Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:24

LIVE BLOG: Президентлар Хоразмда концерт томоша қилди


Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистонга икки кунлик давлат ташрифини давом эттирмоқда.

Кейинги бир ой мобайнида Тошкент ва Хоразмда туркман президенти ташрифига катта тайёргарлик кўрилди.

Ушбу жонли блог орқали Бердимуҳаммедов ташрифига оид тафсилотларни биргаликда кузатамиз.

Мавзуга оид маълумотларни Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755 орқали йўллашингиз мумкин. Фото ва видео тасвирларни илова қилишни унутманг!

Ўзбек-туркман санъат усталари концерти

Хоразм драма театрида Гурбангули Бердимуҳамедов ташрифи шарафига катта концерт берилди.

Мирзиёев матбуот хизматининг хабар қилишича, унда Ўзбекистон ва Туркманистон санъат усталари иштирок этган.

Бердимуҳамедов “Ичан қалъа”ни томоша қилди

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган “Ичан қалъа”га борди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, бу ерда президентлар Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Шерғозихон мадрасаси, Нуриллабой тарихий мажмуасини томоша қилган.

Нуриллабой тарихий мажмуаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 майдаги қарорига мувофиқ қайта таъмирдан чиқарилди. Мажмуада бадиий галерея, қабуллар уйи, амфитеатр, ҳунармандлар маркази, миллий ошхона барпо этилган.

"Ичан қалъа"да ҳам президентлар ташрифи шарафига куй-қўшиқлар ижро этилди, маданий дастурлар ташкил қилинди.

Тошкентда талабалар ортга қайтарилди

Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали боғланаётган талабалар 24 апрель куни тонгда Тошкентдан Хоразмга жўнаб кетган президент Гурбангули Бердимуҳамедовни кузатиш маросимидан қайтарилганини ёзмоқда.

23 апрель куни ижтимоий тармоқларда Туркман президентини кутиб олишга минглаб одам, асосан, талабалар ва коллеж ўқувчилари чиқарилгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Тошкентда Архитектура ва қурилиш институти талабаларидан бирининг ёзишича, авалига уларга тонгги соат 7:30дан ўзбек-туркман байроқларини кўтариб, кўчага чиқиш тайинланган эди.

"Сабаби нима эканини билмайман, лекин кейин талабалар кузатгани чиқмасин дейишди", деб ёзди талабалардан бири.

Тошкентдаги тиббиёт билим юртларидан бирининг талабаси ҳам эрталаб соат 7:30да кўчага чиққани, аммо сал сўнгра ортга қайтарилгани ҳақида ёзди.

"Бизни соат 7:30 чақиришди. Лекин 8:00 яқин бизни қайтариб юборишди. Дарсга бордик", деб ёзди исмини ошкор қилмаётганимиз талаба.

23 апрель куни Тошкентдан олинган маълумотга кўра, кўчаларга олиб чиқилган талабалар 2,5 соат тик оёқда туришга мажбурланган эди:

"Талабаларга соат 15:30да келинг дейишган. Лекин президент кутилганидан кеч келган яъни соат 18:00да келган. Талабалар 2,5 соат тик оёқда туришган. Нимага керак бундай показуха. Ҳеч ким ўз хоҳишига кўра чиқмаган. Институт, лицей ва коллежлар мулозимлари барчани чиқишга мажбурлашган. Чиқмаганларни сессияга қўймаслик ва ҳатто ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилишган", деган эди тошкентлик талаба.

Хива хонлиги туркманларга қурган "Улли ҳовли"

Президент матбуот хизмати, президентлар Урганч туманидаги "Улли ҳовли" тарихий обидасига борганини хабар қилди.

Бу мажмуа Хива хонлиги томонидан 17 асрда қурилган ва унда "қадимий ҳовлилар, туркман маданиятига оид осори-атиқалар, уларни ўраб турган қўрғон сақланиб қолган".

Бу мажмуа президент Мирзиёев ташаббуси билан Бердимуҳамедов сафари арафасида қайта таъмирланди ва обод қилинди. Расмий хабарда айтилишича, мажмуда йигирма ўринли мехмонхона қурилган.

Мажмуада президентларни ўзбек ва туркман миллий либосларини кийган болалар қарши олди.

Мажмуада президентлар шарафига миллий куй-қўшиқлардан тузилган концерт дастури қўйилган.

Орқадоғ шарафига янгиланган аэропорт

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Бердимуҳамедов ташрифи арафасида безатилган Урганч халқаро аэропорти видеосини улашмоқда.

Ғойбу қишлоғида дўстлик уйи очилди

Урганч туманининг аҳолиси аксар қисми туркман бўлган Ғойбу қишлоғида президент Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбек-туркман дўстлик уйи қурилди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, 24 апрель куни вилоятга борган икки давлат президентлари дўстлик уйининг очилиш маросимида қатнашган.

Дўстлик уйи қаршисига ўрнатилган Махтумқули Фироғий ҳайкали ҳам шу куни очилди, президентлар ҳайкал пойига гуллар қўйди.

Икки президент дўстлик уйининг илк олий мартабали зиёратчилари бўлди.

Ёмғир остида Орқадоғни кутганлар

24 апрель куни Хоразмда қисқа муддат ёмғир ёғди.

Озодликнинг Урганчдаги муштарийлари ёмғир остида президентларни кутаётган ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг расмларини йўллади.

Озодликка келаётган хабарларга кўра, Урганч туманидаги мактаб ўқувчилари ва аксар ўқув юртлари талабалари Бердимуҳамедовни кутиб олиш учун эрталаб соат 9 дан кўчага чиқарилган.

Мирзиёев ва Бердимуҳамедовлар Урганчда

Президент Шавкат Мирзиёев 24 апрель куни Урганч халқаро аэропортида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовни қарши олди.

Президент матбуот хизмати Хоразмда қўшни давлат президенти ташрифига катта тайёргарлик кўрилгани, Бердимуҳамедовни кутиб олиш учун "аэрорпорт ва кўчаларга минглаб одам" чиқарилганини алоҳида қайд этди.

Расмий хабарда айтилишича, президентлар биргаликда Урганчдаги “Улли ҳовли”, Хивадаги “Ичан қалъа” ва Нуриллабой тарихий мажмуаларни бориб кўради.

Хоразм вилояти драма театрида эса Ўзбекистон – Туркманистон санъат усталарининг концерт дастурини тамоша қилишади.

Янгиланган Урганчнинг тунги қиёфаси

Урганч шаҳрига кириб-чиқиш ёпилди

Президент Гурбангули Бердимуҳамамедовнинг 24 апрель куни Хоразмга ташрифи муносабати билан Урганч шаҳрига кириб- чиқиш ёпиб қўйилди. Бу ҳақда Озодликка хабар қилган хоразмлик йигитга кўра, у машинаси билан Урганчга кира олмай қайтиб келган:

"Бугун машинада Урганчга боргандим. Шаҳарга кириш йўлларини ёпиб қўйишган. Кира олмай қайтиб келдим", деди Кўшкўпир туманида яшовчи йигит.

Ҳонқа туманида яшовчи аёлнинг Озодликка айтишича, Урганч шаҳрида ўқийдиган қизи йўллар ёпилгани боис икки кундан бери уйига кела олмаяпти.

"Қизим ўқишга уйдан қатнаб ўқирди. Президент келишига йўллар ёпилгани учун Урганчда битта курсдошининг уйида қолаяпти. Икки кундан бери уйга келмади. Фақат телефонлашиб турибмиз. Қизим коллежда ўқийди. Бугун куни билан кўчада президентни келишига туришар экан. Энди эртага келса, керак уйга", деди ҳонқалик аёл.

Талабалар кўчада 12 соат туради

Хоразмлик талабалардан олинган маълумотга кўра, 24 апрель куни эрталаб соат 9дан кечки 9гача кўчада туришга мажбур қолишмоқда.

"Ўзи ҳар куни чиқиб репетиция қилаётгандик. Бугун эрталабдан кечгача кўчада турарканмиз. Эрталаб соат 9дан келдик. Кечки 9гача турасизлар дейишди. Обед қилиб беришади дейишди. Ҳозир кўчада турибмиз. Президентларни кутаяпмиз", деди урганчлик талаба қиз.

Ташриф арафасида бир хилда кийинтирилганлар

Туркман президенти ташрифига Хоразмдаги қатор ўқув юртлари талаба ва ўқитувчи аёл-қизларига бир хил кийим кийиш буюрилди.

"Ҳар бир мактабдан 14 ўқитувчи ҳар куни Урганчга қатнаяпти. Вилоятдаги деярли барча мактаблардан 14 ўқитувчи. Эркаклар қора костюм-шимда, аёллар қора юбка, оқ кўйлак ва адрасдан нимча кийиши айтилди. Биз ҳамма аёллар адрас олиб, нимча тикдирдик", деди Янгибозор туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси.

Урганч ва Хивадаги коллеж ўқувчилари ва олийгоҳлар талабалари ҳам Бердимуҳаммедов ташрифига махсус кийимда чиқиши тайинланган:

"Бизларнинг коллеждаги қизлар ҳаммаси адрасдан нимча кийишди. Ҳар куни репетицияга борамиз. Бугун ҳам кўчадамиз. Бир ҳафдадан ошди, умуман ўқимаяпмиз. Кўчада қўлимизда байроқ билан турамиз. Туркман президенти юрадиган кўчаларининг икки четида фақат репетицияда қатнашаётган одамларгина тураркан. Бошқа одамларга рухсат йўқ деб айтишди", деди Урганчдаги коллежлардан бирининг талабаси.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов 24 апрель куни Хоразмга ташриф буюриб Урганч туманидаги «Улли ҳовли» ёдгорлиги, Хивадаги «Ичан қалъа» мажмуасига боради ва бошқа маданий тадбирларда иштирок этади.

Президентлар Тошкентда "Ашхобод" сайилгоҳини тантанали очиб бердилар

Тошкентда 23 апрель куни Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари иштирокида “Ашхобод” сайилгоҳи тантанали очилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, Махтумқули кўчасида барпо этилган мазкур парк 10 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган. Сайилгоҳга Туркманистоннинг рамзи бўлган ахалтеки отларининг ҳайкаллари ўрнатилган. Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов сайилгоҳга дарахт кўчатлари ўтқазди.

Сайилгоҳни кўздан кечирган Туркманистон президенти ўзини Ашхободда юргандай ҳис қилганини айтди.

Шунингдек, президентлар 2017 йил май ойида ўзбек ва туркман халқлари дўстлиги шарафига Махтумқули номи берилган кўчадаги шоир ёдгорлиги пойига гуллар қўйди.

Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонидаги Мустақиллик ва эзгулик монументи ва биринчи президент Ислом Каримов ҳайкали пойига ҳам гул қўйди.

"Талабалар 2,5 соат тик оёқда туришди"

23 апрель куни кечқурин президентлар Тошкент шаҳридаги Маҳтумқули кўчасига боришди ва Ашхабод боғининг очилиш тадбирида иштирок этишди.

Тошкентдан олинган маълумотга кўра, боғнинг атрофидаги кўчаларга олиб чиқилган талабалар 2,5 соат тик оёқда туришга мажбурланган:

"Талабаларга соат 15:30да келинг дейишган. Лекин президент кутилганидан кеч келган яъни соат 18:00да келган. Талабалар 2,5 соат тик оёқда туришган. Нимага керак бундай показуха. Ҳеч ким ўз хоҳишига кўра чиқмаган. Институт, лицей ва коллежлар мулозимлари барчани чиқишга мажбурлашган. Чиқмаганларни сессияга қўймаслик ва ҳатто ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилишган", дейди тошкентлик талаба.

Талабалар Туркманистон президентини кутиб олиш учун кўчага чиқарилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:02 0:00

​Мирзиёев: Бир йилда 3 марта Туркманистонда бўлдим

Икки давлат расмийлари ўртасидаги музокаралар якунлангач, Мирзиёев ва Бердимуҳаммедов оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди.

Учрашув бошида сўзлаган Мирзиёев 2017 йилда 3 марта Туркманистонга боргани ва икки давлат ўртасида ҳал этилмаган бирор масала қолмагани ҳақида гапирди.

Мирзиёев Туркманистоннинг ТАПҲ (Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон) газ қувури қурилишида Ўзбекистон ҳам иштирок этишини маълум қилди.

Учрашув арафасида Бердимуҳаммедов Мирзиёевдан ТАПҲ лойиҳаси учун маънавий қўллов ва моддий ёрдам сўрамоқчи экани хабар қилинган эди.

Бердимуҳаммедов Тошкентда ўтган музокаралар натижасидан мамнун эканини айтиб, Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди.

Журналистлар билан учрашув жонли равишда ёритилди. Учрашув пайти Мирзиёев ва Бердимуҳаммедов нутқ сўзлади. Бироқ учрашув охирида журналистлар билан савол-жавоб ўтказилмади.

Президент ташрифига йўл белгилари янгиланди

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, президент Бердимуҳаммедов борадиган жойларда ҳатто йўл белгилари янгидан бўяб чиқилган:

"Йўл белгилари янги бўлсин, ялтираб турсин дейишган бўлса, керак туркман президенти келадиган кун эрталаб бўяб чиқишди" дея тошкентлик қиз воқеа жойидан фотоларни Озодликка йўллади.

Ўзбек-туркман чегараси муаммоси

Озодлик радиоси Ўзбек-туркман чегараси 2013 йилнинг август ойи ўрталаридан бери ëпиқ қолаётгани ҳақида хабар берган эди.

Чегара олди ҳудудида яшовчи икки давлат аҳолисининг уч кунга визасиз ўтиб-қайтишига оид Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги келишув ижроси ҳам ўшандан бери тўхтатилган.

23 апрель кунги музокаралар пайти чегара муаммолари тилга олингани ёки олинмагани ҳақида ҳозирча бирор маълумот йўқ.

Ўзбек-туркман чегараси
Ўзбек-туркман чегараси

Мирзиёев: Товар айирбошлаш 55 %га ошди

Тошкентда ўтаётган ўзбек-туркман музокаралари пайти гапирган президент Мирзиёев икки давлат ўртасида савдо алоқалари ривожланаётганини таъкидлади:

«Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 55 фоиз ўсди. Бу ўтган йилги келишувларимиз натижасидир. Бу суръатни сақлаб қолиш ва янада ошириш муҳим», деди Шавкат Мирзиёев.

«Жаҳон» агентлиги хабарига кўра, икки мамлакат бозорида товар ишлаб чиқарувчилар учун қулай шароитлар яратиш, саноат корхоналари кооперациясини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 2020 йилга бориб товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларгача етказиш учун барча имкониятлар борлиги қайд этилган.

Музокаралар пайти транспорт ва транзит соҳасида ҳамкорлик қилиш, қишлоқ хўжалиги машиналари, автомобиллар ва электр техникаси маҳсулотларини ҳамкорликда ишлаб чиқариш, нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш, чегараолди ҳудудлар ўртасида савдо-сотиқни кенгайтириш, хизматлар кўрсатиш ва бошқа масалалар бўйича ўзаро манфаатли келишувларга эришилган.

Музокаралар бошланди

Бердимуҳаммедов ташрифининг илк кунида Тошкентдаги Кўксарой қароргоҳида икки давлат президентларининг музокаралари бошланди.

"Жаҳон" агентлиги хабарига кўра, музокаралар якуни бўйича икки давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниб, турли соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган кўплаб ҳужжатлар имзоланиши режаланган.

Бугун икки президент Тошкент шаҳридаги Ашхобод сайилгоҳининг очилиш маросимида иштирок этиши мўлжалланган.

Эртага эса Хоразм вилоятига ташриф буюриши режалаштирилган.

Дипломатия университети ҳам кўчага ҳайдалди

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаларидан Озодликка жўнатилган хабарда айтилишича, улар 23 апрель куни Туркманистон президентини кутиб олиш учун дарс пайти кўчага чиқишга мажбурланган:

"Бугун Дипломатия университети талабаларини дарс вақтидан мажбурлаб Туркманистон президентини кутиб олишга олиб чиқишди.
Бир-икки кун олдин президент талабаларни мажбурий тадбирларга чиқармаслик ҳақида гапирган эди. Лекин бугунги ҳолат бу гапларга 100% қарши ҳаракат-ку!!!",
дея ёзган талабалар воқеа жойидан фото ва видео тасвирларни Озодликка йўллади.

Дипломатия университети талабалари Туркманистон президентини кутишмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:15 0:00

Талабалар туркман президенти ташрифи боис дарсдан қолаяпти

Тошкент шаҳридаги бир қанча олийгоҳларнинг талабалари Туркманистон президентини кутиб олиш учун кўчага чиқарилди. Талбаларнинг ёзишича, бунинг учун улар дарс машғулотларини қолдиришга мажбур бўлган:

"Талабалар дарсда бўлиш ўрнига Туркманистон президенти кутиб олиш учун кўчага чиқарилаяпти. Талабаларнинг барчаси норози бўлаяпти. Эрталабдан дарс ўрнига, сарғайиб, кўчада президентни кутиш учун чиқишган. Икки давлат байроқларини қўлимизда ушлаб, ҳилпиратиб турар эканмиз", дейилади Тошкентдаги олийгоҳлардан бирининг талабалари номидан Озодликка келган мактубда.

Талабалар Туркманистон президентини кутиш учун кўчага ҳайдалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:57 0:00

Кўксаройдаги учрашув

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Кўксарой қароргоҳида Туркманистон президентини кутиб олди.

"Жаҳон" ахборот агентлигининг хабар беришича, Кўксарой қароргоҳида Мирзиёев Бердимуҳаммедов билан яккама-якка учрашув ўтказиб, туркман ҳамкасбини Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаган.

"Мулоқотда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди", дея хабар қилди "Жаҳон".

Бердимуҳаммедовнинг ташрифи "Ўзбекистон 24" телеканали орқали жонли равишда эфирга узатилди.

Туркман президенти ташрифига тайёргарлик

​Маҳаллий ОАВнинг хабар қилишича, Бердимуҳамедовнинг ташрифига тайёргарлик кўриш мақсадида Тошкент тартибга келтирилди. Жумладан, пойтахтдаги Яшнобод туман маъмурияти раҳбари президентлар кортежи ўтадиган йўллар четидаги барча дўкон, қаҳвахона, бекат ва газета киоскалари бузилиши борасида буйруқ берди. Мирзиёевнинг тақиқларига қарамай, ҳудудларни тозалаш ишларига таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари жалб қилинди.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов 24 апрель куни Хоразмга ташриф буюриб Урганч туманидаги «Улли ҳовли» ёдгорлиги, Хивадаги «Ичан қалъа» мажмуасига боради ва бошқа маданий тадбирларда иштирок этади.

Расмий маълумотларга қарганда, давлат раҳбарлари “Кўксарой” қароргоҳида тор ва кенгайтирилган доирада музокаралар ўтказади. Икки томонлама ҳамкорликка бағишланган ҳужжатлар имзоланади. Шунингдек, президентлар Тошкент шаҳридаги Маҳтумқули кўчасига боришади ва Ашхабод боғини очилиш тадбирида иштирок этишади.

Бердимуҳаммедов газ қувури қурилиши учун Мирзиёевдан ёрдам сўрамоқчи

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, ТАПҲ (Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон) газ қувури қурилишида маънавий қўллов ва моддий ёрдам сўрамоқчи.

Бу ҳақда Азатлық радиоси (“Озодлик” радиосининг туркман хизмати) ҳукуматдаги ўз манбасига таяниб хабар қилди.

Манбанинг хабар қилишича, Тошкентда ўтадиган икки томонлама музокаралар мобайнида Бердимуҳаммедов ўзбекистонлик ҳамкасбидан ТАПҲ қурилиши учун кредит сўрамоқчи ва бу лойиҳани қўллаб-қувватлашини илтимос қилмоқчи.

"Интерфакс" агентлигининг 26 декабрь куни маълум қилишича, Бердимуҳамедов Мирзиёевга мурожаат қилишидан аввал худди шу каби таклиф билан Россиялик ҳамкасби Владимир Путинга мурожаат қилган. Бироқ, Путин бу лойиҳага гумон билан қарашини айтган ва “бу турдаги лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилишини кўриб чиқишимиз керак”, деган.

Туркманистон Давлат Ахборот агентлиги томонидан февраль ойи ўрталарида тарқатилган хабарга қараганда, Бердимуҳамедов, шунингдек, ТАПҲ қурилиш лойиҳасига турк компанияларини жалб қилиш борасида маслаҳатлашувлар олиб бормоқда. Маълумки, газ қувури қурилишига сарфланадиган ҳаражатларнинг 85 фоизини Туркманистон ўз зиммасига олган.

Туркман делегацияси 20 апрель куни Хоразмга келди

Рrotoday нашри хабарига кўра, туркман президенти ташрифи олдидан Туркманистондан келган махсус делегация 20 апрель куни Хоразмга келган.

"Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев, бир қатор маданият ходимлари ва Хоразм вилоятининг хоким ўринбосари билан биргаликда Туркманистон Республикасидан ташриф буюрган делегацияни чегара ҳудудда тантанали кутиб олишди", дея ёзди Рrotoday.

XS
SM
MD
LG