“Орамизда домлалар бор. Уларнинг насиҳатларини эшитиб, гапларига амал қилиб, сўкинишни, бировларнинг дилига озор беришни тўхтатдик. Сабрли ва иймонли бўлишга ўргандик”.
Бу гапни Боткендаги стадионлардан бирида футбол ўйнаётган заргар Асанбек Аманбаев айтди.
Қирғизистоннинг Боткен вилоятида имомлар ёшларга ислом дини асосларини тўғри тушунтириш ва уларни экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолишининг олдини олиш бўйича янгича услубларни қўллай бошлади. Ёшлар билан тил топишиш, уларга ўз амру маъруфларини етказиш мақсадида вилоятдаги имомлар футбол мусобақаларини уюштирмоқда.
Имомлар уюштирувчигина бўлиб қолмай, балки ўзлари ҳам ёшлар билан футбол ўйнамоқда.
- Биз бу ерга келиб, йигитлар билан футбол ўйнаймиз. Бекорчиликдан турли нотўғри йўлларга, жиноятчиликка кириб кетмасликлари учун спорт билан шуғуллантираяпмиз. Шу аснода иймон, инсоф, ота-онага, одамларга ҳурмат кабиларни ҳам ўргатаяпмиз. Аввалари футбол ўйнаганларида бир бирлари билан жанжаллашиб, сўкинишиб кетар эдилар. Ҳозир эса анча мулойим бўлиб қолишган. Бир бирларига ҳурмат билан муносабатда бўлишаяпти, қўқисдан оёқларига тепиб қўйишса, “узр, кечиринг”, деган сўзларни айтишаяпти. Шундай йўллар билан динимизнинг нақадар тоза эканини ўргатаяпмиз, - деди Боткен вилоят қозиси ўринбосари Нуридин Мамасабиров.
Имомларнинг футбол майдонида моҳирлик билан тўп тепиши ва танаффус пайтида дин арконларидан сўзлашлари нафақат ёшларни, балки катталарни ҳам қизиқтириб қўйди. Шунинг учун бундай футбол ўйинларига катта ёшдаги одамлар ҳам кела бошлаган.
- Фақат ёшлар эмас, турли соҳада ишловчи катта ёшдаги одамлар ҳам келишаяпти. Танафус пайтида ёки футболдан кейин имомларимизнинг динимиз ҳақида гапириб бераётган гаплари ҳаммамизни тўғри йўлга бошлаяпти, - деди Боткендаги банклардан бирида ишловчи Манас Назиров.
Боткен вилоят қозиси ўринбосари Нуридин Мамасабиров футбол ўйинларини уютиришдан мақсад нафақат динни тушунтириш, балки ёшларни бошқаларнинг фикрини ҳурмат қилишга, ўзгаларга нисбатан тоқатли бўлишга ўргатиш эканини айтди.
- Футбол ўйинларида ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олмайдиган ёшлар ҳам бор экан, бошқаларнинг устидан ҳукмронлик қилишни истайдиган зўравонлар ҳам бўлар экан. Биз ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олмайдиган ёшларни руҳлантириб, рағбатлантириб, зўравонларни одоб аҳлоққа чақираяпмиз. Бундан мақсад одамлар ўзаро биродар, ўзаро тенг ва бирдам эканини тушунтиришдир. Биз шунга ҳаракат қилаяпмиз. Ёшларнинг ҳам бу масалаларга қизиқиши катта бўлаяпти,- деди Нуридин Мамасабиров.
Қози ўринбосарининг айтишича, ёшларни жиноятчилик ва зарарли оқимларга қўшилиб қолишининг олдини олиш нафақат ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг, балки дин уламоларининг ҳам бурчидир.