказилган. Аммо янги тадқиқот муаллифлари сичқонлар ёрдамида алкоголь доимий шикаст етказишини кўрсатиб беришди.

Кембридж молекуляр биология лабораторияси олимлари сичқонларга этанол берган. Бунинг ортидан организм алкоголни ҳазм қилганида ажраладиган ацетальдегид моддаси сичқонлар хромосомалари ва ДНКсига қандай зиён кўрсатиши ўрганилган.

Тадқиқот давомида ацетальдегид қон илдиз ҳужайралари ДНКсига зиён келтириши аниқланган. Бу эса хромосомалар ўрни алмашиб қолиши ҳамда ДНК кетма-кетлигининг бир умрга ўзгаришига олиб келади.

Илдиз ҳужайраларнинг ДНКси қандай шикастланишини аниқлаш жуда муҳим, чунки соғлом ҳужайралар структураси бузилса, улар саратонга туртки бўлиши мумкин.

Тадқиқот натижалари спиртли ичимлик ичиш саратоннинг етти турини, жумладан, кўкрак бези ҳамда ичак саратонларига чалиниш эҳтимолини оширишини кўрсатди.

Тадқиқот муаллифлари, шунингдек, спиртли ичимлик сабаб бўладиган шикастларга организм қандай жавоб қайтаришини ўрганган. Уларнинг айтишича, организм шикастларни икки йўл билан бартараф этишга уринади.

Биринчи ҳимоя механизми альдегиддегидрогеназа деб аталувчи ферментларга таянади. Бу ферментлар ацетальдегидни ацетатга парчалайди. Организм ўз навбатида ацетатдан энергия манбаи ўлароқ фойдалана олади. Аммо миллионлаб одамда бу ферментлар ёки йўқ, ёки шикастланган ҳолда учрайди.

Организмнинг иккинчи ҳимоя механизми эса шикастланган ДНКларни қайта тиклашга курашишдир. Аммо организм ҳар доим ҳам шикастланган ҳужайраларни тўлиқ тузата олмайди.

Тадқиқотни Cancer Research UK, Wellcome ҳамда Medical Research Council ташкилотлари молиялаштирган.

XS
SM
MD
LG